НЕГА МАКТАБДА ПУЛ ЙИҒИЛАДИ? Қарама-қарши фикрлар, аслида ким ҳақ?

522

Кўп ҳолларда баъзи ота-оналардан мактаблардаги «йиғ-йиғ»лар, «ноқонуний» байрамлар ташкил этилаётгани ҳақида эшитиб қоламиз. Бири фарзандига синф раҳбари «синф фонди» учун фалон сўм олиб келишни тайинлаганидан сўз очса, бош­қаси устози синфга хавфсизликни таъминлаш учун панжара ўрнатиш тадоригида эканидан нолийди. Хўш, муаммо аслида нимада? «Синф фонди», «мактаб фонди», «фаррош меҳнати» учун ўқувчидан пул йиғиш қонунийми? Нега ҳозиргача таълим муассаcaсидаги пул йиғимларига чек қўйилмаяпти?

Бош Қомусимизнинг 41-моддасида: «Ҳар ким билим олиш ҳуқуқига эга. Бепул умумий таълим олиш давлат томонидан кафолатланади», дея белгилаб қўйилган. Шунингдек, Халқ таълими вазирлигининг 2012 йил 13 июнда қабул қилинган «Халқ таълим муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низомни тасдиқлаш ҳақида»ги буйруғи билан тасдиқланган «Халқ таълими муассасасининг Васийлик кенгаши тўғрисидаги намунавий низом»нинг 6-боб 24-бандига кўра, таълим муассасасида ўқувчилар (тарбияланувчилар) ва уларнинг ота-оналари (қонуний вакиллари)дан турли сабаблар билан таълим муассасаси раҳбарияти ва бошқа ходимлари (синф раҳбарлари, ўқитувчилар, тарбиячи, тарбиячи-ёрдамчилар ва тўгарак раҳбарлари) томонидан пул маблағларини йиғиш қатъиян тақиқланади.

АЙТСАМ ТИЛИМ, АЙТМАСАМ…

 — Мактабимизда ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналаридан пул йиғиб олишга, унинг ноқонуний ишлатилишига йўл қўйилмайди, — дейди пойтахтимиздаги 50-ихтисослаштирилган умумтаълим мактабининг маънавий-маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Алмира Ерметова. — Мактаб эҳтиёжи учун маблағ зарур ҳолларда ва албатта, таълим муассасаси бюджетидан сарфланади. Шунинг­дек, мактабимизда битирув кечалари, турли байрамларни нишонлаш ҳам қатъиян тақиқланган. Бу орқали ўқувчиларимизнинг хавфсизлиги таъминланиб, билим олиш сифати янада яхшиланаяпти.

Аммо исмини ошкор этишни истамаган, ўғли шу мактабда таълим оладиган оналардан бирининг фикри cал бошқачароқ:

— Фарзандимнинг етарли таълим олиши учун йилига мўмайгина маблағ сарф этишимизга тўғри келади. Чунки, унга қўшимча дарс­ликлар олиб беришга тўғри келади. Шунингдек, фарзандимни қўшимча дарсларга беришга мажбур бўлаяпман.

Бундан ҳам ажабланарли ҳолатни Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги 120-умумтаълим мактабида учратдик. Рус тилида фаолият кўрсатадиган ушбу мактаб ўзининг тил ўргатиш салоҳияти билан ном чиқарган. Аммо, баъзи бир ота-оналар билан суҳбатлашганимизда, ушбу масканда пул «йиғди-йиғди»лари авж олгани ҳақида маълум қилишди.

— Тўғрисини айтсам, фарзандимнинг рус тилини пухта эгаллашини истаб, ушбу таълим муассасасига ўқишга берган эдим. Тан олиш керак, дарсларни маҳоратли педагоглар ўтишади. Ҳозирда болам рус тилида бийрон гапиради. Аммо  ўринсиз чиқимлар баъзида малол келади, — дейди исмини ошкор этишни истамаган аёл. — Очиғи, пул сўрайверишларидан безор бўлдим, ҳар уч ойда 100-200 минг сўм кетаяпти. Устозининг талаби жуда катта. Ўтган йили фарзандларимизни 1-синфга қабул қилиб олаётганида: «Синф эҳтиёжи ва таълим жараёни учун пул йиғишлар бўлиб туради. Кимда-ким қарши бўлса, фарзандини олиб кетиши мумкин. Менинг талабим шу», деб айтган эди. Пул йиғишлар қачон тугаркин, билмайман.

Куюнчак онанинг таъкидлашича, синф раҳбари ўтган йили ота-оналар мажлисида уларга мултимедиа дарслари ўтиш учун ўқувчилар ноутбук билан таъминланиши лозимлигини айтади. Шунингдек, синфдаги болаларнинг хавфсизлиги учун ташқари ойнага панжаралар сотиб олиб беришни «илтимос» қилади. Панжара учун ҳар бир боладан 60 минг сўмдан йиғилган бўлса, сўнгги русумдаги ноутбук компютери 2 млн. сўмдан ортиққа тушади. Бундан ташқари, ҳар бир байрам олдидан 2-синф ўқувчиларидан 10 минг сўмдан йиғилади. Ушбу синф­да 40 нафар бола таҳсил олаётганини ҳисобга олсак, ҳар байрамда 400 минг сўм тўпланиши аён бўлади.

— Менинг ҳам фарзандим ушбу синфда ўқийди, — дейди яна бир исмини ошкор этишимизни истамаган аёл. — Ҳеч қаерда ёзилмаган, қонунан тақиқланганига қарамай, қуруқ ва ҳўл салфетка, уй шиппаги, шаффоф сув учун пул йиғилади. Тўғри, устози буларни яхшилик истаб болаларнинг озодалиги учун қилар, аммо ўринсиз сарф-харажат оила бюджетига зарар етказаётгани билан ким қизиқади? Ҳисоблаб чиқсам, 120-умумтаълим мактабида таълим олаётган фарзандим учун йилига ўртача 1 млн. сўм сарфлар эканман.

Ушбу синфда ҳар бир байрам тадбири тасвирга олиниши, бунинг учун ҳам маблағ йиғилиши маълум бўлди. Қизиғи, бошланғич синфларда ўқувчиларнинг таваллуд саналарини нишонлаш ҳам анъанага айланган экан. Ота-оналар туғилган кунлар муносабати билан қўлдан келганча торт, турли ширинликлар олиб келиб, синфга тарқатиши йўлга қўйилган. Шу ўринда қайд этиш лозимки, ушбу замонавий ­«удум»ларга ота-оналарнинг ўзлари айбдор. Чунки, айримларининг шахсий ташаббуси билан бундай тадбирлар ташкил этилаяпти.

— Ўғлим 120-умумтаълим мактабида ўқийди. Бу йил унинг таваллуд кунида 35 дона кекс олиб бордим, — дейди яна куюнчак она. — Ширинликларни ўғлимнинг синфдошлари олдида уялиб қолмаслиги учунгина олиб бордим. Сабаби, у яқинда бир синфдошининг ота-онаси бир қути «сникерс», яна бири эса каттагина торт олиб келиб, улашганини айтганди.

 Беш қўл баробар эмас

Шундай таълим муассасалари борки, уларда таълим сифати билан бир қаторда, ташкилий ишлар ҳам намунали йўлга қўйилган.

— Қизим Моҳинур Миробод туманидаги 294-мактабда таълим олади. «Синф фонди», «мактаб фонди», «фаррош меҳнати» учун сўраладиган тўловлар ушбу таълим муассасасида бекор қилинган. Фақатгина, ҳам бўлса, ота-оналар ташаббуси билан ҳомийлик ёрдами сифатида ўн минг сўмдан пул йиғилади. Албатта, ушбу маблағ ота-оналарнинг ўз розилиги билан тўпланади, — дейди Миробод туманида истиқомат қилувчи Гўзал Норчаева. — Ҳомийлик ёрдами сифатида йиғилган маблағ турли байрамлар ўтказиш ҳамда синфда таҳсил оладиган ўқувчиларнинг эҳтиёжи учун сарфланади. Бундан таълим муассасаси устозлари ва ота-оналар бирдек мамнун.

Дарвоқе, шу ўринда фаррошлар учун йиғилаётган пуллар ҳақида Халқ таълими вазирлиги Матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, умумий ўрта таълим мактабидаги фаррошлар сони вазирликнинг 2012 йил 26 апрелдаги «Умумий ўрта таълим ва ўқув-ёрдамчи муассасаларнинг намунавий штатларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 141-сонли буйруғига асосан шакллантирилади. Унга кўра, фаррош лавозими: ҳар 350 м2 тозаланадиган ҳудудга 0,5 ставка, бир таълим муассасасида 0,5 ставкадан кам бўлмаслиги зарур.

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги 1026 нафар ўқувчи таълим олаётган 275-мактабда ҳам бўлдик. Ўқитувчи ва ўқувчилар билан учрашдик.

— Ҳар ойда мактаб фонди учун 10 минг сўмдан пул йиғамиз, — дейишди 4-синф ўқувчилари. — Яқинда синфимизга парда олиш учун 25 минг сўмдан пул йиғилди. Бу йиғим баъзи ота-оналарга қийинчилик туғдирди.

5 ва 9-синф ўқувчилари билан суҳбатлашганимизда, улар илгари «синф фонди» ҳамда «мактаб фонди» учун пул йиғилгани, ҳозирда бундай нохуш анъаналарга барҳам берилганини таъкидлашди. Синф тозалаш учун фаррошга ҳар ойда 2 минг сўмдан пул йиғиларкан. Бу пулни болалар оғринмай, ўз хоҳиши билан беришар экан.

— Мактабимизда ўқувчилар ва ота-оналардан ноқонуний пул йиғилмайди, — дейди 275-мактаб директорининг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Феруза Илмуродова. — Ота-оналардан ҳомийлик ёрдами кўрсатилган тақдирда, ушбу маблағ мактаб ва синф ўқувчилари эҳтиёжи учун ишлатилади. Мисол учун, яқинда 1-синфда бир ўқувчимизнинг отаси мактабимизга телевизор совға қилди. Ҳозирда телевизордан ўқитувчи ва ўқувчилар унумли фойдаланишаяпти.

 Ҳудудларда аҳвол қандай?

 Мавзуни ўрганиш жараёнида фикримиз исботсиз ва бир ёқлама бўлиб қолмаслиги учун, вилоятлардаги айрим мактабларда ҳолатни билиш мақсадида ота-оналар билан телефон орқали боғландик.

Жумладан, Навоий вилояти Қизилтепа туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабида ҳам «йиғди-йиғди»лар учраб туришини эшитдик.

— Мамлакатимизда мактаб таълими бепул эканлиги қувонарли ҳол. Юртимиз аҳолисининг асосий қисми ёшлар эканини инобатга олган ҳолда  қилинаётган хайрли ишлар салмоғининг чеки йўқ, — дейди исмини ошкор қилишни истамаган қизилтепалик фуқаро. — Таълимда сарф-харажатлар давлат ҳисобидан ажратилгани ҳолда, қўшимча «йиғди-йиғди»лар яна нима учун экан, деб ўйланиб қоласан киши. Суғурта ва ёшлик бадали учун 300 сўмдан, металлом, макулатура ёки обуна учун мажбурий тўловлар мавжуд. Бундан ташқари, мактабни таъмирлаш ҳамда янги йил учун безакларга ортиқча пул йиғилади. Агар бир оиладан 3-4 нафар фарзанд мактабда ўқийдиган ота-онанинг харажатини ҳисоблаб чиқсангиз, бу тўловларни амалга ошириш кишини анчагина қийнаб қўйишига амин бўласиз.

Андижон шаҳрида жойлашган 4-мактабдаги ҳолат билан қизиқдик. Бу масканда фарзанди таълим оладиган айрим ота-оналар билан телефон орқали суҳбатлашдик.

— Ҳозир ҳам пул «йиғим-терими» авжида, десам муболаға бўлмайди, — дейди фарзандлари ушбу мактабда таҳсил оладиган Муҳаббат Юнусова. — Борини бир бошдан айта қолай. Мактаб фонди учун ойига 3-4 минг сўм, суғурта учун 8 минг сўм, бир қиш мавсумида селофан учун уч минг сўм, ҳар икки-уч ойда полни ёғлаб туриш учун тўрт минг сўм, гул ва кўргазмали қуроллар учун алоҳида маблағ, синфдан-синфга ўтиш вақтида 10 минг сўм, обуна учун ўн беш минг сўм, макулатура ва металлалом учун ойига 2-3 минг сўмдан, стол усти ёпинчиғи алмаштириб турилгани учун ҳар олти ойда беш минг сўмдан, мактаб таъмири учун йилига йигирма-ўттиз минг сўмдан пул йиғилади…

Ҳайриятки, бу каби ҳолатлар мавжуд бўлмаган мактаблар ҳам йўқ эмас экан.

— Ўзим билганим, Китоб туманидаги 63-умумий ўрта таълим мактабида ортиқча пул йиғишлар йўқ, — дейди Қашқадарё вилояти Китоб туманилик Давронбек Камолов. — Тўғри, обуна ва макулатура учунгина ўқувчилардан пул йиғилади. Аммо бошқа харажатлар ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

вилоят мухбиримиз Дилдора Раҳмонованинг таъкидлашича, Наманган шаҳридаги мактабларда расман ноқонуний пул йиғиш тугатилган. Аммо, айрим жиҳозларга, жумладан, гул олиш ёки бирор тадбирни ўтказиш учун ўқувчилардан имконият даражасида пул йиғилаяпти.

Яқинда пахтага ишчи ёллаш учун бошланғич синф ўқитувчиси ота-оналардан ёрдам сўрагани учун ишдан ҳайдалган экан. Аммо жамоат ишлари учун нега ўқитувчи ўз ёнидан, маошидан сарфлаши кераклиги ҳақида тегишли мутасаддилар, жамоатчилик  фикр билдирмаётгани ҳайрон қоларли ҳол.

Ушбу мавзуга қўл уришдан мақсад, бирон-бир мактаб ёки ўқитувчини айблаш эмас, таълим тизимидаги айрим ноҳушликларга йўл қўймасликдир. Зеро, таълим тизимидаги муаммоларга устоз-педагоглар қатори барчамиз бирдек бурчлимиз. Шуни унутмасак бас…

 Давронбек ОРИПОВ,

Сулаймон ҲАЙДАРОВ,

«Ishonch» мухбирлари

Бошқа хабарлар