«Гиргиттон»лар ёки официант касби билан боғлиқ муаммолар хусусида

8

Андижон шаҳрида шу йил ёз фаслида иш бошлаган «Буюк Турон» умумий овқатланиш корхонасида ҳамкасбларимиз билан бир неча марта тушлик қилишга тўғри келди. Кафенинг катта йўл бўйида жойлашганлиги мижозлар учун қулай. Шарт-шароитлари ва жиҳозлари бадастир, таомларининг сифати дуруст. Бироқ официантлар томонидан кўрсатилаётган хизмат даражасининг талабга жавоб бермаслиги ана шу яхши жиҳатларга соя солади. Балки шу сабабга кўрами, ҳар гал тушликка кирсак, официантлар янгиланиб қолади.

— Ишга кирган ходимларимизнинг тутумидан ҳар куни эътироз эшитяпмиз, — дейишди кафенинг ишбошилари. — Аксарият официантларда уқув ва малака етишмайди.

Умумий овқатланиш шохобчаларида хизмат кўрсатувчиларнинг қўнимсизлиги фақат «Буюк Турон»га хос эмас. Андижон шаҳри Марказий деҳқон бозори автотураргоҳи ёнида қатор тизилган ошхоналарда ҳам шу аҳвол — аксариятининг пештоқида «Хотин-қизларни официантликка таклиф этамиз»  деган эълонга кўзингиз тушади. «Наҳотки, бу ерларда ишловчилар топилмаса?» деган саволга «Кўпчилик эплай олмаяпти. Хизмат кўрсатишни билмайди-да», деган жавобни оласиз.

Бугун умумий овқатланиш корхоналари сони кун сайин ортяпти. Бу рақобат муҳитини юзага келтириши тайин. Қаерда хизмат сифати яхши бўлса, одамлар оқими узилмайди. Иш жойидан узоқ бўлса-да, кўнглидагидек жойга бориб тушлик қилувчи мижозлар тоифаси шаклланиб улгурди. Таом сифати бир томон, официантнинг зукколик, орасталик билан хизмат қилиши бир томон. Иккаласи уйғунлашса, ошхона гавжум бўлаверади. Модомики, харидорлик бўлиши кўп жиҳатдан официантга боғлиқ экан, касб этикаси билан боғлиқ оддий қоидаларга жиддий эътибор қаратиш тақозо этилади. Официант табассум билан хизмат қилиши, кишиларда самимият уйғота билиши керак. Токи ошхонага кирган инсон кўнглидаги таомни топа олмаса-да, хизмат кўрсатувчининг муомаласидан сўнг, ҳеч бўлмаганда, чой ичиб кетсин.

Шаҳардаги ўнга яқин умумий овқатланиш корхоналарида катта тажриба орттирган ошпаз Абдулазиз Юсуповнинг фикрларини эшитайлик-а:

— Энди бир томонини айтай. Камдан-кам бўлса-да, қўли эгрилик ишдан «учиб кетишга» сабаб бўлади. Кўзни шамғалат қилиб, сабзавот маҳсулотини ёки идиш-товоқни сумкасига солиб кетадиганлар бор. Ишга олиш чоғида хизматчининг ахлоқи, туриш-турмушини суриштириш ҳам катта аҳамиятга эга.

Кузатувларимиздан англадикки, хизмат сифатининг эътирозга сабаб бўлиши иш берувчиларга ҳам боғлиқ. Бугун наинки Андижон шаҳри, балки вилоятнинг бошқа туман ва шаҳарларидаги аксарият умумий овқатланиш жойларида столда таомнома кўзга ташланмайди. Овқат турлари ва нархлари хусусида батафсил маълумот олиш амри маҳол. Офицант эса «Сиз айтаверинг, эсимда қолади», дея шоша-пиша буюртма оладию, чала-ярим етказиб келади. Энди бояги буюртмангизни яна такрорлашга тушасиз. Оч қоринга бу асабийлик қўшади, деган гап. Столдан турмоқчи бўлганингизда, қаршингизда калкулятор ­билан пайдо бўлган официант залдагиларнинг ярми эшитадиган овозда ҳисоб-китоб қилади. Масалан, Андижон шаҳри Марказий деҳқон бозори атрофида жойлашган «Отабек» ошхонасида ҳамиша мана шундай ҳолга гувоҳ бўласиз.

— Официантлик оғир касб, — дейди шаҳардаги умумий овқатланиш корхоналаридан бирида ишловчи Дурдона Эсонова. — Ҳар қандай ҳолатда ҳам мижоз ҳақ, деган тушунча бор экан, арзимаган хато учун ишингиздан айрилиб қолаверасиз. Тўқсон фоиз ҳолатда официантлар билан меҳнат шартномалари тузилмайди. Официантлик қилаётганимга тўққиз йилдан ошди. Олти  йилдан бери бир жойдаман. Бу касбда зийраклик, хуш­муомалалик, тезкорлик, ҳалоллик ва покизалик керак. Феъл-атворнинг қанақа бўлиши катта аҳамиятга эга.

Танганинг иккинчи томони: норасмий банд­лик масаласи ҳақида сўз юритайлик. Ишлаётган ишсизга айланган официант ариза билан ишга кириб, буйруқ билан расмийлаштирилмаганлиги, меҳнат шартномаси тузилмаганлиги, жамғариб бориладиган пенсия дафтарчасига эга эмаслиги, меҳнат дафтарчаси юритилмаслиги, қўйингки, иш ҳақи тўлови ҳужжатига имзо чекиб маош олмаслиги сингари омиллар бир кун бориб қимматга тушишига шубҳа йўқ. Меҳнатга оид ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг имконияти топилмайди. Бу эса пенсияга чиқиш ҳужжатларини расмийлаштиришда чинакамига бошни қотиради.

Ҳозир бутун дунёда асаббузарликлардан ташвишланмайдиган одамнинг ўзи қолмади. Ҳатто бу борада «касб касаллиги» деган тушунча тез-тез тилга олиняпти. Официантлар ҳар куни ўртача 100 га яқин кишига овқат ташиб, хизмат кўрсатса, бу 100 га яқин ­муаммога дуч келиш билан баробар, дегани. Мулоқотлар ҳамиша «ширин» бўлавермайди. Демак, меҳнат шартномаси тузиш, касаба уюшмасига жалб этиш орқали официантнинг саломатлигини мустаҳкамлаш зарурлигини ҳам унутмаслик керак.

Ошхона хизматчиларининг норасмий банд­лиги хусусида гап кетгани боис, Андижон вилояти давлат солиқ бошқармаси мутахассисларининг таҳлилий маълумотини келтириш  ўринли. Вилоятдаги 356 та умумий овқатланиш субъектлари ўрганилганида, уларда 6 минг 875 та стол мавжудлиги, 4 кишидан ўртача 27 минг 500 киши жойлашиши мумкинлиги аён бўлди. Мижозлар кун давомида икки марта алмашган тақдирда бир кунда тахминан 55 минг кишига хизмат кўрсатилади.

Маълумотларга кўра, юқоридаги умумий овқатланиш жойларида 1 минг 516 нафар ходим ишлайди. Бу бир кунда 55 минг мижозга хизмат кўрсатиш учун етарли эмас. Битта субъектда 4 киши расман ишлаяпти. Келиб-кетувчи мижозларни битта ходимга 20 нафардан тўғри келади деб ҳисобласак, уларга норасмий ишлаётган 1 минг 234 нафар официант хизмат қиляпти. Ҳар бирига тахминан 300 минг сўмдан ойлик маош ҳисобланса, бир ойда қарийб 400 миллион сўм атрофидаги нақд пул кундалик тушум ҳисобидан иш ҳақи сифатида бериляпти. Бу қоғозларда кўрсатилмайди, демак даромад солиғи солинмайди.

Мулоҳазаларимиз айнан муаммоли нуқталарга қаратилганлиги учун узр. Официант касби билан боғлиқ дилхираликлар, ходимларнинг тажрибаси ҳамда сифатли хизмат хусусида гап кетганда, уларни касбга ўргатиш ва малакасини ошириш масаласини кун тартибига қўйиш зарур. Дейлик, Ўзбекистон Ошпазлар ассоциация­сининг вилоят бўлими қошида официантларни ўқитиш марказини ташкил қилса бўлмайдими? Ошхона, кафе ва ресторанларнинг эгалари «гиргиттон»ларни (буни қарангки, луғавий таомилда «официант» сўзини «гиргиттон» деб таржима қилишган экан) ишга олишдан аввал тегишли шартнома асосида марказда малака оширишини таъминласалар, уқувли ва тажрибали ходимга эга бўлмаймизми? Бу фикрларимизга сиз ҳам қўшилсангиз керак, албатта.

 

Нурилло НЎЪМОНОВ,

«Ishonch» мухбири

 

 

 

 

Бошқа хабарлар