Нўғай қўрғонидаги «венеция»

260

Бу йил пойтахтимизнинг Сергели туманида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилди. Президентимиз ташаббуси билан ҳудудда юзлаб кўпқаватли турар жой бинолари, ижтимоий инфратузилма объектлари барпо этилмоқда. Кўчалар кенгайтирилиб, ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларига катта эътибор қаратилаётир. Замонавий ер усти метроси қурилиши жадал давом этмоқда. Турар жой биноларининг бир қисми фойдаланишга ҳам топширилди. Тез орада Сергели пойтахтимизнинг сўлим, яшашга қулай гўшаларидан бирига айланиши шубҳасиз.

Аммо яқинда таҳририятимизга тумандаги «Нўғай қўрғони» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, ҳар йили ёғингарчилик мавсуми бошланиши билан маҳаллада ер ости сувлари кўтарилиб кетиши, ҳовли-ю кўчалар, ертўлалар, ҳатто пастроқда жойлашган уйларнинг поллари ости сув билан тўлишидан шикоят қилишган. Фуқароларнинг айтишича, маҳаллий ҳокимият муаммони бартараф қилиш учун ҳеч қандай чора кўрмаётир. Аҳоли яшайдиган иморатлар эса захлаб, тўкилиб бормоқда.

— Болалигимдан шу маҳаллада истиқомат қиламан, — дейди Чимзор кўчаси 37-уйда яшовчи Абдуқаҳҳор Бобоев. — Илгари сув бунчалик кўтарилиб кетмасди. Ёғингарчилик кўп бўлганидагина ертўлаларда зах пайдо бўларди, холос. Чунки маҳалла атрофида 5-6 та скважен дренаж ишлаб турган. Чиқарилган сув ҳудуддаги ариқлар орқали оқиб кетган. Мана, ўн-ўн беш йилдирки артизанларнинг бирортаси ҳам ишламайди. Зах йилдан-йилга кўтарилиб боряпти. Захга чидамсиз дарахт ва гуллар аллақачон қуриб йўқолиб кетган. Яна бир неча йил аҳвол шундай давом этса, бу ерларда умуман яшаб бўлмай қолса керак. Ертўламизда ҳозир тизза бўйи сув бор. Тўғриси, бод касали қийнаб келади. Захга тобим йўқроқ. Аммо на илож, оғриқларга чидаб яшашга мажбурман. Зах туфайли ёш болалар орасида ҳам касалликлар кўпаймоқда. Бундан ташқари, намда кўпаядиган ҳашоратлар пайдо бўла бошлади. Ҳокимият томонидан бирор чора кўрилмаса бўлмайди. Аввало, дренажларни ишга тушириш керак. Бир неча йил олдин туманимизда кўприк қурилиши бошланганди. Қурилиш асносида кўприк устунларини ўрнатишга ковланган қудуқлардан сув чиқиб кетди. Шунда қурувчилар ерга қувур қоқиб, 3 та насос орқали ер ости сувларини тортиб ола бошлади. Ўшанда бизнинг маҳалладаги ер ости сувлари сатҳи ҳам пасайди. Демак, дренажларнинг ишга туширилиши муаммони ечади.

Маҳаллада истиқомат қилувчи 60 ёшли фуқаро Муҳаббат Жўрабоева баҳорда ҳовлиси ва ертўласида тўпланган сувни челаклаб ташиб ташлашга урингани тўғрисида гапириб берди.

— 400 челак сув ташидим, — дейди у. — аммо сув камаймади. Ер остидан яна чиқиб келаверди. Қайтага кўчадаги ариқлар кўмилиб кетгани учун ташқаридаги сув ҳам тўпланиб қолди. Ҳозир дренажлар ишга туширилгани билан улардан чиқарилган сувни оқизиб юбориш учун ариқлар йўқ. Маҳалла ҳудудидан ўтган ариқларнинг барчаси кўмилиб кетган. Аҳоли панжара билан ўраб олиб гулзорга айлантирган жойлар ҳам талайгина. Ўтган йили мутахассислар келиб ҳудудимизда қувурлар қоқа бошлади. Дренажлар ўтказилади деб ўйлаб хурсанд бўлгандик. Аммо қувурлар қоқилган жойида қолди. Ишни чала ташлаб кетишди. Баъзан чидаб бўлмас шароитлар юзага келганида ҳокимиятнинг махсус машинаси келиб ер ости сувларини тортиб чиқаради. Вазият бироз ўнглангандек бўлади, аммо бу вақтинча, холос. Машиналар ишни тугатиши билан сув яна кўтарилиб кетади. Маҳалламиз аҳли Нўғай қўрғонини ҳазил аралаш Тошкентдаги «Венеция» деб атайди.

Дарҳақиқат, дарё ва каналлар устида жойлашган машҳур Венеция шаҳри тўғрисида кўп эшитганмиз. Шаҳар жаҳон туризм марказларидан бири ҳисобланади. Агар Сергели туман ҳокимлиги ўз вақтида «Нўғай қўрғони» МФЙдаги вазиятга эътибор қаратмаса, бу жойда  ҳам  қайиқларда «сайр» қилишга тўғри келмаса деб қўрқамиз.

Улуғбек ИБОДИНОВ,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар