Асосий мақсадимиз — самимий ва манфаатли ҳамкорлик

407

 

Яқинда Қирғизистон касаба уюшмалари вакилларидан иборат делегация юртимизда бўлди. Сафар давомида санаторий ва оромгоҳлар фаолияти билан яқиндан танишиб, Тошкент ва Самарқанд шаҳрининг диққатга сазовор жойларида бўлишди. Ушбу ташрифдан кўзланган мақсад ҳамда сафар таассуротлари ҳақида делегация раҳбари, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Жээнбек ОСМОНАЛИЕВ мухбиримизга қуйидагиларни гапириб берди:

— Қардош кўҳна заминга иккинчи бор келишим. Бундан аввал юртингизда ташкил этилган халқаро сайёҳлик кўргазмасида қатнашгандим. Ўшанда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг масъул вакиллари билан кўпроқ туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш, шунингдек, касаба уюшмалари фаолияти ҳақида суҳбатлашган, муҳими, икки мамлакат касаба уюшма фаоллари учун ўзаро танишув сафарларини ташкил қилишга келишиб олгандик.

Ушбу келишув ўз самарасини бераяпти. Жорий йил ноябр ойи бошида Ўзбекистон касаба уюшмалари делегациясининг Қирғизистонга ташрифи  доирасида ўтказилган учрашувлар, санаторийлар фаолияти билан танишув турли жабҳаларда ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишга замин яратди. Энди эса бизнинг делегациямиз юртингизга ташриф буюрди. Илиқ ва самимий муносабатдан бошимиз кўкка етди.

Айниқса, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев бошчилигидаги фаоллар билан бўлиб ўтган мулоқот жуда самарали кечди. Унда ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш йўналишида ўзаро тажриба алмашиш баробарида, туризм, соғломлаштириш ва дам олиш соҳасида ҳам ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлиги қайд этилди. Ҳар икки мамлакат табиат қўйнига, барча шароитга эга санаторийларга ходимларни жалб этиш юзасидан келишувларга эришди. Кенг кўламда фаолият олиб бориш, туризм ва ­соғломлаштириш борасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Меҳнаткашларни соғломлаштириш масаласи касаба уюшмалари фаолиятининг асосий йўналиши бўлгани боис, диёрингиздаги кўплаб сиҳатгоҳлар, дам олиш масканлари ва болалар оромгоҳлари фаолияти билан танишдик. Жумладан, «Турон», «Бўстон», «Оқтош» ва «Чинобод» санаторийлари, Даволаш-профилактика марказида бўлдик. Дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, турли хасталикларга ихтисослашган даволаниш мажмуалари, у ердаги муолажа турлари, тиббий имкониятлар бизда катта таассурот қолдирди.

Шунингдек, «Қуёшли», «Баркамол авлод» ҳамда «Ёшлик» болалар ­соғломлаштириш оромгоҳларида болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун яратилган шароитларга гувоҳ бўлдик.

Эътироф этиш лозимки, ушбу масканларда олиб борилган кенг миқёсли қурилиш-реконструкция ишлари, яратилган замонавий шароитлар барчамизда катта қизиқиш уйғотди. Шу боис Ўзбекистон касаба уюшмалари тажрибасини юртимизда жорий этишни мақсад қилиб олдик. Ҳозирда мазкур учрашувлар якуни бўйича Ўзбекистон ва Қирғизистон касаба уюшма Федерациялари ўртасида ҳамкорлик келишувига оид меморандум лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Тошкент шаҳри бўйлаб саёҳат эса, ўйлайманки, бунёдкорлик ишларининг намунаси сифатида узоқ вақт хотирамизда қолади. Замонавий мегаполисга айланиб бораётган шаҳардаги кўркам ва бетакрор иншоотлар, равон йўллар, бир-биридан гўзал хиёбонлар барқарор тараққиётдан далолат бериб турибди.

Яна бир эътиборли жиҳат «Афросиёб» поездида Самарқанд шаҳрига сафаримиз бўлди. Регистон мажмуа­си, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги ва бошқа тарихий қадамжолардан олган таассуротларимизнинг чеки йўқ. Қадим маданият ва миллий давлатчилик тарихи, ўзбек мумтоз меъморчилигининг юксак намунаси бўлган бетакрор иншоотлар ҳар қанча таърифга лойиқ.

Таъкидлашни истардимки, Ўзбекис­тоннинг илм-фан, маданият ва сайёҳлик каби жабҳалардаги салоҳияти ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаши, ҳамкорлигимизни юқори босқичга кўтаришга хизмат қилишига ишонаман.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги билан халқингизни табриклайман. Маълумки, Конституция — жаҳон ҳамжамияти тан олган асосий қонун ҳисобланади. Барча соҳада олиб борилган ислоҳотлар Бош қомусингиздан озиқланганлиги шундоққина кўзга ташланиб турибди. Демак, бундан кейинги юксалишлар жараёнида ҳам Конституциянгиз муҳим ва ҳал қилувчи рол ўйнаши, шубҳасиз.

«Ishonch» мухбири

Нозима УМАРОВА

 ёзиб олди

 

Бошқа хабарлар