БАХТИНГДАН ОЧАЙМИ, ТАХТИНГДАН?

12

 

Қўйлиқ бозорида янги фолбин пайдо бўлгани, у Ҳамма нарсани тўғри башорат қилаётгани ҳақида гап тарқалди. Эмишки, қадимги лўлилардан қолган «сеҳрли» қарталар ҳамманинг ўтмиши ва келажаги ҳақида билар экан. Атиги 5000 сўмга инсонни нима кутаётгани тўғрисида фол кўрилармиш. Тушунишимизча, фирибгарларнинг тўрига кўпроқ ёш қиз-жувонлар илиняпти. Аммо фолбинларга ишонадиган кап-катта эркаклар ҳам анчагина экан.

Хизр алайҳиссалом Риштонда дафн этилганми?

Муқаддас динимизда сеҳргарлик, фол очиш, унга ишониш катта гуноҳ ҳисобланади. Бироқ баъзи ҳолларда фолбинлар зиёратгоҳлар, мақбаралар, тарихий обидалар атрофини макон тутаётгани дилни хира қилади. Мисол учун, Риштон туманидаги Хизрбува зиёратгоҳи шундай жойга айланиб бормоқда. Бу ерда фол очиш, қўрғошин эритиб қандайдир «амал» қилиш, бошқа «сеҳргарлик» хизматларини кўрсатиш урф бўлган. Албатта, бу фирибгарликлар учун яхшигина «назр» ҳам ундирилади. Фолбинларнинг ҳамкорликда, уюшиб ишлаши даромаднинг мунтазам ошиб боришини таъминлаётир.

— Хизрбува зиёратгоҳи маҳаллий аҳоли энг кўп борадиган масканлардан бири, — дейди меҳнат фахрийси Меҳринисо Холмирзаева. — Фарзанд ва набираларим билан бирга биз ҳам борган эдик. Набираларим зиёратгоҳни айлангани кетиб, бироздан сўнг йиғлаб қайтиб келишди. Сабабини сўрасам, қўрғошин қуйиб фол очадиган бир аёл мен яқин орада касал бўлиб вафот этишим мумкинлигини, агар у берган нарсаларни харид қилмаса, дадасининг ишлари ҳам юришмай қолишини «башорат» қилибди. Набирамга бу гаплар бидъат эканлигини қанча тушунтирмай, барибир яширинча бориб фолбин айтган арзимас нарсаларни катта пулга харид қилиб келди. Одамларнинг Хизр алайҳиссаломга бўлган ихлосидан бир гуруҳ фирибгарлар даромад орттириш мақсадида фойдаланаётгани аянчли ҳолат. Чеккадан бир фолбинни кузатдим. Ярим соатда 3 нафар мижоздан 50 минг сўмча пул ишлаб олди. Бундан ташқари, у мижозларга фолга зарур, шунингдек, бало-қазони бартараф қилиш учун керак бўлган нарсалар харид қилишни буюриб, шерикларининг ҳам бойишига кўмаклашиб юборди. Бунга чек қўйиш учун ҳукумат идоралари, уламолар бирор чора кўришлари даркор.

Сир эмаски, одамлар гавжум жойда, албатта, савдо қайнайди, битмай турган ишлар ҳам битиб кетади. Балки шунинг учунми…

— Бу даргоҳга водий аҳолисининг ишончи жуда баланд, — дейди риштонлик журналист Ҳамид Бурҳонов. — Шу туфайли одам гавжум бўлади. Кўплаб фермерлар деҳқончилик, тадбиркорлар савдо ишларини бошлашдан, узоқ юртга сафарга чиқишдан олдин Хизрбувада фотиҳа олади. Дуоталаблар орасида фарзандсизлар, иши юришини сўраганлар ҳам кўплаб учрайди. Зиёратгоҳ атрофида маҳаллий ҳунармандлар томонидан ясалган буюмлар савдоси йўлга қўйилган. Кўпинча дор ўйналади. Полвонлар томоша кўрсатади. Тўғриси, маскан зиёратгоҳдан кўра кўпроқ сайилгоҳ, бозорни эслатади. Мақбаранинг пайдо бўлиши билан боғлиқ турли ривоятлар бор. Масалан, уларнинг бирида қайсидир уламо шу жойда Хизрни учратиб, мақбара қурдиргани тўғрисида гап кетади. ­Бошқасида эса Хизр алайҳиссалом бир кишининг тушига кириб шу ерда дафн қилинганини билдирганлиги, сўнгра мақбара қурилгани айтилади. Менимча, кўнгилсиз ижтимоий ҳодисаларнинг олдини олиш учун бу жойга ҳукуматимиз томонидан эътибор зарур. Ушбу маскан одамлар руҳий ҳаловат топадиган дам олиш ҳудудига айлантирилса, мақсадга мувофиқ бўларди.

 Уламолар нима дейди?

Диний уламолар Хизр алайҳиссаломнинг бу ерда дафн этилгани тўғрисида бирор-бир манба йўқлигини таъкидлашади. Мазкур мақбара атрофидаги «сеҳргарлик» билан боғлиқ воқеаларни катта гуноҳ, диний саводсизлик ва фириб йўли билан даромад қилиш деб ҳисоблашади.

— Тўғрисини айтганда, жамоани гуноҳдан қайтаришга уринишлар кўп бўлди, — дейди Риштон тумани бош имом-хатиби вазифасини бажараётган Бозоржон қори Мамажонов. — Деярли ҳар жума намозида шу мавзу кўтарилади. Аммо лўттибозларга ихлос қилаётганлар сони тобора ортиб бормоқда. Бу ерга келаётганларнинг сон-саноғи йўқ. Натижада, баъзан кўчаларда машина қатнови ҳам тўхтаб қолади. Одам кўплигидан йўлларда қадам босишга жой бўлмайди. Маҳаллий аҳоли бу жойга «Барака мозор» деган ном ҳам қўйиб олган. Гўёки зиёратчиларнинг касби-корига, рўзғорига барака кирармиш. Кейинги пайтларда қўшни вилоятлар, республикамизнинг бошқа ҳудудларидан ҳам одамлар келиб, гўёки «омад тумори» ясатишяпти, қўрғошин қуйдириб фол очиришяпти. Тупроғидан хасталик бор жойларга суртиш шифобахш деб ҳисоблашяпти. Борган сари масканнинг «хислатлари» кўпайиб кетяпти. Қандайдир дуони пичирлаб ўқиб пиёлага эритилган қўрғошин қуйиб қилинадиган «башорат»ларга одамлар ишонишяпти. Бир сафар қандай дуо ўқилаётгани билан қизиқиб, фолбинларнинг биридан сўрадим. Эмишки, бу дуо ҳеч кимга айтилмас экан. Хизр алайҳиссалом фақат шу ерликлар учун унинг сирини очганмиш. Бу гаплар масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Бир неча йил илгари Қўқондан машҳур, кучли илмга эга бўлган марҳум Саид Аъзамхон қори ака шу жойга келиб, одамларни бидъатдан қайтармоқчи бўлиб маъруза ўқиди. Аммо фирибгарликдан йирик даромад топаётган гуруҳларнинг одамлари у кишини тошбўрон қилишига оз қолди. Қори ака зўрға қочиб қутулди. Мақбаранинг диний-маданий ёки тарихий аҳамияти тўғрисида бирор нарса айтолмайман. Бу ҳақда ҳеч қандай манба йўқ. У тахминан 20-25, жуда бўлмаса, 30 йиллар илгари қурилган. Ҳозирда 80 ёшларга чиққан онахоннинг ҳовлисида катта тут остида жойлашган. Илгари бу жойда ўша онахон дам олиб ётадиган супа бўлган экан. Мозорнинг боши шу кампир. Асли нима бўлаётганини аниқлаш мақсадида у киши билан ҳам суҳбатлашганман. Айтишича, Хизр алайҳиссалом билан тез-тез тушида гаплашиб турармиш. Анча йиллар илгари пайғамбар кўзига кўриниб шу ерга унинг учун мақбара қурдиришни буюрган экан. Мақбара машҳур бўла бошлаганига 15 йилча бўлди. Афсуски, содир бўлаётган гуноҳ ишларга ҳозирча чек қўя олмаяпмиз.

Албатта, водийда машҳур онахоннинг кўнглига илоҳий куч шу ерда азиз авлиёлардан бирининг ҳоки ётгани, жойни обод қилиш кераклигини сол­ган бўлиши мумкин. Аммо, нима бўлганда ҳам, бундай масканни «сеҳру жоду», фириб маконига айлантириш ножоиз бўлса керак. Бу борада Фар­ғона вилоятидаги уламоларнинг фикри якдил. Жумладан, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Фарғона вилоятидаги вакили Турсунали қори Эрбўтаев мазкур зиёратгоҳда фолбинлик қилувчиларнинг амалларини бидъат ва катта гуноҳ деб ҳисоблайди.

 Фолга ишониб, ажрашди

Қишлоқда бир оилада можаро бўлди. Бунга сабаб фолбин оила бошлиғига у чет элда ишлаб юрганида хотини хиёнат қилгани тўғрисида «башорат» қилади. «Башорат» жуда ишонарли бўлиши учун оиланинг қўшнилари-ю қариндош-уруғлари тўғрисида батафсил маълумот беради. Натижада, эр-хотин шармандаларча ажрашди. Кейинроқ эса «башоратчи» қишлоқдагиларнинг ҳаммаси тўғрисида олдиндан маълумот йиғиб юриши, одамлардан эшитган ғийбат гапларни фол сифатида айтиши фош бўлиб қолди. Бироқ кўза синиб бўлганди.

Бу-ку қанча йиллар илгари, олис қишлоқлардан бирида рўй берган воқеа. Бироқ бугун фолбинлик, чилдирмакашлик, иссиқ-совуқ, «сеҳру жоду», хуллас, фирибгарлик йирик шаҳарларимизда ҳам авж оляпти. Мисол учун, пойтахтимиздаги Қўйлиқ бозорига кириш жойида ўтириб олган бир гуруҳ аёлларни кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсан киши. Улар «попирис» чекканича одамларга фолбинлик хизматини таклиф қилишаётир.

— Кел, дўндиқ қиз, фол очиб қўяман. Бахтингдан очайми… Нега қўрқасан? Кел! — дея чорлади бозорга кираверишда ўтириб олган аёл. Унинг ёнида «мижоз» ҳам бор. «Мижоз»: «Ҳой, ёшлар, қўрқмасдан фол очиринг. Тўғри топяпти. Кўп жойлардаги фолбинларга борганман, аммо бу аниқ айтяпти», дея хизматни реклама қила кетди. Ҳазил учун шеригимизга фол очирдик. «Башорат»ни эшитиб эса кулиб юбордик.

Реклама

— Кел, дўндиқ қиз, фол очиб қўяман. Бахтингдан очайми… Нега қўрқасан? Кел! — дея чорлади бозорга кираверишда ўтириб олган аёл. Унинг ёнида «мижоз» ҳам бор. «Мижоз»: «Ҳой, ёшлар, қўрқмасдан фол очиринг. Тўғри топяпти. Кўп жойлардаги фолбинларга борганман, аммо бу аниқ айтяпти», дея хизматни реклама қила кетди. Ҳазил учун шеригимизга фол очирдик. «Башорат»ни эшитиб эса кулиб юбордик. «Қизим, яқинда сенинг бошингга бахт қуши қўнади. Орзуйингдаги йигит билан турмуш қурасан. Йигит жуда ақлли, сени яхши кўради. Уч фарзанднинг бахтли онаси бўласан». «Холажон, ахир бу қиз турмушга чиққан-ку, тўйига яқинда бир йил бўлади», деб эътироз билдиришимиз билан фолбин аёлнинг ранги ўзгариб, бизга ўдағайлаб кетди.

 Сиёб бозорида

Фолбинлик касбми ёки… Мисол учун, Самарқанд шаҳрида ҳам уларнинг уруғи кўп.

— Шаҳримизда фолбинларнинг алдовига ишониб яхшигина чиқимдор бўлганлар учрайди, — дейди Дилрабо Толибова. — Айниқса, Сиёб бозори атрофида бир тўда фолбинлар тўпланиб туришади. Ўтган-кетганни ўзига чорлаб, омма эътиборини тортишга ҳаракат қилишади. Самарқанд сайёҳлар билан гавжум. Чет эллик меҳмонлар бу ерда бўлаётган ишларга ҳайрат ва ажабланиш билан қарайди. Баъзилари эса бу ҳолатдан истеҳзоли кулиб қўйишади. Бироқ бозорлар олдида тўпланган фолбинлар ном чиқарган азайимхону чилдирмачи ва бошқа товламачиларнинг хизматидаги майда фирибгарлар, холос. Улар асосан рекламачи вазифасини ўтайди. Қармоққа илинган соддароқ одамга бирор бахтсизлик ёки бахтни ваъда қилади-да, фалончи фолбинга учрашишни маслаҳат беради. Шунда ҳаммаси жойига тушармиш.

Бу ерда қарта, қаҳва қолдиғи, тўтиқуш ва бошқа усуллар билан фол очадиган фирибгарлар талайгина. Ҳуқуқ-тартибот органлари қаёққа қараяпти, ҳайрон қоласан, киши.

Мижозимни телевизордан кўраман

Қарангки, «сеҳргарликка» ружу қўйганлар орасида мансабдор шахслар ҳам анчагина экан. Бир азайимхоннинг энг кўп пул тўлайдиган мижозини баъзан телевизордан кўриб туришини айтиб мақтангани қулоғимизга чалинган. Албатта, «сеҳргарлар» орасида обрўйини кўтариш учун шундай миш-мишларни тарқатиб юрадиганлар ҳам топилади. Бироқ шу йил жаҳон сиёсат майдонида бўлиб ўтган воқеа бунинг ортида бироз бўлса-да ҳақиқат борлигини тасдиқлайди.

Яқинда ривожланган давлатнинг раҳбари ўз фаолияти давомида деярли барча қарорларини таниш фолбиннинг маслаҳатига кўра қабул қилгани юзасидан содир бўлган катта можаро кўпчиликка маълум. Фирибгар фолбин давлат раҳбарининг ихлосидан моддий даромад орттириш мақсадида фойдаланиб келган. Ажабланарли жиҳати, жодуси гўёки мазкур давлат раҳбарининг ишларини ривожлантирадиган фолбин алалоқибат унинг шармандаларча вазифасидан кетишига сабаб бўлди. Ўзини ҳам қонундан ҳимоя қила олмади.

 Фолбинлик жиноятми?

Ҳадисларда сеҳргарлик, фолбинлик оғир гуноҳ сифатида санаб ўтилган. Қонунларимизда-чи? Фолбинлик қилганлик учун бирор жазо борми?

Ёз ойларида интернет тармоқларида шов-шувли хабар тарқалди. Пойтахтимизда турли ҳийла-найранглар билан одамларнинг ишончига кириб, улардан катта миқдорда пул ундирган фолбин аёл қўлга тушганди. У аввалига «рекламачилар»дан самарали фойдаланиб, бадавлат аёллар ўртасида обрўйини кўтарган. Сўнг ишончига кирган одамларни чув тушира бошлаган. Масалан, тижорат билан шуғулланувчи аёл эри хиёнат қилаётганини айтиб, уни бу йўлдан қайтариб беришини сўрайди. Қармоғига наҳанг балиқ илинганини сезган фолбин уни аврашга тушади: яқинда ўлиши, агар доллар олиб келса, пулнинг серия рақамига қараб дуо ўқиб қўйиши ва шу орқали уни ўлимдан қутқариб қолишини айтади. Ҳийла-найранг йўли билан аёлдан 5300 АҚШ доллари олади. Фолбиннинг шу тариқа чув туширилган бошқа мижозлари ҳам кўп бўлган.

Вобкент туманилик нафақадаги фуқаро Х.З. ҳам шундай алдов қурбонига айлангани ҳақида ички ишлар органларига мурожаат қилган. Маълум бўлишича, нотаниш аёл уйига келиб, унга турли кўнгилсизликлар ҳақида гапирган ва агар айтганларини бажармаса, рўзғорида нохушликлар содир бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Фолбин бало-қазолардан халос этиш эвазига ундан 640 000 сўм нақд пул, баҳоси 1 350 000 сўмлик икки дона узук, бу ҳам етмагандек хўроз ва товуғини олиб кетади. Содда аёлдан яна фойдаланиш мумкинлигини англаб, эртасига қайтиб келиб уйидаги барча пулларини олиб чиқиши лозимлиги, уларга «дуо солиб бериши», дуо солинган пуллар баракали бўлишини айтиб, ундан 5000 АҚШ долларини олади ва пулларни қора пакетга ўралган қоғозлар билан алмаштириб қочиб қолади. Суриштирув ишлари давомида жиноятни Шаҳрисабз туманида яшовчи, муқаддам Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан судланган  Г.М. содир этганлиги аниқланган. Ушбу ҳолат юзасидан Г.М.га нисбатан бу сафар Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми билан иш қўзғатилган.

Шу ўринда Жиноят Кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол  қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган  ҳуқуқни  қўлга киритганлик учун жазо белгиланганини таъкидлаш зарур. Яъни бундай ҳаракат учун инсон энг кам ойлик иш  ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ  тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум  қилиш билан жазоланиши белгиланган. Мазкур модданинг 3-қисмида эса фирибгарлик кўп миқдорда ёки такроран ёки хавфли рецидивист томонидан ёинки хизмат мавқеидан фойдаланиб содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш  ҳақининг уч юз бараваридан тўрт юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ  тузатиш ишлари ёхуд муайян  ҳуқуқдан маҳрум этилган  ҳолда беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум  қилиш билан жазоланиши кўрсатиб ўтилган. Етказилган моддий зарарнинг ўрни  қопланган тақдирда озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум  қилиш тариқасидаги жазо  қўлланилмайди.

Албатта, бу каби фирибгарларга алданиб қолмаслик учун, аввало, фуқароларнинг ҳуқуқий ва диний билимларини ошириш муҳим саналади. Бундан ташқари, давлат ва жамоатчилик назоратини кучайтириш уюшган фирибгарликларга чек қўйишнинг ягона йўлидир.

 

Улуғбек ИБОДИНОВ,

«Ishonch» мухбири.

Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА,

Талаба

 

 

 

 

 

 

Бошқа хабарлар