Миллий ҳунармандчилик — давлатимиз эътиборида

335

 Президентимизнинг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармони ва «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори, айтиш мумкинки, асрий анъаналар асосида авлоддан-авлодга ўтиб келаётган ҳунар турларини асраб-авайлаш ва ёшларга ҳунар ўргатиш, халқ усталарининг меҳнатини рағбатлантириш, «Уста-шогирд» мактабларини ривожлантириш, ҳунармандларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш ва фаолиятини ривожлантиришга кўмаклашиш, миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари экспортини амалга оширишда мавжуд бўлган тўсиқларни бартараф этиш, уларга божхона ва солиқ имтиёзлари беришда муҳим қадам бўлди.

«Ҳунарманд» уюшмаси 1997 йилда ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда уюшманинг вилоятларда 13 та бошқарма ва 157 та бўлимлари фаолият кўрсатмоқда. Айни кунда 13 минг нафардан ортиқ ҳунармандлар уюшма аъзосидир.

Ҳозирда ҳунармандларнинг олдида турган муҳим муаммолардан бири, бу маҳсулот ишлаб чиқариш учун зарур бирламчи хомашёлар билан таъминлаш ва фаолият кўрсатишлари учун барча шароит мавжуд бўлган устахоналар ажратиш, ер майдонлари ва савдо жойлари билан таъминлаш бўлиб, кўриб турибмизки, эндиликда бу каби масалалар ўз ечимини топиши, шубҳасиз.

Фармонга асосан  «Ҳунарманд» уюшмасини Савдо-саноат палатасига уюшган аъзо сифатида аъзолик бадали тўловисиз киритиш; «Ҳунарманд» уюшмаси раисини мавқе бўйича Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосарига, «Ҳунарманд» уюшмасининг ҳудудий бошқарма бошлиғини Савдо-саноат палатасининг ҳудудий бошқарма бошлиғи ўринбосарига тенглаштириш; Савдо-саноат палатаси ҳузуридаги туман ва шаҳар Тадбиркорларга кўмаклашиш марказлари томонидан ҳунармандларга ўз тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга кўмаклашиши бўйича хизматлар кўрсатиш кабилар назарда тутилган.

Бу эса, ўз навбатида, ҳунарманд­ларнинг янада эркин фаолият юритишлари, хорижий давлатларда ўтказиладиган кўргазма-танловлар ва фестивалларда улар иштирокини кенгайтириш, маҳсулотларининг эркин савдосини амалга ошириш имконини беради.

Фармоннинг яна бир муҳим ва аҳамиятли жиҳати шундаки, 2017 йилнинг 1 декабридан ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари: ҳунарманд­чилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ озод этилиши, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилиши, қишлоқ туманларида рўйхатдан ўтган ва фаолиятини амалга ошираётган ҳунармандлар ўз фаолиятининг дастлабки икки йили мобайнида бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига белгиланган суғурта бадалининг 50 фоизини тўлашлари белгилаб қўйилган. Ҳунармандчилик ва амалий санъат маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи ҳунармандлар меҳнати ниҳоятда машаққатли ва узоқ вақт меҳнат  қилишни талаб этадиган соҳа бўлгани, ишлаб чиқарган маҳсулотларни ўша пайтнинг ўзидаёқ сотиш имкониятининг мавжуд эмаслиги, маҳсулотлар ўз харидорларини кутиб ­омборларда узоқ вақт туриб қолишини инобатга оладиган бўлсак, юқоридаги каби имтиёзлар уларнинг эркин меҳнат қилиши, бир-биридан бежирим ва чиройли, юксак даражадаги санъат асарларини яратишларида, ўз ҳунари сирларини ёшларга ўргатиши ва аҳолининг кенг қатламини ҳунармандчиликка жалб этиш ва бандлигини таъминлашда асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Ҳунармандларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисобрақамларидан чет эл валютасини нақд шаклда ечиб олиш ҳуқуқи берилгани ҳам айни муддао бўлди. Шунингдек, Фармонда доимий савдо қилиш жойларига эга бўлмаган ва вақтинчалик жойларда савдо қилувчи ҳунармандлар томонидан савдо қоидаларида назарда тутилган касса аппаратлари ва савдо терминалларидан фойдаланиш, савдодан тушган нақд пул тушумини тижорат банкларига инкассация қилиш ихтиёрий тартибда амалга оширилиши, ҳунармандларга хусусийлаштириш дастури доирасида («нол» харид қийматида) сотиладиган давлат мулки объектларининг баҳоланган қийматда (бошланғич инвестиция мажбуриятлари билан) очиқ савдоларга (танловга) қўйилмасдан тўғридан-тўғри шартнома асосида сотилиши (берилиши) ва бошқа шу каби кўплаб имтиёзларнинг берилишини ҳунармандларга кўрсатилган ҳиммат деб баҳолаш мумкин.

2018-2019 йилларда республикамизнинг 23 та шаҳар ва туманларида Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказлари барпо этилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги бозорлар, сайёҳлик, меъморий-маданий объектлар ҳудудида, шунингдек, йирик савдо марказларида ҳунармандчилик савдо расталари ташкил этилади. Мазкур Фармон билан ҳунармандларга ўз фаолиятларини ривожлантиришлари учун республика тижорат банклари томонидан жуда катта миқдорда имтиёзли асосда микрокредитлар ажратилиши белгилаб қўйилган. 2018-2019 йилларда қиймати 146,6 миллиард сўмга тенг 9 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилишини кўзда тутувчи 3015 та лойиҳа амалга оширилади.

«Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини янада такомиллаштириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарорида «Ҳунарманд» уюшмаси фаолиятини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари белгиланди. Қарорда Уюшманинг янги ташкилий таркиби белгилаб берилди ва уюшмани келгусида янада ривожлантириш, халқ бадиий ҳунармандчилигини асраб-авайлаш ва ривожлантириш соҳасида олиб борилаётган ишларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, миллий ҳунармандчиликни тарғиб этиш ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатишдаги ролини кучайтириш мақсадидаги фаолиятни такомиллаштиришдаги устувор вазифаларни рағбатлантириш каби муҳим масалалар ечими ўз ифодасини топди.

Ушбу Фармон ва Қарор, ўз ­навбатида, зиммамизга бир қатор муҳим вазифалар ва улкан масъулиятни юклайди. Унинг ижросини ўз вақтида таъминлаш, белгиланган топшириқларни амалга ошириш юзасидан Давлатимиз томонидан билдирилган ишончни оқлаш ва кўрсатилган юксак эътиборнинг қадрига етиш, халқимиз олдидаги бурчимизни астойдил адо этиш бизнинг бош мақсадимиздир.

Акобир Ҳакимов,

Республика «Ҳунарманд» уюшмаси раиси

 

 

Бошқа хабарлар