«Омонат»лик иллати

148

Чоғроққина кафеда буюртмамни кутиб ўтирарканман, кўҳликкина икки қиз столим олдига келиб: «Бўшми, ўтирсак майлими?» деб рухсат сўрашди. «Бемалол», дедим. Дугоналар ўтирар-ўтирмас, сирлашишни бошлаб юборишди:

— Кеча Мақсуд акам билан уришиб қолдик…

— Энди нима қиласан?..

— Яна бир марта имкон беринг, деб ўзим ялиндим.

— У-чи?

— Ҳеч нарса демади-ю, хотини билан телеграммдаги ёзишмаларини скриншот қилиб менга жўнатди.

— Нима деб ёзишибди?

— «Нима олиб борай?» деб сўраган экан, хотини «Қурут» деб жавоб ёзибди.

Ўлсин, сўраган нарсасини…

Мақсуд «акаси»ни хусусийлаштириб олган «сингил»нинг сўзларидан унинг ҳақиқатда ким эканлигини англагандек бўлдим. Бироқ бу пиликдек қошу кўзлар эгаси ўзига қандай тақдирни раво кўраётганини тушунаётганмикан?

Негадир, кейинги пайтларда гўзал қиёфалар, париваш чеҳралар бокира никоҳ қасрини чароғон этишга эмас, бунинг аксини қилишга кўпроқ хизмат қилаётгандек… Ваҳоланки, яқин-яқинларгача бобо-момоларимиз ажримга тавқи лаънатдек қарашар, уруғида икки никоҳ кўрган аёл ёҳуд эркак бўлишини ўзларига иснод деб билишар эди. Шунинг учунми сабр-тоқат, чидам асос бўлган оилалар метиндек мустаҳкам бўлган.

Оила — муқаддас даргоҳ, дейишади. Бироқ унинг муқаддаслиги нимада эканлиги ҳақида чуқурроқ мулоҳаза юритганмисиз?  Ўзаро ришталар никоҳ воситасида мустаҳкамланган, бир-бирининг олдида бурч, масъулият ва садоқатни ҳис қилган икки томон бир тану бир жонга айлангандагина оила муқаддаслик даражасига чиқади. Бундай тушунчалар эса муайян ҳаётий тажриба, машаққат ва турмуш синовларида тобланишлар натижасида вужудга келади.

Осонлик билан етишилган бахт кошонаси, ҳеч бир қийналишсиз ўтказилган никоҳ оқшоми, дабдаба, қўли калтанинг ўксик қалбини тирнайдиган ҳашамат… Агар шу дабдаба-ю асъасалар қўша қариш гарови бўлганда эди, эгнида оқ чит кўйлак билан гўшанга хатлаган, сепи бир бўғчагина бўлган момоларимиз, хотиннинг ортидан игнадек мол келишни ўзига ор билган боболаримиз тўй куниёқ ажрашиб кетган бўлмасмиди?

* * *

Бугун тўйларимиз хусусида жуда кўп гапирилмоқда. Аммо амалга келганда, оқсоқланаётганимиз ҳам рост.

Шу ўринда йигит-қизларимизда миллийлигимизга зид тушунчаларнинг шакл­ланишида ижтимоий ҳаёт ҳам ўз таъсирини кўрсатаётганини тан олишимизга тўғри келади. Телевизор пультини исталган каналга созланг, саноғи бору сифати йўқ сериалу киноларда хиёнатга чорлов, ўз хою-ҳавасини ҳамма нарсадан устун қўйиш ғояси сингдирилган «секин таъсир этувчи заҳарлар» онгимизни чирмай бошлайди. Бироз қўполроқ эшитилар, аммо ҳақли таъбир билан айтганда, кундан-кунга ошиб бораётган оилавий ажримлар борасида биз «экканимизни ўрмоқдамиз». Янаям аниқроғи, бундан йигирма йиллар аввал ТВ каналлари орқали онгларга йўналтирилган «заҳар» ўз ишини кўрсатмоқда. Клара-ю Линдага ҳавас туйғусида улғайган қизалоқлар бугун иккиланмай, оилани иккинчи «план»га қўйишмоқда. Аммо биз медиа маҳсулотларнинг сарагини саракка ажратиб истифода қилиш ўрнига, «олдимизга келганини» кўришда давом этмоқдамиз. Дейлик, «Севги изтироби», «Сенга ошиқман» каби сериаллардан бирор маънавий озуқа олишига кимдир ишонармикан? Аммо биз бу каби сериалларни кўргач, унча-мунча кишининг кўнгил йўриғига юриш фаҳш эмас, чин севгидир деган «фикр» келиши ҳеч гап эмас. Психологияда ўзини оқлаган шундай метод бор: муайян нарсага доимий эътиборни қаратиш, аста-секинлик билан ­мияга сингдириш орқали исталган ишни амалга ошириш мумкин, ҳатто хиёнатни ҳам.

Осонлик билан етишилган бахт кошонаси, ҳеч бир қийналишсиз ўтказилган никоҳ оқшоми, дабдаба, қўли калтанинг ўксик қалбини тирнайдиган ҳашамат… Агар шу дабдабаю асъасалар қўша қариш гарови бўлганда эди, эгнида оқ чит кўйлак билан гўшанга хатлаган, сепи бир бўғчагина бўлган момоларимиз, хотиннинг ортидан игнадек мол келишни ўзига ор билган боболаримиз тўй куниёқ ажрашиб кетган бўлмасмиди?

Оила қасрига зилзиладек зарар етказувчи яна бир омил борки, бу ҳақда тўхталмасликнинг иложи йўқ. Бу сеп-сидирға, мол-дунёга ҳирс масаласи. Нимагадир, кўпчилик келиннинг сепига кўз тикади. Худдики келин келгунга қадар бу хонадонда ҳеч нарса бўлмагандек. Ҳозирги келинлар қайнбўйинлардан тортиб, меҳмонхона, ошхона, ҳаммом, ҳатто (тилга олиш бироз ноқулай) ҳожатхонани ҳам безатишмоқда.

Қадимда эр-хотиннинг кўрпасига назар ташлаш ҳаром ҳисобланган. Шунинг учун чимилдиқ тутиб, эл кўзидан пана тутишган. Аммо ҳозирда келин-куёвнинг ётоқ диванини нафақат кўрсатамиз, фалон пуллик чойшаблар билан безатиб, элга намойиш ҳам қиламиз. Энг ачинарлиси, бу зормандани гум-гурсдай куёвга қайнота бўлмиш олиб беради.

«Болаларимга ҳаром ичирмадим-едирмадим, паҳлавондай улғайишди, нимага невараларим кунда-кунора касал бўлаверади?» деб шикоят қилган бир онахонга қадрдони — зийраккина врач «Спальнийни қайдан олгандингиз?» деб ҳазиллашибди… Шу латифани ҳар гал эшитсам, юрагимда бир нарса «чирт» этиб узилгандек бўлаверади. Серҳиммат ўзбекдан «Келин олсам, ҳеч қандай сепсиз, ўзини олиб кетаман», дейдигани ҳам чиқиб қолар-у, унинг мардона тутуми оғиздан-оғизга ўтиб, оммалашиб кетса-я, деб орзуга бериламан. Эҳтимол шунда, сеп-сидир­ға-ю олим-берим дея ота-онасини бўғзигача қарзга ботирмагани учун тушган хонадонига келингиналар ҳам чин дилдан меҳр қўярмиди? Бу меҳр ҳар гал эгилиб-эгилиб супурги урганда, жонни сиқимлагандек кирлар чайганда, дил ойнагидан аритгандек ғуборларни поклаганда, қайнона-қайнота кўксида биттадан оқибат ниҳолини ундирармиди?

Қадимда эр-хотиннинг кўрпасига назар ташлаш ҳаром ҳисобланган. Шунинг учун чимилдиқ тутиб, эл кўзидан пана тутишган. Аммо ҳозирда келин-куёвнинг ётоқ диванини нафақат кўрсатамиз, фалон пуллик чойшаблар билан безатиб, элга намойиш ҳам қиламиз. Энг ачинарлиси, бу зормандани гум-гурсдай куёвга қайнота бўлмиш олиб беради.

Ажримга аҳд қилган кўплаб оилаларнинг қайтадан бирикиб кетишига сабабчи бўлган «Шуҳрат» медали соҳибаси, Чуст туман ФҲДЁ бўлими мудираси Нодирахон Жалолова шундай дейди:

  • — Қонуний никоҳини бекор қилмоқчи бўлган оила вакиллари билан суҳбат ўтказамиз. Айрим важларнинг ўта юзакилиги кишини ўйлатади. Қабулимга бир келинчак келди, уч ойгина олдин никоҳ гувоҳномасини олгандаги гулгун чеҳрадан асар ҳам қолмабди. «Қайнонамнинг эшиги билан мен тушаётган хонанинг эшиги ёнма-ён экан. Уй ясатарга борган янгаларим эшик тагига пояндозни иккала эшикка етгулик қилиб тўшашмабди. Бундан қайнонамнинг жаҳли чиқиб, келмасидан мени ажратадиган келиннинг боридан йўғи, деб кўнгилга тугиб қўйган эканлар. Келин бўлиб тушган кунимдан сиғиштирмадилар, уч ой базўр чидадим, опажон, ажрашаман», дейди. Озгина сабрли бўлинг, деб уни юпатиб жўнатдик-у, маҳалласидаги яраштирув комиссияси билан боғландик, қайнонасини чақириб, оилани сақлаб қолишга кўндирдик. Куёв йигитларимизнинг сўзларини тинглаб қизларимиз тарбиясида ҳам муайян камчиликлар умумлашиб бораётганини сезамиз. «Келин бўлиб овқат пиширмаса, ҳовли-уй супурмаса, ундан яна нима кутиш мумкин?», дейди бечора йигит. Камига «Бизникида ундай эди, бизникида бундай эди…», деган таққослари билан оиламдагиларнинг ғурурини ерга ураверади. Уни ўзгартира олмадим, ажрашаман…». Бундай манзаралар кишини ўйлатади. Келин-куёвларни чақириб суҳбатлашамиз, яраштиришга ҳаракат қиламиз. Аммо кейинги пайтда ажримларга рағбатни асосан ота-оналар уйғотаётганини, ўз фарзандини беайб санаб, «Бу бўлмаса, бош­қаси» деган таскинни сингдиришаётганини таъкидламоқчи эдим. Бироқ улар унутишадики, ўша ­«бошқаси»нинг ҳам тили-жағи, ўзига яраша феълу атвори бор. Унга ҳам мослашишга вақт кетади. Тарафлар жойи келганда паст бўлиб, ўрнида баланд бўлишнинг уддасидан чиққандагина оила аталмиш қўрғон юзага чиқади. Токи биз ота-оналарнинг ўзида шу тушунчани қадрият сифатида шакллантира олмас эканмиз, ажрим отли иллатга барҳам бера олмаймиз.

Бугун ажримлар хусусида гап кетганда, кимдир иқтисодий муаммоларни, кимдир қайнона-келин муносабатларини, яна кимдир бошқа важларни дастак қилади. Бизнингча эса, омонат иймон, кўнгилнинг пок сақланмаслиги барча иллатларга илдиз бўлмоқда. Оила қасрига қадам қўяркансиз, иймонни асос, сабрни дўст, андишани қурол қилинг. Шундагина қўша қаримоқлик бахти Сизни ёлғизлатиб қўймайди!

Дилдора РАҲМОНОВА,

«Ishonch» мухбири

 

 

 

Бошқа хабарлар