Кечикиб очилган кўз…

223

Ичкари зим-зиё эди.

Йигит шу топда ўзининг аҳволига ачинди.

Бундоқ қараганда ҳаётининг мана шу қоронғиликдан нима фарқи бор? Агар тўғри қадам босганида, айни ўйнаб-куладиган пайтида мана бу сим тўсиқда ўтирармиди?! Фақат, бугина эмас…

Унинг қилмиши туфайли отаси ҳаётдан бевақт кўз юмди. Онаси эса зор қақшаб қолди. Сингилларининг боши эгик.

Жамики хатоларини кейинги кунларда англаб етди у. Нега бунча кеч?

Энди қоронғиликка кўзи сал-пал ўргангандек бўлди. Шунда сезиб қолдики, машинанинг қайсидир тирқишидан бир тола нур ичкарига оқиб кираётир. Эзилган кўнгли озгина ёришди. Шуури тиниқлашди. Ўтган кунларини бирма-бир эслай бошлади…

— Ой чиқса ҳам, кун чиқса ҳам шу болага экан-да! Қизларингизни ҳеч эркалатмай қўйдингиз, — дея ўпкаланди бир куни онаси.

— Қизлар сизники, хоним, — деди кулиб ота. — Бу той бола менинг изимда қолади. Қани ота ўғил, елкамга чиқ, боғни бир айлантириб келай.

Акмалжон ўшанда беш ёшда эди.

Бир куни ҳаммалари сўрида чой ичиб ўтиришса, маҳалла оқсоқоли Насим бобо кириб келди. Отаси унга юқоридан жой кўрсатиб, ўтиришга ундади. Она чойни янгилаб келди.

Бобо иссиқдан ўзини елпиб, сўри пастида ўйнаб ўтирган Акмалга буюрди: «Бир косада муздаккина сув опке, болам…»

Йигитча сув келтирди, «Барака топ, болам», деди бобо косани икки қўллаб ушларкан.

Шунда… Акмал оғзига тўлдириб келган сувни бобонинг юзига қараб пуркади…

— Ваҳ-ҳа!

— Э, тарбиясиз, бу нима қилганинг! – ўрнидан туриб кетди бобо. Унинг соқолларидан чак-чак сув томчиларди.

Отаси кулгудан ўзини базўр тийиб, деди:

— Қўйинг, аччиғингиз чиқмасин, ёш бола-ку, бу!

Бобонинг овози титради:

— Нимаси ёш бола экан? Сен бунинг ёшида Салим темирчи ясаган буюмларни бозорга опчиқиб, пул топардинг, ёдингдан чиқдими? Ўв, бола, сени ҳурмат қиламан-а. Бўлмаса-ку, мана бу мишиқининг нақ қулоғини узиб қўлига берардим!

Оқсоқол этагини силкиб, чиқиб кетди. Ота эса ҳеч нарса бўлмагандек, ўғлининг сочларини силаб қўйди.

Икки кун ўтиб, уларникига қўшни аёл чиқди. «Ўғлингиз бугун бузоқчамизнинг оёғини уриб синдирибди. Болангизнинг қилиғини билиб қўйинг, деб чиқдим-да, ахир кўздек қўшни бўлсак…»

Онаси кулди:

— Вой опажони-ей, шунгаям шунча ваҳимами? Кечқурун отаси келсин, пул опчиқиб берамиз, бузоғингизни даволатасиз.

Қўшнининг энсаси қотди: «Қизиқ аёл экансиз-ку, гап пулдами, ахир?!»

Кечқурун отаси бу «ҳангома»ни эшитиб сапчиб тушди: «Ўзингизам жуда соддасиз-да, хоним. Бузоқнинг оёғини синдириш бунга зарил кептими? Каттароқлари қилгандир бу ишни. Муштдай болага айб тўнкагани уялинг-а, демадингизми?»

Онаси лабини тишлаб жим қолди…

Бувиси меҳмонга келган ўша куни уйларида байрам бўлиб кетди. Онаси югуриб-елиб дастурхон ясатди. Чучвара тугди. Ота ҳам ишдан қайтди. У ҳар кунги одати бўйича эшикдан кирибоқ, «Қаердасан, ўғлим. Қани кел, соғиниб кетдим», деб сўроқлади.  «Ойим келганлар», деб ичкарига имо қилди хотини. Меҳмонга салом бергач, шоша-пиша: «Ойижон, Акмалнинг бўйи чўзилибдими, қалай?» деди.

Куёвининг тузукроқ сўрашмасдан туриб дарров боласидан гап очгани кампирга малол келди.

«Ҳа, бўйи ўсибди», деб қўяқолди.

Лекин эртасига уйига қайтаётиб қизига тайинлади:

— Болани бунчаям эркалатиб юборманг­лар, ҳамма қатори ўссин.

Ўшанда Акмал ўн ёшда эди.

Шундан сўнг отаси унинг қўлига тез-тез пул тутқазадиган бўлди. «Мана, ота ўғил, энди йигит бўп қолдингиз. Ўртоқларингиз ичида сал бойваччароқ бўлиб юринг-да!»

Акмал бу пулларни нима қилишни билмас, дўконга кириб кўзига нима ташланса, шуни оларди. Бу «бойвачча» болакай маҳаллада кун бўйи бекор юрадиганларнинг эътиборини тортди. Улар Акмални ўзларига қўшиб олишди. Буни кўрган оналар энди ўз болаларини Акмалдан четроқ юришга ундашарди. Йигитча эса ўша безори болаларнинг йўриғига юрар, баъзан кун бўйи кўчадан бери келмасди.

Ҳаммаси шундан сўнг бошланди. Акмалда ғалати одатлар пайдо бўлди. У ҳеч бир сабабсиз дарсни ташлаб чиқиб кетар, синфда қизларнинг сочини бир-бириникига боғлаб қўяр, гоҳ ўқитувчи ўтирадиган стул оёғини синдириб, «томоша» кўрсатарди. Суриштириш бошланганда синфдагилар Акмалнинг «безори» оғайниларидан чўчиб, лом-лим дейишмасди. Буни кўргач, у «ҳамма болалар мендан қўрқади» деб ўйлар, сўнг яна янги-янги қилиқлар ўйлаб топарди.

Шу кўйи мактабни базўр битирди. Отаси энди енг шимариб ҳаракатга тушиб кетди. Мақсади, Акмални бирор институтга жойлаш эди. Лекин, «ҳаракатлари» фойда бермади, йигитча биринчи имтиҳонданоқ қулади.

— Ўғлим, — деди бир куни отаси. — Мана мен ҳам катта ўқишларда ўқимаганман. Лекин, манаман деган амалдорлар соямга кўрпача ёзишади. Замон пули кўпники. Сен бироз ўйнаб ол. Сўнг савдо дўкони очиб бераман, ўшани юритаверасан.

Хуллас, ўша «ўйинқароқ» кунларнинг бирида жуда хунук воқеа содир бўлди. Оғайнилари уни аллақандай жойга таклиф этишди. Зиёфатдан сўнг ўйин бошланди. Кўзи пишган янги танишлари уни катта пулга туширишди.

Унинг «қўлга тушганини» кўрган эски оғайнилари шу заҳотиёқ жуфтакни ростлашди. Бу ёқдагилар эса ундан пул талаб қилишди, пичоқ кўрсатиб қўрқитишди. Шунда Акмал отасини рўкач қилиб қутулиб кетмоқчи бўлди. «Отамнинг савдо дўконлари бор. Мен бунча пулни тўлолмайман, отамдан ундирасизлар», деди.

«Уйинггача ўзинг бизни кузатиб қўясан. Лекин отанг бизга пул бермаса-чи?» ­дейишди.

«Бирор нарса билан туртиб, сал қўрқитсанг­лар, беради», деди чорасиз қолган Акмал…

Ўша куни ота безорилардан оғир жароҳат олиб ҳушини йўқотди. Қўшниларнинг сергаклиги билан безорилар қўлга тушди. Шунда Акмалнинг сири фош бўлди. Иш судгача борди. Судда «ота ўғил» ўз қилмишларини бўйнига олгач… касалхонада ётган жойидан суд залига келтирилган отанинг аҳволи оғирлашди.

«Тез ёрдам» чақирилди. Лекин бу гал касалхонада кўп ётмади. Ҳаётдан кўз юмди.  Бос­қинчиларга қамоқ жазоси берилди. Акмал ахлоқ тузатиш колониясига жўнатилди.

…Ўша куни уни сим тўсиқли машинага олиб чиқишаётганида атрофига аланглаб, кимнидир қидирди. Сал нарида икки қизни бағрига босиб йиғлаб турган онасига кўзи тушди. Тўхтаб қолди. Ортига қайтгиси, онанинг бағрига бошини қўйиб: «Мени кечиринг, онажон! Ҳаммасига мен айбдорман! Отамнинг ўлимигаям, сиз ва сингилларимнинг кўз ёшларигаям мен сабабчиман!» дегиси келди.

Акмалнинг кўзларидан дувиллаб ёш ­қуйилди. «Энди орқага йўл йўқ! Ҳаммаси тамом». Хаёлидан ўтган шу сўз юрагини ­зирқиратиб юборди. Сўнг, машина эшиги қаттиқ ёпилди.

…Ичкари зим-зиё, фақат тирқишдан бир толагина нур оқиб кирарди. Ожизгина бўлса-да, шу нур ҳозир Акмалга куч-қувват берар, ўз хатоларини тушуниб, бир тўхтамга келмоғи учун имкон яратаётгандек эди.

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА

 

Бошқа хабарлар