Мовий кўл, бетакрор табиат ва узвий ҳамкорлик

428

Халқаро ҳамкорликни янада жадаллаштириш, айниқса, қўшни давлатлар билан ўзаро манфаатли муносабатларни изчиллик билан кучайтириб бориш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишига айланди. Эътиборли жиҳати, ушбу саъй-ҳаракатлар давлат ва нодавлат ташкилотлар даражасида ҳам кенгайиб бораётир.

 Жумладан, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси делегациясининг Қирғизистон Республикасига ташрифи ҳам айнан амалий фаолият самарадорлигини янада оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Тили, маданияти ва урф-одатлари ўхшаш бўлган қардош қирғиз халқи азал-азалдан ўзбек халқи билан аҳил ва иноқ яшаб келган. Қариндошлик ришталари боғланиб, ижтимоий-иқтисодий алоқаларда мунтазамлик касб этган.

Ташрифнинг биринчи куни делегация аъзоларининг Қир­ғизистон касаба уюшмалари Федерацияси раиси Мирбек Асанакулов билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда ўзаро муносабатлар ҳар томонлама чуқурлашиб бораётгани, ҳар икки касаба уюшма вакилларининг ўзаро ташрифи ва мулоқотлари кенгайиб бораётгани алоҳида қайд этилди. Шунингдек, ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий ва ҳуқуқий манфаатларини ҳимоялаш соҳасида тажриба алмашиш, туризм, соғ­ломлаштириш ва дам олиш борасида ҳамкорликни кучайтириш лозимлигига тўхталиб ўтилди.

Дарҳақиқат, юртимизда Самарқанд, Бухоро ва Хива каби тарихий шаҳарлар, муқаддас қадамжолар, шунингдек, ўнлаб турли хасталикларни даволашга ихтисослашган санаторийларга қардош қирғиз халқини жалб этиш ёки Қирғизистондаги фусункор кўл ва ўрмонлар макони бўлган бетакрор Иссиқкўл атрофидаги ўнлаб санаторий ва дам олиш уйларига ходимларимизни саёҳат ва даволанишга йўналтиришимиз учун барча имкониятлар мавжуд.

Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувдан сўнг делегациямиз «Ала-арча» миллий боғига таклиф қилинди. Ҳаво бироз совуқ эканига қарамай пурвиқор тоғлар, чексиз арчазор ва тоза ҳаво барчага манзур бўлди. Бундай мусаффо ва бетакрор табиат кишини тетиклаштириб, кайфиятни кўтариши турган гап.

1951 йилдан буён фаол сайёҳлик зонаси бўлган боғдаги ажабтовур ўрмон, тепаликка қараб кетган йўлак атрофидаги манзара хотирамизда муҳрланиб қолди.

***

Ниҳоят, орзиқиб кутилган дамлар етиб келди. Делегация аъзолари нафақат Марказий Осиё, балки дунёда мушҳур бўлган Иссиқкўл сари йўл олди. Биринчи манзилимиз Иссиқкўл бўйидаги Чўлпон ота шаҳрида жойлашган, ҳудуддаги энг яхши дам олиш масканларидан бири ҳисобланган «Мовий Иссиққўл» санаторийси бўлди. Ярим асрдан зиёд тарихга эга санаторий собиқ Иттифоқ мамлакатларидаги миллионлаб ишчи-хизматчиларнинг севимли маскани ҳисобланган.

Санаторий директори Лира Батирбекованинг қайд этишича, ҳудуддаги минерал сув ва балчиқ кўплаб касалликларни даволашда жуда самаралидир. Табиий ресурслар воситасида даволаш анъанаси ҳозирда ҳам давом этмоқда. Тахминан 40 гектарли ҳудуддаги 1060 ўринга мўлжалланган биноларда барча қулайлик мавжуд бўлиб, йил давомида хизмат кўрсатади. Бу ерда асосан нафас йўллари, юрак-қон томир тизими, мушак-бўғим, асаб тизими ҳамда гинекологик касалликлардан азият чекаётганлар даволанади.

— Мухтасар айтганда, санаториймиз пляж майдони, кўркам ва яхши жиҳозланган турар-жойлари ҳамда аъло даражадаги муолажаларга эга бўлган маскан сифатида машҳур, — дейди Лира Батирбекова.

Навбатдаги манзилимиз   «2-сонли Қирғизистон Республикаси Президентининг Давлат резиденцияси» санаторийси бўлди. Бу ер ҳам арча ва оқ қайинлар билан бурканган гўзал табиати ҳамда замонавий қулайликни ўзида мужассам этган дам олиш уйлари билан беихтиёр киши эътиборини тортади.

Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғида — Чўлпон ота марказида, денгиз сатҳидан 1609 метр баландликда жойлашган санаторий 125 кишига мўлжалланган бўлиб, йил давомида фаолият юритади.

— Айниқса, оилавий дам олиш ва даволаниш учун жуда қулай. Шунингдек, меҳмонлар учун қумли пляж, тоза кўл ҳамда «Москва» кемаси мароқли саёҳат иштиёқмандлари хизматида, — дейди санаторий директори Максатбек Шабданбаев.

Ушбу масканда ҳордиқ чиқаришдан ташқари, соғлиғингизни ҳам тиклашингиз мумкин. Жумладан, юрак-қон томир тизими, овқат ҳазм қилиш ва нафас йўллари, асаб тизими, гинекологик, тери касалликлари ҳамда мушак-бўғим тизими ­хасталикларидан фориғ бўлиш имкони бор.

Дарвоқе, «Москва» кемасида уюштирилган кўл узра саёҳат мовий кўл ва чексиз кенгликларни ҳис этиш имконини берди.

«Қирғиз денгизи» санаторийси ҳам мамлакатнинг йил бўйи фаолият юритадиган энг яхши сиҳатгоҳларидан бири экан. 47 гектарлик ҳудудда фавворалар, боғлар, спорт майдончалари, гўзал манзара ва тоза ҳаво ҳар қандай одамнинг бахри-дилини очиши ­тайин. Асосий бино ичкарисидаги улкан дарахт ва турфа гулларнинг ниҳоятда кўплиги ва ифори меҳмонлар кайфиятига ижобий таъсир қилиши, шубҳасиз.

— Ҳудудимизда фазогирлар боғи бор. Боғ атрофида давлат ва жамоат арбоблари, ­машҳур инсонлар томонидан экилган арчалар яшнаб турибди, — дейди санаторий директори Жалил Бозгорпоев. — Умуман олганда, самарали шифо таъсирига эга тоғ ва кўл иқлими, шунингдек, ноёб Иссиқкўл флораси ва ҳайвонот дунёси ҳеч кимни бефарқ қолдирмайди. Мусаффо ҳаво юқори нафас йўллари касалликларидан даволанишда муҳим аҳамият касб этади.

Санаторийнинг яна бир муҳим жиҳати, 20 гектар майдондаги пляж бўлиб, бу ерда дам олувчилар мириқиб ҳордиқ чиқариши, қайиқда кўл бўйлаб саёҳат қилишлари мумкин. Қуёш нурида жимирлаб турган бепоён кўл манзарасига беихтиёр маҳлиё бўлиб, бу ерга қадам ранжида қилишнинг ўзи нақадар гаштли эканини ҳис этдик.

— Аввал ҳам бу ерда бир неча бор бўлганман. Айтишим мумкинки, санаторийда дам олиш ва соғ­лиғингизни тиклашингиз учун барча имконият мавжуд, — дейди Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшма кенгаши раиси Исроил Рахматов — Мусаффо ва гўзал табиат қўйни, хушмуомала ходимлари, мазали таомлари танангизга қувват, руҳингизга кўтаринки кайфият бахш этиши, шубҳасиз.

«Одамларга соғлиғини яхшилашга ёрдам беринг» шиорини устувор билган «Иссиқкўл-Аврора» санаторийсининг кема шаклида қурилган асосий биноси, очиғи, бизни ҳайратга солди. Айтганча, маш­ҳур ёзувчи Чингиз Айтматов «Оқ кема» асарини ушбу оромбахш гўшада ёзган экан. Иссиқкўл атрофидаги бошқа санаторийлар каби бу ернинг ҳам гўзал табиати ҳақида соатлаб гапириш мумкин.

Санаторий фаолиятига оид тақдимотда айтиб ўтилганидек, дам олиш ва даволаниш баробарида, турли маданий дас­турлар орқали маданий ҳордиқ чиқариши учун барча шарт-­шароитлар муҳайё этилган. Делегациямиз даволаниш, хизмат кўрсатиш, таомнома, турли маданий дастурлар ва миллий қадрият ва урф-одатлар билан яқиндан танишиш имконига эга бўлди.

— Иссиқкўл атрофи экологик ва тиббий туризм бўйича катта салоҳиятга эга эканлигига яна бир карра ишонч ҳосил қилдик, — дейди «Касаба сайр» шўъба корхонаси директори Тўлқин Хидиров. — Кўриб турибмизки, халқларимиз ўртасида сайёҳлик алмашинувини кенгайтириш борасида улкан имкониятлар мавжуд.

Шунингдек, делегациямиз аъзолари тоғли ҳудудда жойлашган «Етти Ўғиз» санаторийси ҳамда «Каприз» тоғ чан­ғиси базасини ҳам кўздан кечиришди. Ушбу ҳудудларда дам олувчилар учун яратилган шарт-шароитлар, айниқса, турли хасталикларга ихтисослашган даволаниш мажмуалари, бу ердаги муолажа турлари, тиббий имкониятлари билан яқиндан танишдик.

* * *

Шу ўринда Иссиқкўлнинг шимолий қирғоғида, Чўлпон ота шаҳридаги Чингиз Айтматов номидаги «Руҳ Ўрда» маданий маркази делегация аъзоларида катта таассурот қолдирганини алоҳида эътироф этишни истардим. Бу ерда нафақат қирғиз халқининг тарихи, маданияти ва урф-одатлари акс этган, балки дунё тарихи ва динлари ҳақида ҳам тасаввурга эга бўлишингиз мумкин. Маълумотларга кўра, мазкур марказ 2002 йилда ташкил этилган. Унинг Чингиз Айтматов номи билан аталиши маскан маданий аҳамиятини ошириб, туризмга ижобий таъсир кўрсатади.

Ушбу очиқ осмон остидаги музей бутун кўл қирғоғидаги асосий диққатга сазовор жойлардан бири десак, асло янглишмаган бўламиз. Ҳудудда дунёдаги тўртта асосий динлар: насронийлик, ислом, буддизм, яҳудийлик ибодатхоналарининг мавжудлиги эътиқод эркинлигининг рамзидир.  Дунё тамаддунида муносиб ўринга эга машҳур мутафаккир, файласуф, сиёсат ва жамоат арбоблари учун ўрнатилган ёдгорликлар эса тасаввурингиз кенгайишига хизмат қилади.

Турли ҳайкалтарошлик намуналари, кўчманчи халқларнинг этник хусусиятлари, фотогалерея, концерт ва кўргазма заллари тарих ва маданиятга қизиқувчилар учун айни муддао. Бир сўз билан айтганда, марказ тарих, маданият, диний ва фалсафий масалалар ошуфталари учун жуда ноёб маскан сифатида кишини беихтиёр ўзига тортади.

Бизни марказ билан батафсил таништирган ходимнинг айтишича, бу ерда кўплаб ­фестивал, кўргазма, экскурсия, миллий ва халқаро тадбирлар мунтазам ташкил этиб турилар экан.

* * *

Ўзбекистон касаба уюшмалари вакилларидан иборат делегация ташрифи давомида ташкил этилган учрашув ва тадбирлар асноси икки мамлакат касаба уюшмалари ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш юзасидан аниқ-равшан фикрлашиб олинди. Ўйлаймизки, ушбу ташриф ҳар икки томон учун ўз самарасини беради.

 Акмал ТОШЕВ,

«Ishonch» мухбири.

Тошкент — Бишкек — Иссиқкўл — Тошкент

 

 

 

 

Бошқа хабарлар