«Отамга ўхшасам  дейман…»

228

Қаррибой ота қизини чорлади:

— Юр, бир жойга бориб келамиз.

Ота машина рулини Чолиш томонга буришни сўради.

Амударё бўйларига етиб келишди.

—  Шу ерда тўхта.

Қаррибой ота машинадан тушиб, дарё ёқалаб жимгина сайр қилди. Сўнг ўзигами, қизигами, дарёгами, кўнглидагиларни тўкиб солди:

— Ёшлигимда анави ҳашаматли кўприк йўқ эди. Бизни қайиқларда ўтказиб қўйишарди. Берунийдан дарёгача пойи пиёда келардим. Усти-бошим чанг бўлиб қоларди. Дарёдан бу ёғига яна катта йўлгача анча пиёда юришга тўғри келарди. Мени бу соҳилга бошлаган куч — билим олишга бўлган иштиёқ, ҳаётимни ўзгартириш орзуси эди. Бутун умр изландим. Ўрганишга уриндим. Умрим мана шу дарё каби гоҳ сокин, гоҳ долғали кечди. Биласанми, нимани ­англадим? Инсон ҳам дарё каби ирмоқларга қуйиларкан. Бу ирмоқлар эса ҳаёт бардавомлигига, турмуш ободлигига хизмат қилади. Менинг ирмоқларим сизлар ва шогирдларим. Ҳар бирингизнинг дарё бўлишингизни истайман.

Сафаргул кўзидан сизаётган ёшини билдирмай артаркан, отасининг елкасига бош қўйди.

— Ўзимнинг отажоним, бахтимга соғ бўлинг.

Қиз отаси билан суҳбатлашишни яхши кўради. Ҳар сафар ўзи учун янги ҳикмат кашф қилади. Болалигидан шундай. Отаси унинг учун дунёдаги энг улуғ инсон. Онаси «Отанг­ни хафа қилма», «Отангнинг ёнида овозингни баланд кўтарма» деб кўп такрорларди. Кўп қаватли уйнинг тўрт хонали хонадонида яшашарди. Ака-укалари, сингиллари шунчалик батартиб эдиларки, ҳеч ким бу хонадонда саккиз фарзанд тарбияланяпти, деб ўйламасди. Ҳуржон опа болалар боғчасида тарбиячи бўлиб ишлаганигами, табиатан меҳрибонлигиданми, ўғил-қизларига қаттиқ гапирмас, уришиб-койимасди. Бироқ унинг секингина айтган сўзлари ҳам етарли эди. Болалар онаси нима демоқчилигини дарров тушунишарди. Қаррибой ака эса талабчан, тартиб-интизомни яхши кўрадиган инсон. Уйдагилар ҳар доим  оталарини хурсанд қилишга ҳаракат қилишади. Бу эса унчалик қийин эмас. Янги шеър ёдлаб айтиб беришса, кундаликни беш баҳога тўлдириб келишса, кифоя. «Умринг ҳам, қалбинг ҳам зиёга тўлсин» деб дуо қиларди ота.

Ота дуоси — мустажоб. Саккиз фарзанд ҳам олий маълумотли мутахассис бўлиб етишди. Эндиликда аксарияти масъулиятли лавозимларда фаолият кўрсатишади.

Асли тўрткўллик Қаррибой ака етимликда катта бўлганидан,  ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб кўрган. Баъзида дардини кимга айтишни билмай ичига ютган, суянишга дарахт тополмай қолган вақтлари кўп бўлган. Ёлғиз таянчи оғаси эди. Камтаргина, ювошгина оғасини ҳаммадан кўп яхши кўрарди.

— Қаррибой, мен тирикчилик  билан овораман. Сен ўқиб, катта  одам бўлгин, — деб уқтирарди оғаси.

Урушдан кейинги тикланиш йиллари ҳеч кимга ҳам осон бўлмаган. Етимлик юки қийинчиликларни янада оғирлаштирарди. Ака-ука тиним билишмасди. Қора қозонни қайнатиш илинжида дарсдан сўнг далада ишлашарди. Уйга қор­онғи тушгачгина кириб келишар, чироқ ёқиб овқатланишарди. Қаррибой дарсларини тунда тайёрларди. Нимагадир, унинг хаёлига «Ҳамма муаммонинг ечими — билим» деган  фикр ўрнашиб олган, ўқисам, ўзимнинг ҳам, оғамнинг ҳам ҳаётини яхшилайман деб ҳисобларди. Балки, бу қишлоқдаги бир-ярим ўқитувчи ё докторнинг бошқалардан сал яхшироқ ­кийинганидандир. Ҳеч ёдидан чиқмайди. Мактабни тамомлаган йили оғаси унга янги кўйлак-шим олиб берди.

— Урганчга шуни кийиб бор, у ер шаҳар ҳар қалай,— деди оғаси. — Тошкентда ҳам ўқитардим-у, унда сени тез-тез кўролмайман. Урганчда ҳам яхши ўқитишади.

Қаррибой шу куни ҳўнг-ҳўнг йиғлади. Янги кийимни қарийб беш йил — институтни тугатгунча авайлаб кийди. Оғаси тез-тез бир халта нон кўтариб кўргани келиб турарди. «Янганг етимман деб ўксимасин, хабарини олиб келинг, деб юборди», дерди. Қаррибой нонларни курсдошлари билан баҳам кўрар,  ҳали уйланмаган ҳолига «Ўзимнинг ҳам, оғамнинг ҳам фарзандларини ўқитаман» деб кўнглига тугарди.

У пайтлари институтни тамомлаган ёшлар қаерга йўлланма беришса, ўша жойга бориб ишлашарди. Физика-математика фани ўқитувчиси дипломини қўлга олган Қаррибой Бердиев 1963 йилда Ҳазорасп туманидаги Охунбобоев номли мактабда ўз фаолиятини бошлади. Кўп ўтмай, ҳарбий хизматга кетди. Икки йиллик хизматдан анча шаклланиб қайтган муаллим ўз келажак тақдирини Урганч билан боғлашга қарор қилди. Балки, бу шу шаҳарда илм эгаллашга, ҳаётдаги ўрнини белгилашга муваффақ бўлганидандир. Ҳарқалай, шаҳар унинг учун қандайдир қадрли эди. 1965 йили шаҳардаги Алишер Навоий номидаги мактабда ўз иш фаолиятини давом эттирди. Тиришқоқ, интилувчан ва ташаббускор йигит тез орада жамоада ҳурмат-эътибор қозонди. Шу боис ҳам орадан бир йил ўтиб уни мактаб директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари  қилиб тайинлашди. У бу лавозимда саккиз йил фаолият кўрсатди. Кейинчалик Урганч шаҳар халқ таълими бўлимида мактаблар бўйича инспектор лавозимида ишлади. 1985 — 1987 йилларда ­қадрдон мактабига директорлик қилди.

1987 йилда Урганчда янги мактаб қурилди. Мутасаддилар 18-мактаб директорлигига Қаррибой Бердиевни лойиқ кўришди.

— Янги мактаб қурилиши, иш бошлаши ҳазилакам гап эмас, — дея эслайди ўша пайтлари мактаб директори ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган, ҳозирда шаҳардаги 1-умумтаълим мактаби директори Даврон ака. — Қаррибой устоз жуда талабчан, қатъиятли ва тартиб-интизомни яхши кўрадиган инсон. Директорнинг ўзи ҳам тиним билмасди, бизни ҳам тинч қўймасди. Баъзида мебел ёки бошқа жиҳозлар ярим кечаси келарди. Шундай пайтларда Қаррибой устоз фарзандларини олиб мактабга келар, мени ҳам чақирарди. Биргаликда эрталабгача мебелларни жой-жойига қўярдик. У кишининг фидойилиги туфайли 18-мактаб 1 сентябрда ўз фаолиятини бошлади. Директор таълим-тарбия жараёнига қаттиқ эътибор қаратар, ўқитувчилардан ҳам, ўқувчилардан ҳам интизом талаб қиларди. У кишидан ўрганганларим ҳозирги фаолиятимда ҳам жуда асқотяпти.

Бундай фикрларни кўплаб шогирдларидан эшитдик. Бир ёқда лавозим масъулияти, бошқа ёқда оилада болалар катта бўлишяпти, рўзғор ташвишлари ошяпти. Ўғил-қизлари бирин-кетин мактабни тамомлаб, олий ўқув юртларига киришди. Қаррибой ака ёшликда ўзига берган ваъдасига содиқ қолиб, оғасининг фарзандларини ҳам бағрига чорлади. Уларнинг Урганчдаги олий ўқув юртларида таҳсил олишлари учун имконият яратиб берди.

— Талабалик йилларим эди. Оилада ўн беш жон бўлдик. Қариндошларимиз билан тўрт хонали уйда 25 киши яшаймиз. Шунда отам мени чақириб, «Қизим, жиянларим  менга ишониб келишган, уларнинг яхши ўқишларига кўмаклашиш бурчим, биламан, озгина қийналяпсизлар, насиб қилса бу кунлар ўтиб кетади, ҳали ҳовли ҳам қурамиз» дедилар. Сессия пайтлари университет профилакторийсига кўчиб ўтардим. Ота-онамнинг бирон марта нолинганларини, онамнинг қовоғини уйганларини кўрмаганман. Ҳозир қишлоқдаги биттагина қариндошини кенг ҳовлисига сиғдиролмайдиган баъзи бировларни кўрсам, ўша кунлар ёдимга тушади. Инсоннинг уйи эмас, феъли кенг бўлиши керак экан, — хотирлайди  Сафаргул Бердиева.

Қаррибой Бердиев 1992 — 1997 йилларда шаҳар халқ таълими бўлимини бошқарди. Ўша кезлар энг оғир даврлар эди. Ўқитувчиларнинг иш ҳақлари кам, кўпчилик тирикчиликни баҳона қилиб, ишини ташлаб чет элларга кетиб қоляпти. Қаррибой устоз қатъият билан фаолият олиб борди. Таълим-тарбия сифатини бўшаштиришга йўл қўймади. Аксинча, ўша кезлари шаҳар мактабларида олтита йўналишда 50 дан ортиқ махсус синфлар ташкил қилинди. Иккита янги мактаб ва тўртта боғча қурилди. 5 та мактабга қўшимча бинолар қуриб берилди. 16 та мактабда компютер синфлари фаолияти йўлга қўйилди. Булар ҳазилакам натижалар эмасди.

— Қаррибой устоз ҳам талабчан, ҳам меҳрибон инсон, — дейди 4-мактаб ўқитувчиси Замира Қаландарова. — У киши шаҳар халқ таълими бўлимига раҳбарлик қилган даврларда мамлакатимиз оғир иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечирарди. Мен туғиш таътилига чиқдим. Бироқ таътил пули кечикаётганди. Ой-куним жуда яқин, уйимизда бир сўм пул йўқ. Шунда Бердиевнинг ҳузурига боришга қарор қилдим. «Бу нима қилганинг, қизим, телефонда тушунтирсанг ҳам бўларди-ку», деди устоз ва ҳисобчисини чақирди. Шу куни шаҳар халқ таълими бўлимидагилар маош олишган экан. Қаррибой Бердиевич ведомостга имзо чекиб, ойлигини олди ва пулни қўлимга тутқазди. «Қачон рўзғорингдан пул орттирсанг, берасан», деди. Бу воқеа хотирамга бир умрга муҳрланиб қолган ва мен бу ҳақда кўпларга гапириб берганман.

Бердиев нафақага чиққач, 70 ёшига қадар Урганчдаги  22-мактабда директор ўринбосари бўлиб фаолият кўрсатди. Ўзбекистон халқ таълими аълочиси Қаррибой Бердиев шогирдларини республикамизнинг кўплаб муассасаларида учратиш мумкин. Улар орасида устознинг олти нафар фарзанди ҳам бор.

— Бугун Бердиевлар сулоласида 18 нафар ўқитувчи бор, — дея ғурурланади Сафаргул Бердиева. —  Ака-сингилларимдан ташқари, уч келинимиз ўқитувчи. Уч невара бобосининг касбини давом эттирмоқда. Олтитаси эса отамнинг жиянлари. Ҳар йили 1 октябр куни отамнинг хонадонида жам бўлиб, Ўқитувчи ва мураббийлар кунини нишонлаймиз.

Сафаргул болалигидан отасига ҳаммадан кўп ўхшашни орзу қилгани боис ҳам физика-математика ўқитувчиси бўлди. Кичкиналигидан отасига кўмаклашиб келганидан, касбга ва атрофдагиларга меҳрни, масъулият ҳис қилишни, ташкилотчиликни ўзига юқтирди. Меҳнат фаолиятини 1988 йилда Урганч шаҳридаги 4-мактаб ўқитувчилигидан бошлаган Сафаргул Бердиева шу масканда етти йил физика-математикадан сабоқ берди. 15 йил ўқув-тарбиявий ишлар бўйича директор ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатди. Икки йил директорлик қилди.

2012 йилда ҳамкасблари унга ишонч билдириб, Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Урганч шаҳар кенгаши раиси қилиб сайлашди. Соҳанинг паст-баландини, ўқитувчи-мураббийларнинг муаммоларини, хоҳиш-истакларини яхши билган кенгаш раиси шаҳар халқ таълими бўлими билан имзоланадиган жамоа келишувида уларни тўла акс эттиришга, ҳар бир бандини ҳал қилишга эришиб келмоқда. Шаҳар кенгаши ўз атрофида юздан ортиқ бошланғич ташкилотларни бирлаштиради. Уларда ўн олти мингдан зиёд касаба уюшма аъзолари меҳнат қилишади. Ҳар бир бошланғич ташкилот фаолияти кенгаш раисининг эътиборида. Ҳар куни улардан бирига бориб, аъзолар билан дилдан суҳбатлашади. Муаммоларини ўрганади, таклифлар сўрайди. Аъзолар билан қалбан яқинлик кенгаш томонидан уюштирилаётган ҳар бир тадбирда акс этади. Бу йилнинг ўзида ўнга яқин спорт мусобақалари уюштирилди. 471 нафар ходимга моддий ёрдам ажратилди. 127 ходим санаторийларда соғломлаштирилди.  92 та бошланғич  ташкилотда ўтказилган «Маънавият соатлари»да 7000 дан зиёд ходим фаол иштирок этишди. Кенгаш раиси нафақат ўқитувчи-мураббийлар, балки маданият ходимлари, туризм соҳаси вакиллари, ижодкорлар, спортчилар манфаатларини ҳам бирдай ҳимоя қилади.

Ҳар сафар Бердиеванинг хонаси олдидан ўтаётиб, ходимлар билан гавжумлигини кўраман. Бу аъзолар ўз кенгаш раисига ишонишларидан, суянишларидан далолат.

— Бугун касаба уюшмалари ижтимоий шериклик асосида кўплаб муаммо ва масалаларга ечим топмоқда, жамоатчилик назоратини олиб бормоқда. Натижада, аъзолар моддий қўллаб-қувватланмоқда, ҳуқуқий ҳимояланмоқда. Бу эса, ўз навбатида, ҳар бир ходимни ўз вазифасига масъулият билан ёндашишга ҳам ундайди, — дейди кенгаш раиси.

Сафаргул Бердиева ўзаро суҳбатларимизда ота-онани қадрлаш, фарзандларга меҳр билан тарбия  бериш, оилавий анъаналарни шакллантириш ҳақида ҳам кўп тўхталади.

— Инсон ота-онаси билан ғурурланибгина қолмасдан, муносиб издош бўлишга интилиши керак. Отамга ўхшаган фидойи инсон бўлиш ҳаётдаги бош мақсадим, умрим мазмунига айланган. Ҳар бир масалани ҳал қилиш чоғида отам бунга қандай ёндашган бўларди деб ўйлайман. У кишидан кўп маслаҳатлар оламан, — дейди Сафаргул. —  Бу эса менга ҳаёт синовларини мардонавор енгишимда, олдимга қўйган мақсадларга етишимда жуда асқотади. Ҳар гал отамнинг елкасига бошимни қўйганимда, ўзимни кичкинагина, сочларига жамалак таққан қизалоқдек ҳис қиламан. Мен учун бундан ортиқ бахт йўқ.

Бу йил 1 октябр Бердиевлар сулоласи учун қўшалоқ байрамга айланди. Улар Сафаргул Бердиевани «Ўзбекистон Республикаси халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан ҳам табриклашди. Бу эса 80 ёшни қарши олган Қаррибой Бердиевга қизининг муносиб совғаси бўлди.

Сафаргул Бердиеванинг ён дафтарчасида шундай сатр­лар бор: «Балки мен дунёдаги энг яхши қиз эмасдирман, аммо энг яхши инсонларнинг қизиман».

Муҳаббат ТЎРАБОЕВА,

«Ishonch» мухбири

 

 

Бошқа хабарлар