Кореяда Зулфияхоним шеърлари, Абдулла Қаҳҳор ҳикояларини ўқишади

5

 

Ўтган ҳафта мамлакатимиз сиёсий ҳаётида муҳим воқеалар юз берди. Айниқса, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Жанубий Кореяга расмий ташрифи юқори аҳамият касб этди. Ташриф доирасида имзоланган ҳужжатлар, келишув ва келажак режалар Ўзбекистоннинг муҳим стратегик шерикларидан бири бўлган мазкур давлат билан алоқаларини янги босқичга олиб чиқиши шубҳасиз.

 Ташриф чоғида икки мамлакат ўртасида савдо-иқтисодий, инвес­тициявий, молиявий-техникавий ва бошқа соҳаларга оид умумий қиймати 10 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 60 дан зиёд ҳужжатлар имзоланди. Шундан 4,5 миллиард доллари тўғридан-тўғри инвестициялардир. Дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бири ҳисобланувчи Жанубий Кореяда Ўзбекистон Президентига кўрсатилган юксак эҳтиром, ҳурмат ва эътиборни телевизор орқали кузатар эканмиз, қалбимизни ғурур туйғуси чулғаб олди. Давлатимиз раҳбари сафар доирасида БМТнинг собиқ Бош котиби, Хал­қаро Олимпия қўмитасининг этика комиссияси раиси Пан Ги Мун, Корея Республикаси Президенти Мун Чжэ Ин, Бош вазири Ли Нак Ён, Миллий Ассамблея Спикери Чон Сэ Гюн, Сеул шаҳри мэри Пак Вон Сун, республикадаги йирик корпорациялар, маданият марказлари раҳбарлари билан учрашди.

Таъкидлаш керакки, шу йил 30 декабрда Тинч океан минтақаси давлатлари орасидан Жанубий Корея биринчи бўлиб ватанимиз ­мустақиллигини тан олганига 26 йил тўлса, январ ойида икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар кенг миқёсда йўлга қўйилганига 25 йил бўлади.

Чорак аср давомида мамлакатларимиз ўртасида иқтисодиёт, сиёсат, қишлоқ хўжалиги, оғир ва енгил саноат тармоқлари билан бир қаторда таълим соҳасида ҳам кенг кўламли ҳамкорлик давом этиб келмоқда. Айниқса, илмий-техникавий, маданий ҳамкорлигимиз кун сайин ривож топиб бораётир. Биргина Тошкент давлат шарқшунослик институтида маданий-илмий тажриба алмашиш борасида катта ишлар амалга оширилди. Институтнинг шарқ филологияси факултетида араб, эрон-афғон, япон, корейс филологияси сингари тўққизта кафедра фаолият олиб бормоқда. Улар орасида корейс филологияси кафедраси ажралиб туради.

Бардавом дўстона алоқалар

— Охирги икки йил мобайнида нафақат институт талабалари, балки,  ўзбек ёшлари орасида корейс тилини ўрганишга қизиқиш ошган, — дейди факултетнинг ўқув ишлари бўйича декан ўринбосари Муҳаммаджон Орипов. — Биласизми, факултетимиз Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўзига хос кўприк вазифасини бажариб, давлатларимизнинг таълим йўналишидаги ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаб келмоқда.

Маълумотларга кўра, институт ­миқёсида ҳар йили таълимнинг турли йўналишлари, яъни иқтисодиёт, тарих, филология бўйича маълум бир шартлар асосида саралаб олинган  ўндан зиёд талаба Жанубий Кореяга жўнатилса, ушбу мамлакатдан ҳам шунча талаба бу ерда таҳсил олиш имконига эга. Кафедрада Ким Сорий, Чве Соён, Ли Марк каби корея­лик мутахассислардан иборат ўқитувчилар волонтёрлик асосида ўз тажрибаларини институт ўқитувчи ва талабалари билан ўртоқлашмоқда.

— Корейс филологияси кафедрасида 163 нафар талаба таҳсил олмоқда, — дея сўзини давом эттиради М.Орипов. — Бир неча йилдан буён кореялик ва ўзбекистонлик талабалар ўртасида «Тelemost proekt»ида интерактив дарслар ҳам ўтказилаётир. Бунда аудитория бемалол кореялик талабалар билан  онлайн мулоқот асосида ўқув жараёнини олиб боради. Ўз-ўзидан кўриниб турибдики, мамлакатлар ўртасидаги мустаҳкам дипломатик муносабатлар таълимга таъсир кўрсатмоқда. Институтимиз ўқитувчилари эса ҳар куни янгидан-янги маълумотларни улашишдан чарчамайди.

Дарсларнинг инновацион технологиялардан фойдаланган ҳолда янгича методлар асосида ташкиллаштирилиши ёшларда қизиқиш уйғотади. Охирги йиллар давомида Узоқ Шарқ мамлакати билан таълим соҳасида бир қанча келишув ва шарт­номалар имзоланди. Шуларни ёрқин намунаси сифатида «Моддий техника базани ривожлантириш Корея маркази», республика бўйича икки институтда ташкил қилинган КОICА ташкилоти элект­рон кутубхонасининг очилишидир.

— Ўқийман, изланаман, деган ёшларга барча шароит яратилган. Мисол учун, институт талабалари гранд асосида Ҳан шин, Сун Чон, Сун Мун сингари Жанубий Кореянинг нуфузли университетларида ўқиш, шунингдек, корейс тили ва маданияти маркази ҳамкорлигида таълим саёҳатларини ҳеч қандай чекловларсиз ўтказиши мумкин.

— Институтнинг 3-босқич талабасиман, — дея ўзини таништирди Азиза Ҳидоятова. — Биринчи курсни тамомлаб ёзги таътилга чиқиш арафасида олий таълим муассасасалари талабалари учун Корея Республикасида беш кунлик маданиятлар танишуви саёҳати уюштирилди. У ерда бўлганимда маҳаллий халқнинг, у оддий такси ҳайдовчиси бўладими ёки дўкон сотувчисими, она заминимиз ҳақида кўплаб маълумотларга эгалиги мени ҳайратлантирди.

Бугунги кунда ўзбек адабиёти намуналарини корейс тилига таржима қилишга ҳам кенг эътибор қаратилмоқда. Факултет талабалари ва устозлари ҳамкорлигида Абдулла Қаҳҳорнинг ҳикоялари, Зулфиянинг шеърлари, қолаверса, миллий адабиётимизнинг бошқа намояндалари асарлари корейс тилига ўгирилди. Таржималар корейс китобхонлари томонидан самимият билан кутиб олинди.

 

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,

журналист

 

Умид Исроилов,

Шарқшунослик институтининг

халқаро бўлими бошлиғи:

— Институт ташкил этилган кундан корейс филологияси кафедраси очилди. Дастлабки пайтлар фақат корейс тили ва адабиёти ўтиларди. Кейинчалик Корея иқтисодиёти, тарихи, фалсафаси, сиёсати дарслари қўшилди. Институтимиз Жанубий Кореянинг 20 дан ортиқ олий таълим муассасалари билан шартнома имзолаган. Шу муносабат билан илмий конференциялар, онлайн учрашувлар ташкиллаштирилмоқда. Кореяда ҳам кўплаб ўзбек тили маданияти марказлари мавжуд. Мисол учун, «Ҳангугча» ўзбек тили ва адабиёти кафедраси бор. Унда кореялик талабалар ўзбек тилини мукаммал ўрганиб, йил охирида бирор-бир асар тилини илмий иш сифатида ёритиб беришади. Келажакда режалаштирилган ишлар кўп. Шулардан бири Сун Чон, Чон Нам миллий университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш орқали янгича таълим методларини олиб келиб, таълим самарадорлигини оширишдир.

 

Чои Со Ёунг,

 Профессор  (волонтёр):

— Бундан саккиз йил олдин Ўзбекистонга келганман. Ўзбек ёшлари менда илиқ муносабат уйғотди. Талабаларнинг тилимизга бўлган қизиқиши мени ҳайратлантирди. Эҳтимол, икки тилнинг ўхшаш грамматик тузилишга эгалиги бунга сабабдир. Нима бўлганда ҳам улар тилни тезда ўзлаштириб олишади. Корейс тили филологияси факултети тилни ўргатиш бўйича Марказий Осиё мамлакатлари ичида ягонадир. Айтганча, ўрганувчи талабалар сони кундан-кун кўпаяётганлиги туфайли кафедрани факултетга айлантириш мақсадга мувофиқ деган фикрдаман.

 

Моҳира Қутбиддинова,

институтнинг 3-босқич талабаси:

  • Кореянинг Хан Шин университетида таълим гранти асосида бир йил ўқиш имкониятини қўлга киритдим. Ўтган фурсат давомида, албатта, корейс тилини тўлиқ ўрганиш имконига эга бўлдим. Шу сабабли Ватанимизга қайтгач корейс халқининг машҳур «Бизнинг қанот» асарини ўзбек тилига профессор Чои Со Ёунг ҳамкорлигида таржима қилишни бошладим. Мен изланувчан ёшларга кенг шароитлар яратилган юрт фарзанди эканимдан фаҳрланаман.

 

Бошқа хабарлар