Интилганга  толеъ ёр

258

Текис ва  равон   йўлларда қушдай  енгил ҳаракатланаётган  автомобилларга қараб беихтиёр фахр-ифтихор ҳисси уйғонади кишида.

Бу туйғу «Энг яхши ёш  ишчи касб эгаси» танловининг «Автомобилларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича механик» йўналиши бўйича республика бос­қичи  2-ўрин  сов­риндори,  «Тошкент  автотеххизмат» МЧЖ автосозловчиси Диёр Содиқовга, айниқса, яхши таниш.

Диёр оилада учинчи фарзанд. Ёшликдан автомобилларга меҳри ўзгача эмасми, ўқишни битириб, «Тошшаҳаравтотеххизмат»  корхонасига автоэлектрик сифатида ишга кирди. Кейинчалик авточилангар бўлиб ишни давом эттирди.

Ёш ишчи улуғларнинг «Ҳунар ўрган, чунки ҳунарда ҳар сир, ёпиқ эшикларни очар бирма-бир» деган  ҳикматини доимо ёдида тутади. Уни носоз автомобилларни маромига етказиб тузатгани учун «Қўлигул уста» дея ҳурмат билан тилга олишади. Автомобилнинг тузилиши, унинг эҳтиёт  қисм­лари, умуман олганда, ҳар бир автоулов у учун сирли дунё  бўлиб кўринади. Шу боис соҳага тегишли илмий-техник адабиётлар мутолаасини кундалик эҳтиёжига айлантирган.

Халқимиз орасида «Чумчуқ сўйса ҳам қассоб сўйсин», деган мақол бор. Ёш ишчи автомобилларга кўзи тушгандаёқ унинг оғриқ нуқтасини топишдек ноёб қобилият эгаси.

— Доимо устозларимнинг тажрибаси ва кўмагига таянаман, — дейди у. — Дастлаб, корхонага  қадам қўйган  илк дақиқаларимдан уларнинг самимияти ва қўллаб-қувватлашини ҳис қилганман. Келгусида ўзим ҳам хусусий автосервис хизмати ташкил этиш орзусидаман.

 

Нозима УМАРОВА,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар