Меҳр-мурувватдан диллар чароғон

534

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 12 сентя­брдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш борасида Ўзбекис­тон касаба уюшмалар томонидан тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Ушбу хайрли фаолият республикамизнинг барча ҳудудларида кўтаринки руҳда ташкил этилмоқда.

Эътироф этишимиз жоизки, бошқа кўплаб соҳалар қатори ижтимоий соҳани ривожлантириш, кам таъминланган оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар бугун ўз самарасини бериб, халқимиз турмуш даражасидаги ижобий ўзгаришларда акс этмоқда.
Мазкур жараёнда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди. Ўрганиш натижаларига кўра уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтож оилалар аниқланиб, мазкур тоифадаги оилалар рўйхати тасдиқланди ҳамда 2017 ва 2018 йилларда аҳолининг кам таъминланган тоифаларига беғараз ёрдам кўрсатиш бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилди.

Ушбу дастурларга мувофиқ касаба уюшмалари томонидан кам таъминланган, уй-жой ва маиший шароитларини яхшилашга муҳтож оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, бугунгача республика бўйича 22 минг 200 хонадонга кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 1200 нафар беморга соғлиғини тиклаши учун 4 миллион сўмдан, 2200 оилага уй-жойларини таъмирлаш учун 10 миллион сўмдан моддий ёрдам кўрсатилди. Яна 400 оиланинг уй-жойга бўлган эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган муайян ишлар олиб борилмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида касаба уюшмалари вакиллари эҳтиёжманд оилалар хонадонларига бориб, зарур амалий ёрдамларни кўрсатаяпти.
Ана шундай хайрли ишлар пойтахтимиздаги бир қанча туманларда ҳам ташкил этилди. Хусусан, Касаба уюшмалари Федерацияси ҳамда Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши вакиллари Яшнобод туманидаги «Ширин­обод» маҳалласида истиқомат қилувчи Мухтабархон Ҳошимова хонадонида бўлиб, кўп болали ушбу оиланинг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш учун замонавий тикув машинаси ҳадя этди.
— Тақдир экан, турмуш ўртоғим вафот этиб кетган. 2 ўғил ва 4 қизим бор. Ўғилларимни уйлантирганман. Икки қизимни турмушга узатганман. Ушбу хонадонда ўғил ва келинларим, икки қизим, 12 набирам, шунингдек, турмушга узатган қизимнинг оиласи билан бирга яшаймиз, — деди Мухтабархон Ҳошимова. — 2017 йил бизнинг оила учун кўп яхшиликларни олиб келди. Президентимиз ташаббуси билан халқ турмуши фаровонлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган хайрли ишлар бизнинг оилани ҳам четлаб ўтмади. Бир ўғлимга оиласи билан Сергели туманида барпо этилган янги уйлардан беришди.
— Касаба уюшмалари томонидан берилган тикув машинаси оиламиз таъминотини яхшилаб, ўз тадбиркорлигимни йўлга қўйишим, бунинг ортидан рўзғоримизни бутлашим учун катта имконият беради, — деди ҳаяжонини яшира олмай М.Ҳошимованинг қизи, 2-гуруҳ ногирони Одила Ҳошимова. — Ёшлигимдан тикувчиликка қизиққаним боис болалар ­кийимидан тортиб катталар кўйлаклари, мебел жиҳозлари учун ғилофлар тикиш ҳунарини қунт билан эгаллаганман. Аммо қўлимиз калталик қилиб тикув машинаси сотиб ололмаётган эдик. Мана энди ниятларимиз ижобатини кўриб турибмиз.
Юнусобод тумани «Бодомзор» маҳалласида яшовчи Шораҳим Шоазимов ҳам тақдир тақозоси билан саломатлиги ёмонлашиб, ёрдамга муҳтож бўлиб қолган инсонлардан. Меҳр-оқибат бор бўлсин! У касаба уюшмалари томонидан шаҳар 7-сон клиник шифохонасига жойлаштирилди. Айни кунда беморнинг аҳволи анча яхшиланган.
— Шифохонага ётқизилганимда аҳволим ночор эди. Мана энди ўзимни анча тетик ҳис қилаяпман, — деди Шораҳим ота Шоазимов. — Менга кўрсатилаётган ғамхўрлик учун Президентимиздан, давлатимиздан ҳамда касаба уюшмалари мутасаддиларидан миннатдорман.
Шу ўринда таъкидлаш зарурки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаб бериш ишлари олиб борилмоқда. 1221 нафар эҳтиёжманд оилага эса маиший техника жиҳозлар тортиқ қилинди. Бундан ташқари, 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур ­маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилаяпти. Шунинг­дек, 22 нафар уй-жойга муҳтож фуқарони уй билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.
* * *
Чилонзор тумани ҳокимиятида ҳам шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами бўлган бир гуруҳ инсонларга электр маиший техника жиҳозлари тақдим этилди.
— Қувончим чексиз. Нега десангиз, Янги йил байрами арафасида менга ажойиб газ плитаси совға қилишди. Бунинг учун Президентимизга, ташкилотларчиларга чуқур миннатдорлик билдираман, — дейди Шоҳиста Исломова.
— Менга уй юмушларида жуда асқотадиган чангютгич туҳфа этишди, — дейди Ирода Давронова. — Янги йилни нафақат болажонлар, балки биз катталар ҳам жуда қувонч билан қарши олдик. Бунга сабаб­­чи ташкилотчиларга катта раҳматлар айтамиз. Илоҳим, юртимиз бундан-да равнақ топиб , фаровонлигимиз юксалиб бораверсин.
Таъкидлаш зарурки, давлатимиз томонидан кўрсатилаётган бундай эътибордан ижтимоий кўмакка муҳтож инсонларнинг кўнгиллари тоғдек кўтарилмоқда ва ҳар бир фуқаро эътиборда эканлигини чуқур ҳис этмоқда. Мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтириши билан бирга барчани савоб ишлар сари ундамоқда.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
Ўзбекистон касаба
уюшмалари Федерацияси
Матбуот хизмати раҳбари,
Давронбек ОРИПОВ,
«Ishonch» мухбири.

 

 

 

Бошқа хабарлар