Аёлнинг муқаддас бурчи бор…

7
Psychologist having session with her patient

Аёл шаънига қанчадан-қанча шеъру достонлар битилмаган дейсиз. Аёл зотига кўрсатилган меҳру муҳаббат, эътибору лутфларнинг чек-чегараси йўқ. Она деб улуғлайдилар уни.  Аллоҳ  мени-да аёл қилиб яратганига шукроналар келтираман…

Бироқ мени қалам ушлашга мажбур этган бошқа нарса. Бу аёлликдан фахрланиш эмас, хижолатми, уятми, хуллас, шунга монанд бир ёқимсиз кечинма. Фариштамонанд оналаримиз, опа-сингилларимиздан узр сўраган ҳолда, андишасизлик бўлса-да, хотин-қизларимиз билан боғлиқ айрим хунук ҳолатлар ҳақида сўз юритишга жазм этдим.

Маънавият оқсаган жойда

Яратган Эгам аёлга она бўлишдек бахтни насиб этган. Она фарзандини оқ ювиб-оқ тарайди, тарбиялайди. Аммо ўша тарбия, маънавият унинг ўзида етарли бўлмаса-чи? Бу ҳолатда билимсизлик, тарбиясизлик онадан болага ўтмайдими?

Аёл маънавияти оқсаган жойда ўзаро ҳурматсизлик, жанжал, бир-бирига қўл кўтариш ҳолатлари юз беради, ҳатто оғир жиноятлар содир этилиши мумкин.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида ўтказилган видеоселекторда келтирилган маълумотлар мамлакатимизда  жиноятчиликка қарши курашишни янада кучайтириш, ҳушёрроқ бўлишимиз лозимлигини кўрсатади. Йиғилишда жорий йилнинг ўн ойи мобайнида содир этилган қотиллик жиноятларининг 165 таси эр-хотин ва қайнона-келинлар, 66 таси қўни-қўшнилар ўртасида оддийгина маиший келишмовчиликлар оқибатида келиб чиққанлиги қайд этилди.

Айниқса, Фарғона вилояти Фарғона тумани Ёрдон қишлоғида ёшгина келин қайнонасини уриб ўлдиргани қалбимни ларзага солди. Наҳотки, келин ўз қайнонасининг қотилига айланса?!

Қотиллик жинояти қайнона-келин ўртасида содир этилиши — бу ўзбек аёллари учун уят. Сув келса симириб, тош келса кемириб, фарзанди учун ўзини ўтга-чўққа урадиган ўзбек аёли қаёқда-ю, бир-бирига қўл кўтаришгача борадиган ожизалар қаёқда. Қайнонани онам дейдиган, келинини қизидан аъло билиб пойқадамига сочқилар сочиб, минг айланиб-минг ўргилган ўзбегойимларданми ўшалар ҳам.

Катта дарё қайга оқса…

 Ўйлаб қоласан, орзу-ҳавас билан тўй қилиб, тоқ фарзанди жуфт бўлган қайнона қачон келинини ёмон кўриб қолдийкин? Келинни қайси бир хатти-ҳаракати ғашини келтирди? Ёки ўғлини қизғандимикан? Ҳар куни ярим тунгача бир хонада ўтириб телевизор кўрган асалгина боласи «кун ботмасдан» келинлик уйга кириб кетгани кўнглини оғритдими? Балки, бозорнинг олдини унга эмас, ҳомиладор хотинига олиб кириб кетгани оғир ботгандир? Эркатойининг эр бўлганини, у энди фақат онасининг эмас, хотинининг  олдида ҳам масъуллигини тан олиш сал оғирроқ. Бу ҳаёт ҳақиқати олдида кўпгина оналар ожизлик қилиши рост. Шу ҳолат — қизғаниш ҳам қайнона-келинни душманга айлантириши бор гап.

Қайноналар ўғлим оила бошлиғига айланади, бировнинг жондек азиз қизини уйга олиб келади, ўз-ўзидан менга бўлган эътибору меҳри иккига бўлинади, деган фикрни тўйдан олдинроқ ўйлаб, ўзларини шунга тайёрлашлари керак. Тўғри, она ҳам ўғлидан ёш келиндан кам эътибор кутмайди, лекин у —  ОНА, лозим пайтда кўнгил хоҳишини ақлга бўйсиндира олиши керак. Ёш қизларимиз келинликка тайёргарлик кўрганидек, оналаримиз ҳам қайноналикка руҳан тайёр бўлишлари шарт. Шундагина мулоҳазали, ҳар бир ишни ўйлаб қиладиган қайнона — онага айланадилар.

Ҳар бир вазиятни тўғри баҳолаш учун қайнона маънавиятли, ақл-заковатли бўлиши керак. Ёшларнинг бир-бирига ўрганиши, туб қўйиб, палак ёйишига имкон бериб, худди уста боғбондек уларни парваришлаши керак.  Катта дарё қайга оқса, ирмоғи ҳам шу томонга оқади, дейди доно халқимиз.

 Мен чўри туққаним йўқ!..

 Яқинда бир қўшнимни ғамгин ҳолда учратдим, қизи уйига қайтиб келибди, оиласи бузилиш арафасида экан. «Ҳамма сеп-сидирғасини ортиғи билан қилиб берганман. Пазандалик дейсизми, тикувчилик, сартарошлик дейсизми, ҳаммасига ўқитганман. Билмасам, ҳеч бахти чопмаяпти. Икки куннинг бирида аразлаб келади, қайнонаси ҳам қизимни хоҳламаяпти, кеча камига урганмиш», дея нолиш қилди қўшним. Унга сал олдинроқ бўлган суҳбатимизни эслатдим. Ўшанда у шундай деганди:

— Келинлик пайтим, ўлиб қайнюртларимнинг хизматини қилганман. Қайнона-қайнотамнинг юзига тик қарамаганман. Овқатимни ўтириб еганимни эслолмайман. Биттаси «раҳмат» демаган. Қизимга: «Ўзингни ерга урма, мен қилган хатони сен қилма. Гунгдай бўлиб қайнонангнинг хизматини қилаверма, тилинг бор, айт, ўзиям қилсин. Мен чўри туққаним йўқ», деб ўргатаман. Худога шукр, қизим тушмагур тиллигина. Қайнонаси минғилласа, чарс-чурс гап қайтариб, билганини қилаверади.

— Келинлик пайтингизда қилган хизматингиз, сабр-тоқатингиз туфайли оилангиз мукаммал. Кам бўлмагансиз. Тўйларнинг тўрида, катта янга бўлиб юрибсиз. Қизингизни тезлаб бекор қилибсиз-да, ўзингиздек бўлса ёмон бўлмайди, — дегандим қўшнимга.

Ўша «чарс-чурс гап қайтариш» аста-аста қўлидаги матоҳни улоқтиришга, бориб-бориб пичоқ ўқталишга айланмасмикан деб ўйлаб қоласан киши.

 Мулоҳазасизлик оқибати

 Биз қизларимизни келинликка қандай тайёрлаяпмиз? Уларни пазандалик, тикувчилик, сартарошлик, раққосаликка, яна бир қанча ҳунарларга ўргатаяпмиз. Замонавий қизларимиз кийим-кечакларни дид билан танлаш, ораста бўлиш сирларини мукаммал эгаллашмоқда. Лекин уларнинг олий маълумотли бўлишига, ўқиганини уқишига, сабр-бардошга ўрганишига у қадар эътибор қаратмаяпмиз.  Уларни ҳунарга ўқитяпмиз-у, муомала маданияти, ширинсўзлик, каттага ҳурмат каби азалий қадриятларимизни сингдиришга эринаяпмиз. «Қиз бола ўқиб шаҳар олиб берармиди?», «Ўқиган мармардан тош қўярмиди?», «Китоб ўқиб биров бой бўлибдими?» дегувчилар бор ҳали-ҳануз орамизда.

Билимсизлик жаҳолатга етаклайди. Кўплаб аёллар билимсизлик, сабрсизлик, мулоҳазасизлик оқибатида жиноятга қўл ураяптилар. Озгина етишмовчиликка чидамай, ҳалол ва сермашаққат меҳнатдан қочиб, тезгина пул топиш илинжида олиб-сотарлик, даллоллик, фоҳишалик, ўғирлик, товламачилик каби хунук одатлар қулига айланишяпти.

Тошкент вилоятининг Бекобод туманида яшовчи аёл 8 ёшли қизчанинг қулоғидан зирагини ечиб олгани ҳақидаги хабарга кўзим тушди. 24 ёшли аёлнинг бу жиноятни содир этишга нима мажбур қилди, деб ўйлайсиз? Жажжигина қизалоқни алдаб, йиғлатиб, қулоғидаги зиракни ечиб олаётганида ўзининг қизи кўз олдига келмадимикин? Уни сотганда қанча даромад кўраркин? Кўрган фойдаси татирмикан?

Айрим аёлларимиз жиноятчилик, фоҳишаликка қўл уришини ёлғизлик, ишсизлик, қийинчилик билан оқлашга ўрганиб қолишган. Хўш, Хоразм вилоятининг Хива туманидаги меҳмонхоналарнинг биридаги мижоз ҳамёнидан 2,5 минг АҚШ доллари ва 5 минг Россия рублини ўғирлаган фаррош-чи? У ишсиз эмасди-ку.

Тошкент вилояти Қуйи Чирчиқ туманида қаҳвахонада ишлайдиган 21 ёшли Н.Алихонова томонидан иш жойи­да 30 ёшли йигитнинг қорин соҳасига жиддий жароҳат етказилишига нима сабаб бўлди экан?

Нима учун аёлларимиз бу қадар сиркаси сув кўтармас, сал нарсага тўпалон қиладиган жиззакига айланиб бораяпти? Ахир турмуш ташвишларининг оғир томони ҳар доим ҳам аёлларимиз елкасида бўлган-ку! Улар «қўш ҳўкиз»нинг бири бўлиб, қўшни бирга тортишган-ку!

Ёлғиз ҳолида ҳам ҳалол меҳнат, сабр-тоқат, оқилу донолик билан болаларини  тарбиялаб ўстирган оналарнинг кўпини биламиз.

Яна бир мисол, «ойига 27 минг Россия рубли эвазига маҳаллий фуқароларнинг икки ойлик чақалоғига энага бўлган Сабоҳат Ортиқова ўзининг танишларига ана шу чақалоқни сотишга уринган». Бировнинг гулдек боласини ўғирлаб сотишдан келган даромадга кўз тиккан жувон аёл деган номга муносибми? Сенга жой берган, ишонган одамларга нисбатан номарднинг ишини қилиш ҳар қандай жиноятдан оғирроқ эмасми?

 Танганинг икки томони

Энди танганинг иккинчи томонига разм солсак. Ўзлари тарбияга муҳтож, билимсиз ёки ўқигану уқмаган аёллар ўстираётган фарзандлардан нима кутиш мумкин? «Сен бировга чўри эмассан», «Жаҳлингни чиқарса, айлантириб солмайсанми», «Ўзингни ўзинг ҳимоя қил», «Кўзингнинг сувини оқизма, кучинг етмаса, тош билан, ёғоч билан ур», «Қорнинг тўқ бўлса, устинг бут бўлса, менга яна нима дейсан» деб «тарбия» бераётганлар озми. Ёшларимизнинг бир-бирини аямайдиган қаҳрли, жаҳлдор бўлиб вояга етишида тўқликка шўхлик билан бир қаторда оналарнинг маънавиятсизлиги ҳам сабаб бўлаяпти чамамда.

Шунинг натижасида бухоролик коллеж ўқувчиси Абдукарим каби онасига пичоқ ўқталадиган ёшлар ­вояга етаётган бўлса ажабмас. «Бухоро вилояти Бухоро тумани Янгиобод қишлоғида истиқомат қилувчи Абдукарим Ашуров ўз онаси 1979 йилда туғилган Мухлиса Эшоновага пичоқ билан ташланган. Ўз онасига турли хилдаги тан жароҳати етказган» (интернет хабаридан).

Мактаб ва коллеж ўқувчилари орасида жиноят содир этилиши жуда ачинарли ҳол. Эрта ёшдан ёмон қилиқдан ҳазар қилмаган бола келажакда ким бўлиб етишади? Вояга етмаганлар ишлари бўйича комиссия котиби вазифасида ишлаб юрган кезларимда ҳуқуқбузарлик, жиноят содир қилган ўсмирларнинг оилалари билан яқиндан танишардим. Уларнинг аксарияти носоғлом оила фарзандлари бўлиб чиқарди. Кўп ҳолларда жиноятчи болаларнинг ота-онаси жанжалкаш, тарбиясиз, ичувчи, товламачи ёки боласини ташлаб чет элга кетган бўларди. Яна пул топаман, болаларимни яхши таъминлайман, деб уззукун иш билан банд, фарзандининг қорнини, ­кийим-кечагини ўйлаб тарбияни, меҳрни унутиб қўйганларнинг ҳосиласи бўларди улар.

 Хулоса ўрнида

 Турмушнинг тоши оғир. Алпқомат эркакларимиздан орият салгина чекингани-ю аёлнинг нозик елкасига рўзғор халтаси ортилаётгани ҳам бор гап. Агар вақт ва куч ақл билан тақсимланса, рўзғорнинг бут бўлиши, фарзандларга меҳр-эътибор кўрсатиш, уларнинг тарбиясига вақт ажратиш мумкин. Лекин аёлларимиз орасида ортиқча орзу-ҳавасга берилиб, кийим-кечагу зеб-зийнатга, молу бойликка ружу қўйиш ушбу керакли вазифани бажаришга ҳамиша халал беради. Ана шу ортиқча орзу-ҳаваслар болаларни-да унутиб юртма-юрт кезиш, юздаги ибо-ҳаёни сидириб ташлаш, ўғирлигу жиноятга қўл уришга сабаб бўлаяпти.

Юртимизда аёлларнинг таълим олиши, қўшимча ҳунар ўрганиши, иш билан таъминланишига алоҳида эътибор қаратилаётир. Бундай имкониятлардан унумли фойдаланиш ҳамманинг ўз қўлида. Ўқийман, изланаман деган қизларимизга барча билим даргоҳларининг эшиги очиқ. Улар ўз вақтида билим олиб, касб-ҳунар эгалласа, одоб-ахлоқ қоидалари, муомала маданиятини қунт билан ўрганса, мустаҳкам ва фаровон оиланинг бекаси, ҳақиқий она бўлиш учун пойдевор яратган бўладилар.

Ўзбек аёли зиммасида залворли юк бўлса ҳам нафосат, ҳаё-ибо, меҳр-муҳаббат, сабр-бардош либосига бурканиб юришнинг уддасидан чиқади. Қачонки, унга эркакнинг озгина ширин сўзи ва эътибори, улуғларнинг панду насиҳати тиргак бўлса кифоя. Шунда аёл оқила ва доно, юксак маданият соҳибасига айланади, у тарбиялаган  фарзандлар баркамол бўлади.

 

Дилфуза ҚАРШИБОЕВА,

журналист

Бошқа хабарлар