Суратига эмас, сийратига боқ

Суратига эмас, Сийратига боқ

313

 

Қўлимда Тошкент шаҳридаги «Baktria press» нашриётида чоп этилган «Улуғ инсонлар маънавияти» деб номланган китоб. Саидмухтор Саидқосимовнинг ушбу  публицис­тик очеркларида Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасида ислом дини ривожига ҳисса қўшган Бобохоновлар сулоласининг охирги уч авлод вакиллари бўлмиш муфтийлар – Эшон Бобохон, Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳамда арабшунос ва исломшунос олим Шамсиддин Бобохоновнинг сермазмун ҳаёти, серқирра ижоди ҳамда диний эътиқодни пок сақлаш ва мустаҳкамлаш йўлида олиб борган илмий фаолияти ғоят қизиқарли тарзда ёритилган. Китоб халқимиз хотирасида ўчмас из қолдирган кўплаб буюк сиймоларнинг ибратли ҳаётлари таҳлилига бағишланганлиги билан алоҳида илмий аҳамият касб этади.

«Тарихий хотира маданиятига оид мулоҳазалар» боби билан бошланган китобдан жой олган «Нурли инсон», «Авлодлар ибрати, ота мактаби», «Шажара — авлодлар тарихи», «Тарихий васиқа» («Ишончнома»), «Яхши фазилатлар вориси», «Ҳаёт давом этаверади»,   «Буюк устозлар шогирди», «Яхши ният — ярим омад», «Тақдирнинг совғаси», «Халқаро Ибн Сино мукофоти совриндори», «Суратига эмас, сийратига боқ», «Яқин Шарқдаги биринчи Ўзбекистон элчиси», «Ислом зўравонликни инкор этади», «Самарали элчилик фаолияти», «Олимнинг орзуси — илм иштиёқи» каби сарлавҳали дилтортар хотиралар ўқувчини бефарқ қолдирмайди.

Халқимиз эътибори ва эътирофида бўлган инсонларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, қалб сўзлари китобни мазмунан бойитган.

Неъматуллоҳ ИброҲимов, академик:

— Ўрта Осиё ва Қозоғистон минтақасида ислом дини ривожига улкан ҳисса қўшган муфтийлар — Эшон Бобохон, Зиёвуддин ибн Эшон Бобохон ҳамда уларнинг фарзанди аржумандлари, арабшунос ва исломшунос олим, дипломат, камтарин ва садоқатли инсон, гўзал сийрат ва суврат соҳиби, ўзбекона ахлоқ ва одоб намунаси, халқимизнинг ифтихори бўлган Шамсиддин Бобохоновларнинг сермазмун ҳаётлари, серқирра ижодлари, кенг илмий фаолияти ҳақида муфассал маълумот берувчи ушбу очерклар тўплами маънавий тараққиётимиз жараёнида исломий қадриятларнинг ўрни ва таъсири алоҳида аҳамиятлидир.

Нурислом ТЎхлиев, профессор:

— Асар равон ва оригинал ёзилган, қизиқиш билан «бир нафас»да ўқилиб, бой таассурот қолдиради. Унда нафақат давримизнинг азиз сиймоларидан бўлган Шамсиддин Бобохоновнинг ҳаёт йўли ва мазмунли фаолиятига, айни пайтда, Бобохоновлар сулоласи, улар билан замондош бўлган атоқли давлат ва жамоат арбоблари, олим ва ёзувчилар билан боғлиқ лавҳалар ҳам ўрин олган. Бу ноёб тарихий материалларда ва манбалар асосида композицион жиҳатдан пишиқ тузилиб, бу ҳақда ёзилган китоблар ва мақолаларни такрорламаган ҳолда буюк шахсларга, йирик сиёсий-ижтимоий воқеа ва ҳодисаларга бутунлай бошқа томондан ёндашиши билан кўпгина маънавий муаммолар ҳақида янгича фикр юритишга ундайди.

Шуҳрат ўойибназаров, профессор:

— Йирик давлат ва дин арбобларининг яқин ўтмишимиздаги зиддиятли ва суронли йилларда халқимиз эътиқоди ва иймонини сақлаб қолиш ва мустаҳкамлаш йўлидаги тинимсиз саъй-ҳаракатлари, оғир сиёсий вазиятларда ҳам Ватан ва миллат манфаатларини устун қўйиб келганликлари жонли мисолларда, архив ҳужжатлари ва ноёб тарихий фотосуратлар орқали ёритиб берилганлиги бу долзарб тадқиқот салмоғини янада оширади ҳамда бугунги куннинг мураккаб ижтимоий-сиёсий ва ахлоқий масалаларини чуқурроқ идрок қилишга асос беради.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу китоб қаҳрамонларининг миллатимиз маънавий поклигини, муқаддас динимиз софлигини сақлаш йўлидаги беқиёс хизматлари, ибратли ҳаёт йўли, ижоди ёшларимиз учун энг яхши сабоқ вазифасини бажариши, шубҳасиздир.  Зеро,  ислом динининг асл моҳиятини сақлаш ва тарғиб қилишда мўътабар зотлар ибратини ёд этиш ва улардан ўрнак олиш муҳим аҳамият касб этади.

Тўлқин МуҲиддин,

ёзувчи, драматург

 

Бошқа хабарлар