Кенгликларга суянган одамлар

127

Сирдарё кенгликлари ўзига хос. Бу ҳудудлар не-не машаққатлар эвазига обод бўлганлигини ўша давр одамлари эслаб юришади. Зеро, уларнинг йўли ҳамиша биз учун мактабдир.

Автобус Янгиер шаҳридан чиқиб, Меҳнатобод чўлларига йўл олади. Янгиер, Пахтакор, Холмат Норчаев номли сув истеъмолчилари уюшмасидан сўнг Эргаш Қаҳҳоров номли сув истеъмолчилари ҳудуди бошланади. Меҳнатободликлар  тарихидан сўз очилса, чўл азамати Холмат Норчаевни ҳурмат билан тилга олишади. У 1978 йилда 100 дан ортиқ оиланинг Бахмал тоғларидан келиб ўрнашишида, иш билан таъминланишида бош-қош бўлган. Инсон қўли гул, дейдилар. Қақраган чўл ўртасида кичик шаҳарча — Қаҳрамон посёлкаси ва унга ёндош хўжалик пайдо бўлади. Меҳнатобод қўрғонини Сардоба чўллари билан туташтирган ҳудуд Эргаш Қаҳҳоров номли сув истеъмолчилари уюшмасига қарашли.

Меҳнатободдан катта таассуротлар билан қайтдим. Бу чўлларда биз билмаган, оилапарвар, халқи, Ватанига содиқ, эрта-ю кеч фарзандларининг бахтини ўйлайдиган самимий қалб эгалари қанча? Улар юрт фахри, хонадонимиз кўрки. Шуларни ўйларканман,  қорақалпоғистонлик ажойиб шоир ­Ҳайитбой Набираевнинг қуйидаги сатрлари ёдимга тушди:

 

Мунаққид не айтса, уққанин  айтсин,

Елинчак гулларни ҳидламайман мен.

Ҳолбуки, бу олам ниҳоятда кенг,

Мен кенгликларга суянаман!

Мен кенгликларда суюнаман!

Мирзачўл… Мирзаобод…   Мирзаариқ…

***

— Мирзачўлнинг тарихи жуда узоқ, — дейди Мирзаобод туманидаги 8 март қишлоғида истиқомат қилувчи 91 ёшли отахон Рустам Бобомуродов. — Қадимда бу ерлар тўқайзор ва ёввойи ўсимликлар макони бўлган. Ерни ўзлаштириш сиёсати бошланган пайтда Мирзачўл ҳудуди, кейин каналда сув келгач, у Мирзаариқ, ҳозирда Мирзаобод тумани номини олган.

Дарвоқе, Рустам Бобомуродов шажараси ҳақида узоқ йиллик изланишлар ҳали-ҳамон  тўхтамайди. Уларнинг оиласи Зомин тоғларининг Найман қишлоғидан иккинчи жаҳон уруши давридан аввал кўчирилган. Отахон узоқ йиллар Ўзбекистон темир йўлларига қарашли хўжаликда деҳқончилик қилиб, турмуш ўртоғи Улмон момо билан 2 ўғил, 2 қизни вояга етказган, «Темир йўллар фахрийси» унвонига эга. Отахон шеърият ва маънавият шайдоси. Унинг болалар учун 2 та, шунингдек, «Беш кунлик дунё», «Қалб кенгликлари» китоблари чоп этилган. «Найман шажараси» китоби эса энди дунё юзини кўради.

Рустам ака билан суҳбатлашиб, чўл одамларининг ҳаётга интилиши, шукронаси, умуман, Ватанни оддий фарзанд сифатида катта меҳр, муҳаббат билан севишига, ардоқлашига ҳавасим келди.

Айтганча, яқинда вилоят марказида бўлиб ўтган қовун сайлида мирзаободликлар энг юқори ўринни эгаллашди. Халқ орасида «Метровка», «Торпедо», «Жиян уруғ» номи билан танилган «Мирзачўл оқ уруғи»нинг экспорт ҳажми 1000 тоннадан ошиши кутиляпти. Қовун сайлида қайта ишловчилар мазкур табиат неъматидан тайёрланган 25 турдаги қиём ва ширинликларни таклиф этишди, ҳатто мирзаободлик яна бир деҳ­қон Доно Абдуллаева қовундан ёғ олиш технологиясини исботлаб берди.

Мирзаободлик бир гуруҳ қовунчилар хорижлик тадбиркорлар таклифи билан унинг агротехникасини ўргатиш бўйича АҚШнинг Калифорния штатида, Доминикан ҳамда Грузияда бўлиб қайтишди. Донг таратиш деб балки шуни айтишса керак-да!..

***

Сирдарё туманидаги 7-умумтаълим мактаби директори, Халқ таълими аълочиси 87 ёшли Миразим Йўлдошев ҳаёт йўли бугунги ёшларимиз учун катта сабоқ. Отахон асли Фориш туманида туғилган. 1960 йили Низомий номидаги педагогика олийгоҳида ўқиган. Педагоглик фаолиятининг 55 йили раҳбарлик билан боғлиқ. 7-умумтаълим мактаби кейинги 10 йил давомида барча кўрсаткичлар бўйича намунали таълим масканига  айланган. Аёли Замира Йўлдошева  билан 11 нафар фарзанд — 4 ўғилу 7 қизни вояга етказган. Улар 56 набира, 14 чевара, 6 эвара кўрган пири бадавлат оила соҳибларидир.

Миразим ота Сирдарё вилоятида ҳали муаллим етишмаётган кунларда  ёшларга сабоқ берган. Отахон чўл заҳматини бирга чеккан марҳум Жума ва Тилов Мамановлар, Умар Хўжаев, Қўзибоқар Синдоров, Ҳикмат Жавлонов, Ҳафиз Нишонбоевни кўп эслайди.

Сирдарё вилоятида кекса муаллимнинг шогирдлари кўп. Ўтган йили тадбиркор Баҳодир Юсупов ўзи ўқиган мактабни таъмирлашда саховат кўрсатди. «Темур Форм» корхонаси масъул ходими Ҳусан Йўлдошев мактаб мураббийларининг доимий ҳамроҳи. Мактабнинг собиқ ўқувчилари тиббиёт фанлари доктори Ҳусниддин Раҳмонов, техника фанлари доктори Ҳаким Муродов эса байрамларда устозларини йўқлашни канда қилишмайди.

— Ўзимга илк ҳарф ўргатган устозим Карим Орзиқулов 100 ёшни қаршилаш арафасида, — дейди Миразим Йўлдошев. — Болалигимиз оғир уруш йилларига тўғри келган. Мактабимиз қулаб тушгач, тошнинг устида ўтириб, дарс тинглардик. Қоғоз йўқлигидан колхознинг бухгалтерия қоғозлари устига бўёқ билан ёзиб, ҳарф таниганмиз. Интилган, борки, барча эзгуликларни кўраверар экан. Худога шукр, бугун ўзим нуроний устозман. Шогирдларим доимо парвона, хизматларим муносиб тақдирланган. Бир инсонга яна нима керак.

Сирдарёдан олам-олам таассуротлар билан қайтдим. Бу кенгликларда ҳаётнинг аччиқ-чучугини кўрган ана шундай бағрикенг одамлар яшайди. Мен эса Президентимиз Шавкат Мирзиёёевнинг: «Мендан қайси оила энг бахтли оила, дея сўрашса, уйида кекса отахон ва онахонлари бор оила деб айтар эдим», деган сўзлари нақадар чуқур маънога эга эканлигига яна бир бор имон келтирдим.

Ўлжабой ҚАРШИЕВ

 

Бошқа хабарлар