Дўстлик тараннуми

328

Урганч  тиббиёт  коллежида  «Ўзбек-туркман дўстлиги» мавзуида   анжуман ташкил қилинди. Унда сўзга чиққан Урганч шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси ­

М. Омонбоева, вилоят ўрта махсус касб-ҳунар таълими ҳудудий бошқармаси бошлиғи   ўринбосари  Х.Чориев, вилоят  туркман миллий маркази раҳбари Д. Ражабов, коллеж   директори  М. Аҳмедова ва бошқалар миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатлик қанчалар аҳамиятга молик эканлиги ҳақида  тўхталдилар.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг бешинчи устувор йўналиши «Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш» деб номланади. Кўриб, гувоҳи бўлиб турибмизки, мамлакатимизда ушбу йўналишда амалга оширилаётган кенг кўламли чора-тадбирлар халқимизнинг янада бахт­ли ва фаровон турмуш кечиришини кафолатламоқда.

Анжуманда таъкидланганидек, Ўзбекистон — кўп миллатли республика, аҳолиси жиҳатидан  Марказий  Осиёда  энг  катта  давлат бўлиб, 130 дан ортиқ  миллат  вакиллари  тенг  ҳуқуқ  ва  бурчларга эгадирлар, уларнинг барчасига дин  ва эътиқод эркинлиги давлат томонидан кафолатланган. Миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканлиги исботи ўлароқ, 138 та миллий-маданий  марказ фаолият кўрсатмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясига  асосан, барча  диний  ташкилотлар  қонун олдида тенгдир. Диний  бағрикенглик асрлар давомида халқимиз  менталитетининг ажралмас қисми бўлиб келмоқда. Бугунги кунда юртимизда ҳукм сураётган бағрикенглик муҳити туфайли мамлакатимиз эмин-эркин фаолият олиб бораётган 16 та диний конфессияга мансуб 2 минг 200 дан ортиқ диний  ташкилот ўртасида ўзаро ҳурмат ва дўстона муносабатларни ривожлантириш, қайси дин ва эътиқодга мансублигидан қатъи назар, фуқароларнинг тенг ҳуқуқлилигини таъминлаш энг муҳим вазифалардан биридир.

Бугунги кунда коллежимизда   Туркманистон   Республикасидан   126  нафар   ўқувчи  таҳсил  олаётир. Улар учун муносиб яшаш шароитлари яратиб берилган ва ҳар томонлама қўллаб қувватланмоқда.

Анжуманда ўзбек-туркман ҳунармандчилик   намуналари  кўргазмаси   ташкил  қилинди. Кўргазмага ўқувчилар  томонидан дарсдан  бўш   вақтларида  тайёрланган қўл  ишлари, ўзбек ва туркман   миллий  кийимларидан  намуналар   қўйилди. Тадбирнинг «Ватан   мадҳи   тилларда»  номли  қисмида   ўзбек, туркман  тилларида   она юртни тараннум   этувчи  шеърлар, қўшиқлар ижро этилди.  «Буқча  очар» туркман миллий удуми саҳна   кўриниши  намойиш  қилинди.  «Қуш тепди», «Билакузук»  деб номланган туркман миллий рақс­лари моҳирона ижро этилди. Икки   давлат  дўстлигини  мадҳ   этувчи видеолавҳалар барчада чуқур таассурот қолдирди. Спортчиларимизнинг чиқишлари олқишлар билан кутиб олинди.

Ўзбек-туркман халқларининг дўстлигини тараннум этувчи ушбу тадбир ўқувчиларнинг ўзаро аҳил-иноқ таълим олишларига, ватанпарвар, фидойи инсонлар бўлиб камолга етишларига хизмат қилишига ишонамиз.

Гулбаҳор БЎРОНОВА,

Урганч тиббиёт коллежи

 катта  ўқитувчиси

Бошқа хабарлар