Миш-мишлар тасдиқландими? «Шаршара» колбасалари нега шубҳа остига олинди?

633

 

Юртимизда тадбиркорлар ўртасида соғлом рақобатни шакллантириш борасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётир. Ишлаб чиқариш кўлами кундан-кун кенгайиб, савдо расталари сифатли, хилма-хил маҳсулотлар билан тўлмоқда. Биз эса ҳар куни эҳтиёжимиздан келиб чиқиб, ўзимизга кераклисини харид қиламиз. Бироқ, гуруч курмаксиз бўлмаганидек, улар орасида усти ялтироқ, ичи қалтироқлари чиқади.

Шу йилнинг ноябр ойида пойтахтдаги «Sharshara» номи билан гўшт маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи «Gold Premium Product» МЧЖга тегишли корхонада маҳсулотга қўшиш режалаштирилган эшак гўшти топилгани тўғрисида хабар тарқалди. Тергов ҳужжатларига кўра, эшак гўшти Хоразм вилоятидан олиб келиниб, колбаса цехига ўтказилган.

Экспертлар хулосасича, тергов натижасида корхонага тегишли цехдан ашёвий далил сифатида олинган 275 кг. гўшт, истеъмолчининг соғ­лиги ва ҳаётига хавф солиши мумкин. Бу ишга алоқадор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.

6 декабр куни эса мамлакатимиз Бош прокуратурасига тегишли сайт орқали Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаментининг Тошкент шаҳар ва Хоразм вилояти бошқармалари томонидан ўтказилган тезкор тадбир давомида Хоразм вилоятидан Тошкент шаҳрига 69,6 кг эшак гўшти пойтахтимизнинг Олмазор туманида жойлашган «GOLD PREMIUM PRODUCT» МЧЖга қарашли «Шаршара» номли гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқариш цехига ўтказиш учун олиб келинганлиги аниқлангани тўғрисида хабар тарқатилди.

Таҳририятимиз масаланинг, ҳуқуқий, ахлоқий ва шаръий томонларини таҳлил қилиш мақсадида қатор ташкилотларга мурожаат қилди. ­Қуйида турли идораларнинг мавзу юзасидан муносабатлари баён этилмоқда.

Шов-шувлар авжига чиққан илк кунлари, аввало,  Республика давлат санитария-эпидемиология назорати маркази мутахассислари билан боғландик. Марказнинг  Қамариддин ­исмли ходимидан: «Эшак гўшти инсон ­соғлиғи учун хавфли эмас-ку», деган жавобни олдик. Мутахассиснинг фикрича, маҳсулотнинг бевосита соғлиққа зарар етказишига шубҳа туғилса, мазкур ташкилот ходимлари шуғулланади. Бу масалага эса Давлат ветеринария хизмати ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимояловчи ташкилотлар муносабат билдириши мумкин экан.

Дарҳақиқат, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 16-моддасида одамлар ҳаёти ва соғлиғи учун хавф­ли бўлган озиқ-овқат маҳсулоти тегишли давлат назорати органларининг қарорига мувофиқ, белгиланган тартибда олиб қўйилиши, 17-моддасида эса яроқлилик муддати ўтган, сифатсизлиги билиниб турган, таққослаш ва ишлаб чиқарувчисини аниқлаш мумкин бўлмаган, шунингдек, давлат санитария ва (ёки) ветеринария назорати органлари томонидан гигиена ва (ёки) ветеринария экспертизаси ва сертификатлаш синовлари натижалари бўйича овқатга ишлатиш учун яроқсиз деб топилган маҳсулот ишлаб чиқариш ва реализация қилишдан олиб ташланиши, белгиланган мақсадда ишлатилмаслиги, қайта ишланиши ёки йўқ қилиб ташланиши қайд этилган. Аммо…

Пойтахтимиз бозорлари, хусусан, «Қўйлиқ» деҳқон бозори ва «Бек барака» савдо мажмуасида бўлганимизда, маҳсулотлари сифати ҳозирда гумонда бўлган «GOLD PREMIUM PRODUCT» МЧЖда ишлаб чиқарилган колбасалар ҳамон сотилаётганига гувоҳ бўлдик.

Бизнингча эса, «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги қонуннинг 17-моддасига кўра тергов ишлари давом этаётган пайтда, жилла қурса, суд бўлиб ўтиб, корхона маъмурияти айбдор ёки айбдор эмас деб топилгунига ёки корхона томонидан маҳсулотни ишлаб чиқариш жараёнида унинг таркибида бўлиши керак бўлмаган ингредиентлардан фойдаланилгани ёки фойдаланилмагани исботланганига қадар маҳсулот сотувдан олиб турилиши керак эмасмикан? Умуман, бу жараённи ким назорат қилиши зарур?

Уламолар нима дейди?

Динда эшак гўштини истеъмол қилиш ҳақида нима дейилгани юзасидан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлимидан қуйидагича жавоб олдик:

Шариатда истеъмол қилиниши ҳаром қилинган бир нечта нарсалар бор бўлиб, улар Қуръони каримда шундай баён этилган: «Ўлимтик, қон, чўчқа гўшти, Аллоҳдан ўзганинг номи айтиб сўйилган, бўғилиб ўлган, уриб ўлдирилган, йиқилиб ўлган, сузишдан ўлган ва йиртқич ҳайвон (қисман) еган (ҳайвонлар) сизларга ҳаром қилинди, илло (шаръан) сўйганингиз (ҳалолдир). Яна, бут-санамларга атаб сўйилган ҳайвонлар (гўшти) ва фол чўпларидан қисматингизни исташингиз (ҳам ҳаром қилинди). Бу ишингиз фосиқликдир» (Моида сураси, 3-оят).

Эшак гўштини истеъмол қилиш Пайғамбаримиз(с.а.в.) томонидан ҳаром қилинган. Жобир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ривоят қилиб айтадилар: Пай­ғамбар (с.а.в.) Хайбар куни (хонаки) эшак гўштини ейишдан қайтардилар ва отнинг гўштига рухсат бердилар (Имом Бухорий ривояти).

Мусулмон киши ҳаром ёки ножоиз бўлган нарсани истеъмол қилиши мумкин эмас. Шунингдек, истеъмолчиларга ҳаром нарсани ҳалол деб ёки ҳаромлигини айтмасдан ёхуд умуман фириб бериб сотишдан шариатимиз қайтарган. Фирибгарлик орқали топилган мол ҳам ўз-ўзидан ҳаром саналади.

Бир йил муқаддам…

Ўтган йили Самарқанд вилоятидаги Хишрав қўрғони ҳудудида жойлашган чиқиндихона яқинидан кўплаб эшак жасадлари топилгани ҳақида маълумотлар тарқалган эди. Баъзилар сўйилган ҳайвонларнинг гўшти вилоят ва республикамиздаги умумий овқатланиш шохобчалари, гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналарга етказиб берилгани тўғрисида тахминларга боришганди.

Аммо тергов материаллари «эшак» бизнесига cамарқандлик беш нафар фуқаро жалб қилингани, бешовлон гўёки Малайзиядаги ҳамкорларига эшак терисини етказиб беришни режа қилгани, гўштидан шу ерда етиштирилаётган балиқлар учун озуқа сифатида фойдаланганлиги хусусида кўрсатма беришди. Суяклари эса майдалаб товуқларга ем қилинганмиш.

Алло, бу тез ёрдамми?

Пойтахтлик Татьяна Софина ишдан қайтишда нонушта учун дўкондан колбаса сотиб олади. Бироқ маҳсулот яхши тайёрланмагани ва меъёрида сақланмагани сабабли сифатсиз бўлиб чиқади. Колбаса у ва икки нафар ёш неварасининг соғлигига жиддий зиён етказади. Қўрқиб кетган ­Татьяна дарҳол оилавий шифокорни чақириб, муолажа бошлайди. Аммо аҳволи оғирлаша бошлагач, тез тиббий ёрдамни чақиради ва касалхонага ётқизилади. Катта невараси эса шифокор назорати остида уйда осма укол орқали муолажа олади. Оила аъзоларининг касалланишига сабаб бўлган ушбу дўкон ходимларидан норози бўлган истеъмолчи Татьяна Софина истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятига ариза билан мурожаат қилади. Жамият ходимлари ушбу ариза бўйича аҳволни ўрганиб, истеъмолчи соғлигига етказилган зарар ва муолажа учун моддий ёрдамни ундириб берди.

 

Хулоса

Ўйлаб қоласан киши, наҳотки, шунчалик виждонсизликка йўл қўйиш мумкин бўлса? Ёки бу ишга қўл урганлар шаҳар бедарвоза эмаслиги, ҳар қандай нотўғри фаолият тегишли тартибда жазоланишини билишмайдими?

Халқимиз саломатлиги доимий эътиборда. Инсон соғлиги ҳар нарсадан устунлигини ҳар қадамда кўриб турибмиз. Хусусан, 1997 йил 30 август­да қабул қилинган «Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 25 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси аҳолисининг соғлом овқатланиши соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори аҳоли саломатлигини асраш ва фаровонликни оширишда муҳим дастуриламал бўлиб хизмат қилаётгани ­шубҳасиз.

Жамшид ЭРГАШЕВ,

«Ishonch» мухбири.

Маҳлиё УМИРЗОҚОВА,

талаба

 

Бошқа хабарлар