Изчил ва самарали ҳамкорлик

4

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан халқаро ҳамкорликни ҳар томонлама жадаллик билан ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси билан дўстона ва илиқ муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Чунончи, жорий йил ноябр ойи бошида Ўзбекистон касаба уюшмалари делегациясининг Қирғизистонга ташрифи ва унинг доирасида ўтказилган учрашувлар, санаторийлар фаолияти билан танишув турли жабҳаларда ҳамкорлик имкониятларини кўриб чиқишга замин яратган эди. Айни пайтда эса Қирғизис­тон касаба уюшмалари делегацияси юртимизда бўлиб турибди. Ташриф доирасида қатор учрашувлар ташкил этилиб, меҳмонлар юртимиз сиҳатгоҳларидаги шароитлар билан яқиндан таништирилмоқда.

Ташриф «Турон» санаторийси фаолияти билан танишувдан бошланди. Қайд этилганидек, ушбу санаторий Тошкент шаҳрининг сўлим гўшасида жойлашган соғломлаштириш масканидир. У асосан юрак, асаб тизими, гинекологик ва урологик касалликларга ихтисослашган бўлиб, ҳар бир дам олувчига малакали тиббий хизмат кўрсатиш, ташхис қўйиш ва даволаш ишлари йўлга қўйилган.

— Дам олувчилар психотерапевт, гастроэнтеролог, эндокринолог, стоматолог, гинеколог, уролог, кардиолог, невропатолог, игнатерапевт, дерматолог, мануал терапевт каби мутахассислар ёрдамида кенг қўламда муолажалар олиш имкониятига эга, — дейди «Турон санаторийси» АЖ бошқаруви раиси Қаландар Султонов. — Иқлим билан даволаш, физиотерапия, даволаш-жисмоний тарбияси, маъданли ванналар, сув ҳавзаси ва душлар кўринишидаги сувли муолажалар, балчиқ ва парафин билан даволаш, кислород ва турли гиёҳли ингаляциялар, игнарефлексотерапия, лазеромагнитотерапия, мануал терапия каби даволаш омиллари одамларга манзур бўлмоқда.

Шу куни делегация аъзоларининг Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси вакиллари билан мулоқоти бўлиб ўтди. Унда асосий эътибор икки томонлама муносабатларни янада ривожлантиришга қаратилди. Жумладан, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш йўналишида ўзаро тажриба алмашиш баробарида, туризм, соғломлаштириш ва дам олиш соҳасида ҳам ҳамкорликни янада кучайтириш лозимлигига тўхталиб ўтилди. Ҳар икки мамлакатдаги гўзал табиат қўйнида, барча шароитга эга санаторийларга ходимларни жалб этиш муҳим аҳамият касб этиши, бу борада келишувларга эришилиб, кенг кўламда фаолият олиб борилса, айни муддао бўлиши қайд этилди.

— Аввало, сизларни юртимизда кўриб турганимиздан мамнунмиз, — деди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Бахтиёр Маҳмадалиев. — Ташрифингиз доирасида етакчи санаторийларимиз билан танишув, Тошкент ва Самарқанд шаҳри бўйлаб саёҳат сизларда катта таассурот уйғотиши шубҳасиз. Муҳими, бу каби ташрифлар мустаҳкам келишув ва изчил ҳамкорликка асос бўлиб хизмат қилади.

Эътироф этиш жоизки, «Турон», «Оқтош», «Ситораи Моҳи Хоса» каби нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам ­машҳур санаторийларимиз бор. Шунингдек, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби меъморий обидаларга бой, ҳунармандчилик ривожланган шаҳарларимиз меҳмонлар эътирофига сазовор бўлмоқда. Бу эса қардош қирғиз халқини бефарқ қолдирмаслиги турган гап. Бундан ташқари, Қирғизистондаги Иссиқкўл бўйида жойлашган «Мовий Иссиқкўл», «Қирғиз денгизи», «Етти Ўғиз», «Иссиқкўл-Аврора» каби табиати ва иқлими ажойиб санаторийлар юртдошларимизнинг мароқли дам олиши учун мунтазир. Демак, ҳамкорликдан икки томон ҳам бирдек манфаатдор.

— Ташрифимизнинг илк куниданоқ таассуротларимиз ўзгача, — дейди Қирғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси ўринбосари Жээнбек Осмоналиев. — Нафақат санаторийлар, балки болалар соғломлаштириш оромгоҳлари фаолияти билан танишишни ҳам ният қилганмиз. Бу эса ўзаро тажриба алмашиш баробарида, соғломлаштириш ва туризм соҳасидаги ҳамкорлигимиз мустаҳкамланишига хизмат қилади.

***

Куннинг иккинчи ярмида делегация аъзолари Тошкент вилоятида жойлашган «Бўстон» санаторийсида бўлишди. Санаторий юрак-қон томир, асаб, таянч-ҳаракат тизими ва гинекологик касалликларни даволашга ихтисослашган.

— Бу ерда минерал сув, балчиқ, электр билан даволаш, магнитотерапия, лазеротерапия, галомелотерапия, даволовчи бадантарбия, уқалаш, игнатерапия, парҳез  терапияси, фитобар ва кислород коктейли билан даволаш хизматларининг мавжудлиги диққатга сазовор. Янги усуллардан  нордик юриш, стоунтерапия муолажалари ҳам эътиборимизни тортди, — дейди «Мовий Иссиқкўл» санаторийси директори ўринбосари Бактыбек Мамбетов.

Делегация аъзолари «Оқ-тош» санаторийсига ҳам ташриф буюришди. Ушбу маскандаги мусаффо тоғ ҳавоси, дарёлардан келадиган табиий гидроионланиш нафас аъзолари касалликларини даволашда самарали таъсир қилади.

Қайд этилганидек, дам олувчилар физиотерапия, лазеротерапия, ингаляция, тузли ғор, сув билан даволаш, ванналар (игнабарг­ли, тузли), туз ғори, бассейн, сауна, ­­ингал­я­ция, парафин ва озокерит билан даволаш, уқалаш, сув ости уқалаш муолажалари, даволаш бадантарбияси, терренкур, пар­ҳезли овқатланиш каби муолажаларни қабул қилишади. Санаторий ҳудудида маданият саройи, кинозал, кутубхона, спорт майдончалари, суратга олиш хизматлари, сартарошхона, автомобилларни сақлаш жойлари, чойхона ҳам мавжуд бўлиб, бу каби имкониятлар дам олувчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришини таъминлайди.

***

Делегация «Қуёшли», «Баркамол авлод» ҳамда «Ёшлик» болалар соғ­ломлаштириш оромгоҳлари фаолияти билан танишишди. Бу ерда болажонларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун яратилган шароитлар барчага манзур бўлди.

Жумладан, «Қуёшли» оромгоҳида болалар учун турли фанлар бўйича машғулотлар билан бирга бадиий ижодиёт, спорт-соғломлаштириш тўгараклари иш олиб боради. Чимён тоғи бағрида жойлашган ушбу сўлим масканда таълим-тарбиянинг инклюзив шакли кенг йўлга қўйилгани аҳамиятга молик. Бу ерда умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг «Меҳрибонлик» уйлари ва махсус мактаб-интернатлар тарбияланувчилари билан биргаликда соғломлаштирилиши болаларда ўзаро ёрдам, бағрикенглик, хайрихоҳлик, ўз кучига бўлган ишонч, ирода ва қатъият каби фазилатларни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Ёшлик» болалар соғломлаштириш оромгоҳи ҳам замонавий, янги стандартларга мос меъморчилик талаблари асосида қурилган. Оромгоҳ ётоқхоналаридаги икки ва уч кишига мўлжалланган хоналар барча қулайликка эга. Ўқув хоналари эса замонавий мебеллар, компютер, спорт анжомлари билан жиҳозланган. Очиқ ва ёпиқ сув ҳавзаси, ёпиқ стадион, спорт мажмуаси, аквапарк, сунъий кўл, сув атракционларидан иборат ўйин майдончаси, ҳайвонот олами бурчаги болажонларнинг севимли масканига айланиши аниқ.

Шунингдек, қирғизистонлик меҳмонлар Навоий кон-металлургия комбинати тасарруфидаги «Металлург» соғломлаштириш мажмуаси ҳамда Олмалиқ кон-металлургия комбинати тасарруфидаги «Олтин-олма» дам олиш уйига ташриф буюриб, улар фаолияти билан танишдилар.

— Ўзаро ташрифлар яхши самара бераяпти. Муносабатларни янада ривожлантириш бўйича келишувларга эришаяпмиз, — дейди «Касаба сайр» шўъба корхонаси директори Тўлқин Хидиров. — Жумладан, келгусида Қирғизистон фуқароларининг водий вилоятлари орқали тарихий шаҳарларимизга ­саёҳатларини уюштириш, санаторийларимизда дам олишини ташкил этиш мўлжалланмоқда. Шунингдек, Қирғизистоннинг Иссиқкўл атрофидаги хушманзара табиат қўйнида жойлашган санаторийларига фуқароларимизнинг мунтазам боришини йўлга қўйиш режалаштирилаётир.

***

Ташрифнинг тўртинчи ва бешинчи кунлари ҳам мазмунли кечди. Мусаффо ҳаво, шифобахш сув ва даволовчи балчиқлар асаб тизими ва ошқозон-ичак касалликларига чалинган беморлар соғлиқларини тиклаш учун мўлжалланган «Ботаника» санаторийси меҳмонларга ўз имкониятларини намойиш этди.

Пойтахтимиз бўйлаб саёҳат, жумладан, замонавий мегаполисга айланиб бораётган шаҳардаги кўркам ва бетакрор иншоотлар, равон йўллар, бир-биридан гўзал хиёбонлар делегация вакилларида ўзгача қизиқиш уйғотди.

«Афросиёб» поездида Самарқанд шаҳрига сафар меҳмонларга кўтаринки кайфият бахш этди. Қадимий шаҳар бўйлаб саёҳат эса уларни янада ҳайратлантирди. Жумладан, улар Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси, Мирзо Улуғбек расадхонаси, Шоҳи Зинда ёдгорлиги ва бошқа тарихий қадамжоларда бўлишди.

— Марказий Осиёда ягона бўлган «Афросиёб» тезюрар поездига чиққанимдан фахр­ландим, — дейди «Иссиқкўл-Аврора» санаторийси директори Гулнара Молдалиева. — Самарқанд шаҳрининг илм-фан, маданият ва сайёҳлик каби жабҳалардаги салоҳияти ўзаро алоқаларимизни янада мустаҳкамлаш, узоқ муддатли ҳамкорлигимизни юқори ­босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Меҳмонлар қадим маданиятимиз ва миллий давлатчилигимиз тарихининг тимсоли, меъморлик санъатимизнинг юксак намунаси бўлган бетакрор обидалар ўзларида унутилмас таассурот қолдирганини алоҳида таъкидлашди.

***

Юртимизда бўлиб турган қирғизистонлик меҳмонларнинг бугун «Чинобод» санаторийси фаолияти билан танишиши кўзда тутилган.

Акмал ТОШЕВ,

«Ishonch» мухбири.

 

Бошқа хабарлар