Сотиб олинаёган «гўзаллик»

342

 

Замонга қараб гўзаллик ҳақидаги тушунчалар ҳам ўзгариб бораверар экан. Дугонамнинг ишхонасида қайсидир мобил операторининг реклама-календарига кўзим тушди. Тасвирда бир-бирига суянган уч қиз: лаблар бир хилда «шиширилган», қошу кўз «чизилган», уланган киприккача «эгиз».

Ҳар бир инсонни бетакрор деймиз, яъни Аллоҳ айнан ўзимизга мосу муносиб қилиб, қошу кўз, бурун, қулоқ берган. Шунга қарамай, нимагадир, кейинги пайтда аёллар орасида қалин қошга эга бўлиш учун «татиуровка», «растушёвка» каби хизматларга мурожаат этувчилар кўпайиб бормоқда. Бир неча йиллар олдин шоу бизнес вакиллари фойдаланувчи хизматлар оддий халқ орасида ҳам ёйилаяпти. Натижада, биз деярли ҳар қадамда сохта гўзаллик билан кўзимизни алдашга мажбур бўлаётирмиз. Худдики бугуннинг эстетик ўлчовлари фақат ҳажмга аҳамият бераётгандек: лаб шишганми, демак, гўзал, қош энлими, демак, уям гўзал… Танадаги муайян аъзолар бошқаси билан мутаносиблигини йўқотишини ҳисобга олмай, уларни ҳам пластик жарроҳлик билан каттартиришга киришиб кетилгани-чи?

Лекин бу мусобақанинг онгсиз иштирокчиларидан бирортаси «Нега менинг лабим Анжелина Жолиники каби бўлиши шарт?!» ёки «Никол Кидманникидек шаклга келтирмасам, бурним нафас олмай қўядими?» деган ҳақли саволни ўзига бермайди. Бизда шунчаки гўзаллик индустрияси яхшигина бизнесга айланиб кетди, рекламалар унинг самарасини оширмоқда. Қайсидир «юлдуз»ларнинг ўзгарган қиёфаси ҳавасимизни ошириб, бизни ҳам шу мақсад йўлида салонларга етакламоқда. Бироқ мақсад ҳамиша ўзини оқлайвермайди. Унутманг: гўзаллик салонлари тиббиёт муассасаси эмас! Яна ўзимизга дард сотиб олмайлик!

Татиуровка, маникюр, педикюр каби амалиётларнинг саломатликка зарари ҳақида кўп гапирилмоқда, бироқ сўзнинг амалига келганда…

Қиёфаларнинг бир хиллиги қиёфасизликни шакллантирмаяптими, деган иштибоҳ туғилади. Зеро, инсон ўзини бошқалардан фарқли сеза бошлагандагина ички оламини намоён этишга йўл излай бошлайди. Ахир, биз бир қолипдаги роботлар эмасмиз-ку!  Болалигимизда маҳалламиз катталари «Сен фалончининг набирасимисан?» дея тусмоллашарди. Албаттаки, қиёфамизнинг ота-оналаримизга тус келишидан чамалашарди. Агар «қиёфани ўзгартирувчи кооператив»лар шу тарзда ишлаб турса, яқин 10-15 йил ичида кимнинг боласи ким эканлигини ажратиш у ёқда турсин, ўзбекона қиёфамизни ҳам унутиб қўймасмиканмиз?

Шу мулоҳазаларимни бир-икки танишларимга айтиб кўрдим. «Гўзалликка интилиш айб эмас-ку!» ­дейишди. Бироқ, ота-онадан мерос чиройни ўзгартириш уларни таҳқирлашдек эмасми? Ёинки Аллоҳ шугина яратиғини ҳусндан қисган-у, унинг бу «хато»сини ақлли(!) бандаси «тузатаётгани»дек кибр бор бу ишда. Бу йўсиндаги гўзаллашишни асли-наслидан тониш десак тўғрироқ бўлар. Зағизғондан қар­қуноқ пайдо бўлмас, аммо табиатга ҳар иккиси ҳам ўз ўрнида керак.

Гўзаллик кўйида ўзини ҳар ҳунарга солаётганларни кўрганимда, негадир хотирамга Майкл Жексон келаверади. Терисининг рангидан ор қилган, Аллоҳ берган неъматни инкор этиб, алалоқибат қилмишларининг натижаси сифатида чириётган оппоқ терининг бадбўйига маҳкум этилган инсон. Миллиардлаб маблағи бўлишига қарамай, қоратанли, аммо бахтиёр (ва шуниси билан чиройли!) бўзбола Майкл бўлган давр­ларини ортга қайтара олмаган бечора…

Баъзан тасаввур тулпори саркашлик қилади: бугун бетакрор, латофатли дея эътироф этилаётган «гўзаллар» 15-20 йилдан сўнг қандай кўринишда бўлишар экан? Ахир сохта қошу кўз, яноғу дудоқ айнан ҳозирги юз учун мослаб «яратилаётир». Йиллар ўз таъсирини ўтказиб, юз ҳам ўзгаради, тери сал­қиши, ажин тушиши бор. Кейин нима бўлади?..

Мақсад фақатгина гўзал ташқи кўриниш бўлиб қолмасин, азиз дугонажонлар! Ўй-фикримизни қаричимиздан баландроқ олиб, гўзал оқибат учун ҳам жон койитайлик. Фарзандларимиз биздан гўзал қадриятлар билан бирга  оқибатни ҳам  мерос қилиб олишини унутмайлик.

Дилдора

РАҲМОНОВА,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар