«БЕОЗОР» ТАҲДИДЛАР

261

Телевизордан берилиб концерт ёки филм томоша қилиб турганингизда, тўсатдан нимадир кайфиятингизни бузади. Ўша «нимадир» барчамизга таниш ва «қадрдон» бўлиб қолган рекламалар эканини айтмасам ҳам билиб турибсиз. Барчасини ёмонлаш фикридан йироқмиз, аммо айримлари дилни хира қиладиган даражада сохта, савиясиз ёки бир ёқламаки, тоқат қилиш қийин. Шундай рекламалар борки, уларни оила ва ёш болалар даврасида кўришга уяласан, киши. Ювиниш воситасини кўрсатиб, баданини кўз-кўз қилаётган, ортиқча тасвирларни эмин-эркин томошабинга тақдим этиш ҳолатларини кўрганда шарм-ҳаё, ибо сингари тушунчалар қаерда қолди, деган ўй ўтади хаёлдан.

Масалан, телевизорда намойиш этиладиган «GUGU-GUGU» ювиниш шампуни рекламасини кўриб, шампун реклама қилиняптими ёки қизлар, дея таажжубланасан. Шунингдек, «GUGU-GUGU» дея баралла жар солиниши одамни сескантиради. Шундай «чўчитувчи» рекламалардан бири «Зелёний чай» тозалаш кукуниники. Бир гала хонанда ва актрисаларнинг кетма-кет «О, О, О» дейишлари асабни эговлайди. Ушбу реклама муаллифлари наҳот томошабин ҳаловатини унутган бўлса? Ахир, кечки сокинлик пайтидаги бунақа «бақириқ»лар ишдан ҳориб келган инсоннинг кайфиятига салбий таъсир этмайдими?

Телеканалларда берилган бош оғриғини қолдирувчи «Тримол» дорисининг «Тақ-тақдан ҳў-ҳўгача» шиоридаги рекламаси барчанинг ёдида. Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида яшовчи бир болакай унга тақлид қилиб укасининг бошини ёриб қўйиб, вафотига сабабчи бўлган. Назаримда, бу каби фожиали ҳолатлар хулоса чиқаришимизга, ҳар бир қадамни масъулият билан қўйишимизга туртки бўлиши керак. Ақлий жиҳатдан тўлиқ шаклланмаган, нимани кўрса, унга тақлид қилишга қизиқадиган ёш бола ҳам барча қатори томошабин. Шу боис бирор ишга қўл уришдан аввал бу боланинг дунёқарашига қандай таъсир кўрсатади, деб ўйлаб олишимиз керак.

Бундан ташқари, акс таъсир қилувчи рекламалар кун сайин урчиб бормоқда. Жумладан, телевизорда такрор кўрсатилаётган «Profi education» — абитуриентлар мактаби рекламаси. Унда талаба бўлиш истагидаги йигит отасига: «Дада, «Спарк» олиб беринг», дейди. Отаси эса: «Profi education»га борасан, бир йил ўқийсан, талаба бўласан, ана ундан кейин ўзинг хоҳлаганингдек автомобилга эга бўласан», дея жавоб қайтаради. Энди бир ўйлаб кўринг, ўсмир фикр-мулоҳаза юритмасдан отасига: «Profi education»га олиб боринг», дейди. Йигитча на ўқишга қизиқаяпти, на талаба бўлишга интилади, муҳими, тезда автомобилга эга бўлиш илинжида. Рекламада илм олиш эмас, савиясиз абитуриентнинг орзуси асосий воқеликка айланиб қолган. Бу эса ўз-ўзидан ўсмир ёшдагилар орасида нотўғри қараш шаклланишига олиб келиши мумкин.

Телеканалларда тақдим этилаётган ёки кўча-кўйда илинган плакатлардаги рекламаларга эътибор билан разм солсангиз, сўзларнинг нотўғри ишлатилишига кўп дуч келасиз. Жумладан, «Wakeup» шоколадининг рекламасида «Wakeup — карамелнинг майин мазаси» деган жумлани олайлик. Ахир майин сўзи маза-таъмни эмас, балки жисмнинг юмшоқлигини ифодалайди-ку. Шунингдек, шаҳар бўйлаб плакатларда тарғиботи авж олган «Ice tea» номли ичимлик рекламасида «Салқинлик таъмини татиб кўр» деган ёзув битилган. Кулгингиз қисташи аниқ. Таъмнинг ҳам ­салқини ёки иссиғи бўларканми?..

Аҳоли гавжум жойлар ёки катта йўллар четида ўрнатилган кўзидан ёш оқаётган ит, мушук ёки шу каби ҳайвонларнинг сурати тагига «Инсон бўл» деб ёзиб қўйилгани кўпчиликка таниш. Бу инсонларни ҳақоратлашми ёки ҳайвонларни инсон даражасига кўтариш — тушуниш қийин. Шунинг ўрнига «Ҳайвонларни асрайлик!», «Улар ҳам дўстларимиз!» дейиш тушунарли ва таъсирчан эмасми? Ёки «Pastry & Bakery» кафега кираверишдаги меҳмон кутаётган мезбон тасаввурини уйғотувчи ит ҳайкалини қандай тушуниш мумкин? Ҳар сафар дугоналарим билан унинг ёнидан ўтаётиб: «Бу кафе фақат итлар учунмикан-а?», — дея ҳазил қиламиз.

Рекламалар нафақат телевизор, радио, матбуотда, балки ижтимоий тармоқларда ҳам сизни таъқиб этади. Маълумот олиш учун айрим сайт­ларга кирсангиз, турли беҳаё рекламалар балои азим бўлиб қаршингиздан чиқади. Бундай вазиятда ҳар бир ота-она ўз фарзандини назорат қилмас экан, бола онгини ахлоқсизлик таъсиридан ҳимоя қилиш мушкул.

Хулоса қилиб айтганда, ҳар бир нарсанинг меъёри бўлгани каби рекламаларда ҳам шунга амал қилинса, мақсадга мувофиқ бўларди. Бирор маҳсулотни реклама қилишдан олдин, унинг истеъмолчиларга қай тарзда таъсир кўрсатишини ҳам эсдан чиқармаслик лозим.

Нозима ТУРҒУНОВА,

«Ishonch» маҳорат мактаби тингловчиси

Бошқа хабарлар