Пулдаги битиклар

272

 

Миллий валютадан ҳар куни фойдаланамиз: савдо-сотиқ қиламиз, ҳақ тўлаймиз, ҳақ оламиз. Бир сўз билан айтганда, олди-берди ишларимизни пул орқали амалга оширамиз. Бироқ миллий валютамиз мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсон учун ифтихор тимсоли эканини унутиб, унга нисбатан гўё бир парча қоғоздек муносабатда бўлаётганлар, турли битикларни ёзиб ўзидан «дастхат» қолдираётганлар, афсуски, йўқ эмас.

Яқинда маош олган ҳамкасбларимиздан бири «Ҳурматли Муқимжон ака бугун эртага тўйга», «Давлатни қарзи 1000 сўм» ёзуви бор пулларни кўрсатиб қолди. Очиғи, ич-ичимиздан пулга ёзган инсонга нафрат уйғонди. Бир қарашда, нима қилибди, пул уники бўлса, ёзган бўлса ёзгандир-да, дейишингиз мумкин. Бироқ пулимиз мамлакатимиз иқтисодий қудратини, шу билан бирга, халқимиз маънавий, маърифий ва маданий салоҳиятининг кўзгуси эканлигини асло унутмаслигимиз керак.

Ўзбек сўми — миллий валютамиз, давлатимиз мустақиллигининг асосий рамзларидан бири. Сўм — миллий байроқ, гербимиз, мадҳиямиз сингари мамлакат мустақил ҳаёт кечираётгани, мустақил молия тизимига эга эканининг белгиси. Уни топташ, йиртиш, бундан ташқари, унинг устига ёзиш бефаросатлик, ақлсизликдан бошқа нарса эмас.

«Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллиги асослари тўғрисида»ги қонуннинг 11-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси ўз пул бирлиги — миллий валютасини жорий этишга, жами пул обороти, пул ва бошқа давлат қимматли қоғозлари эмиссияси ҳажмларини мустақил белгилашга ҳақли», деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, мазкур қонуннинг 16-моддасида: «Ўзбекистон Республикаси ўз тараққиёт йўлини, ўз номини аниқлайди, ўз давлат рамзларини: герби, байроғи, мадҳиясини таъсис этади, ўз давлат тилини белгилайди. Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг рамзлари муқаддасдир ва уларни ҳар қандай таҳқирлаш қонун билан жазоланади», дейилади.

Қонунда миллий валюта давлат рамзлари сифатида бевосита санаб ўтилмаган бўлса-да, унда давлатимиз герби, байроғи, тарихий ва муқаддас қадамжоларимиз акс эттирилган.

Албатта, сўмни кўрганда қалбимизда миллий ғуруримиз жўш уради. Уни қўлига олган кишининг Самарқанддаги Регистон майдони, Тиллакори, Шердор мадрасалари каби тарихий обидалар, пойтахтимиздаги Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси бинолари, Темурийлар тарихи давлат музейи, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри, «Истиқлол» санъат саройи, Амир Темурнинг улуғвор ҳайкали, Анжуманлар саройи тасвирларига кўзи тушади.

Сўмимизга нописанд муносабат халқимиз учун азиз саналган давлат рамзларига нописандлик билан баробар. Зеро, миллий валютамиз мамлакатимиз салоҳиятини янада юксалтириш билан бирга, халқимизнинг ғурур-ифтихори, эртанги кунга ишончини мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,

«Ishonch» мухбири

 

 

 

 

 

Бошқа хабарлар