Иш берувчи ғамхўр бўлса…

5

Касаба уюшма ташкилоти етакчиси ходимлар манфаати ҳақида астойдил қайғуриши керак, албатта. Иш берувчи ходимларга ғамхўр бўлса яна ҳам яхши, нур устига аъло нур деяверинг. Шербой Шеров Қаш­қадарё вилоят Давлат санитария-эпидемиология назорат марказида бош шифокор бўлиб иш бошлаганининг дастлабки кунлариданоқ эътиборни ходимларга қулай ва хавфсиз меҳнат шароитлари яратишга қаратди.

Хоналарнинг эшик ва деразалари, стол-стуллари янгиланди, тегишли техник воситалар олиб келиниб, ёзда салқин, қишда иссиқ бўлиши таъминланди.

Барча ходимларга  компютер берилди.

Идора ҳовлисида илгари сув йўқ эди. Тезлик билан ушбу муаммо ҳал этилди.

Мажлислар зали ҳамда маънавият ва тарғибот маркази таъмирланиб, зарур анжомлар билан жиҳозланди.

Байрам саналарига бағишлаб, турли маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш, илғор ходимлар, фахрийларни рағбатлантириш ишлари сифат ва сон жиҳатдан яхшиланди.

— Иш берувчининг ғайрат ва шижоати ходимларга қўшимча ишчанлик, руҳ бағишлади, — дейди касаба уюшма қўмитаси раиси Умбар Норқулов. — Халқ саломатлигига, экология, атроф-муҳит тозалигига ҳисса қўшиш, юқумли ва бошқа касалликларнинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, профилактик чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилган саъй-ҳаракатлар кучайтирилди.

Меҳнатга яраша рағбат, дейишганидек, яқинда тиббиёт ходимлари куни муносабати билан 182 нафар ходимга устама пуллар берилди.

Жорий йилда 30 нафарга яқин ходим турли сиҳатгоҳларда саломатлигини тиклади, 56 нафар ўғил-қиз Яккабоғнинг Мирзо Улуғбек номидаги оромгоҳида ҳордиқ чиқарди.

Эътиборда гап кўп. Ҳар бир ходимнинг таваллуд санасида китоб ва гуллар билан муборакбод этиш анъанага айланди.

Жамоамизда фахрийларга эъзоз, ёшларга кўмак кўрсатиш асосий вазифалардан саналади. Тадбирларга Замон Жумаев, Жўра Эминов, Олим Хидиров каби фахрийларимизни таклиф этамиз. Улар эса ёшларга ўзларининг бой ҳаётий тажрибаларидан сўзлаб беришади.

Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили муносабати билан «Виртуал қабулхона» ташкил этилди ва бўлаётган ҳар бир мурожаат  ижобий ечимини топаяпти…

Ходимлар билан суҳбатлашар эканмиз, уларнинг ишидан, бўлаётган ижобий ўзгаришлардан мамнун эканини англадик.

Экология ва халқ саломатлиги ахборот бўлими бошлиғи Қудрат Бегмаматов, эпидемиолог шифокор Равил Музаффаров ва бошқалар марказдаги иш берувчи ва касаба уюшма қўмитаси раисининг ижтимоий шерикликдаги фаолиятини эътироф этишди.

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch« мухбири

 

 

Бошқа хабарлар