Тиллар тараққиёти – эллар бирлиги демак

127

Асосий Қомусимиз инсон ҳаёти ва жамият равнақининг барча жараёнларини қамраб олганлиги билан аҳамиятга моликдир. Шу асосда қабул қилинган  қонун ва қонуности ҳужжатлари халқаро ҳамжамият томонидан ҳам эътироф этилмоқда. Конституциямизнинг 4-моддасида «Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тилидир.

Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлайди, уларнинг ривожланиши учун шароит яратади», дейилади.

Дарҳақиқат, ҳар қандай халқ, миллат учун тил нафақат шахслараро ўзаро муносабат воситаси, балки маданий тараққиётнинг буюк ютуғи ва ифодаси, инсониятнинг кўп асрлик ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий ривожланиши тарихини акс эттирувчи кўзгу ҳамдир. Шунингдек,  маънавий қадриятлар у ёки бу тарзда тилда ўз ифодасини топади ҳамда унинг ёрдамида англанади. Ҳар бир халқ ўз туйғулари ва фикрларини она тилида ифодалайди. Билиш жараёнлари ҳам она тилида кечгандагина халқ учун мақбул ва тушунарли бўлади. Она тилининг халқ ва элат турмушидаги аҳамияти беқиёсдир, яъни жаҳонда фаолият юритаётган 3 мингдан ортиқ миллий тил муаммоларини ҳал қилиш йўлларининг мураккаблиги ҳам аслида ана шунда. Тилнинг ривожи учун кураш миллатнинг гуллаб-яшнаши учун кураш демакдир.

Ўзбек тили тараққиётига бир назар

 Ўзбек тилига давлат тили мақоми берилиши озодлик ва мустақиллик сари қўйилган илк қадамлардан биридир. 29 йилдирки, унинг ижтимоий функцияларида туб сифат ва миқдор ўзгаришлари юз бермоқда.

Чунончи, тилнинг асосий функцияларидан бири таълим-тарбия ҳисобланади. Бу функция республикадаги таълим-тарбия тизимининг таъсирчан фаолият кўрсатиши билан боғлиқ. Бу тизим  мактабгача, бошланғич, ўрта, ўрта махсус, олий таълим ва ундан кейинги таълимдан иборат. Аввал, мустабид тузум даврида ўзбек тили фақат бошланғич ва ўрта таълимда ўқитилар эди. Лекин унинг ўрта махсус ва олий таълим соҳасидаги, хусусан, баъзи техника мутахассисларини (кибернетиклар, электрончилар ва ҳоказо) тайёрлашдаги функциялари сезиларли даражада чекланганди. Ҳатто, ўрта махсус таълимда ҳам авиақурилиш, машинасозликнинг айрим турлари, баъзи бир кимёвий-технология, электрон ва компютер мутахассисликлари бўйича таълим беришда ўзбек тилидан деярли фойдаланилмасди. Олий таълимда: политехника, энергетика, нефт ва газ, муҳандислик ва тиббиёт кадрлари тайёрлашда ҳам ўзбек тилининг қўлланиши чекланган бўлиб, махсус ва юқори курслар рус тилида олиб бориларди.

Илмий таълимда, айниқса, фундаментал ва амалий тадқиқотларда бошқа иттифоқдош республикаларнинг тиллари каби ўзбек тилининг ҳам функцияси қонунан чеклаб қўйилган эди. Масалан, 60-70-йиллардан бошлаб,  ОАК (Олий Аттес­тация Комиссияси) илмий тадқиқотлар натижаларини халқ хўжалиги амалиётига жорий этиш зарурлигини рўкач қилиб, номзодлик ва докторлик диссертацияларини собиқ Иттифоқдаги халқлар тилларида ҳимоялашни тақиқлаб қўйди.

Ўзбек тилининг мазкур соҳалардаги функцияси ҳамда терминологияси ва сўз бирикмалари ҳам, табиийки, шу тариқа ривожланмай қолди. Бундай якка мафкуравий ҳол нафақат таълим ҳамда илмий тадқиқотларда, балки ҳаётимизнинг ­бошқа соҳаларида ҳам ҳукмрон эди…

Шукрки, бугунга келиб мамлакатимиздаги олий ўқув юртларида таълимни тўлиқ ўзбек тилида амалга ошириш вазифаси ҳал этилди. Янги технологияга тааллуқли ўзига хос атамалар шакллантирилди. Ўзбек тили замонавий технологик тилга айланиб бораётганини шундан ҳам билса бўладики, «ЎзДЭУ-авто», «Мерседес-бенц» каби ва бошқа хорижий қўшма корхоналарнинг ташкил этилиши ҳамда уларда технологик жараёнлар ва иқтисодий-ижтимоий, маъмурий бошқаришлар ўзбек тилида амалга оширилаётир.

Кези келганда, яна шуни ҳам таъкидлаш керакки, халқаро, давлатлараро икки томонлама музокаралар олиб бориш, хал­қаро шартномалар тузишда ҳам ўзбек тилининг аҳамияти ошди. Бу эса ўзбек тилининг дипломатия ва халқаро муносабатлар функцияси шаклланишига олиб келди. Тўғри, шартномалар уч тилда — ўзбек тили, шартнома тузилаётган томон тили ҳамда рус тилларида (МДҲ мамлакатлари билан) расмийлаштирилмоқда. Лекин бундай амалиёт умуман ­халқаро муносабатларда кенг тарқалганлигини ҳам унутмаслигимиз керак. Ўзбек тилида халқаро битимларнинг тузилиши ва имзоланиши, дипломатик, савдо, иқтисодий, маданий алоқаларга оид ҳужжатларнинг юритилиши — унда халқаро атамалар, сўз бирикмалари билан бир қаторда янги услуб шаклланишига олиб келади. Бу жараёнлар давом этиб, ўзбек тилининг хал­қаро атамалари ва услубий ифодаси такомиллашиб бораётир.

Ўзбек тилининг халқаро дипломатия ва алоқаларга хизмат қилиш функцияси, оқибат натижада бошқа функцияларига ҳам, чунончи олий таълимга хизмат қилишига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Бугун Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидаги таълим рус ва инглиз тиллари билан бирга ўзбек тилида ҳам амалга оширилмоқда. Боз устига ўнга яқин хорижий давлатлар — Россия, Хитой, Малайзия, Италия, АҚШ, Буюк Британия олий ўқув юртлари филиалларида ҳам ўзбек тили ўқитилаётганлиги Ватанимиз рамзий тимсоли ифодасидир.

Функционал тараққиёт ўзбек тилининг таркибий тузилишига ҳам таъсир ўтказди. Хусусан,  мустақилликка эришгандан сўнг ўзбек тилида туб таркибий ўзгаришлар кузатилмоқда. Айниқса, ўзбек тили луғати ва барқарор сўз бирикмалари мажмуидаги ўзгаришлар яққол кўзга ташланади.

ТИЛ БИЛГАН — ДИЛ БИЛАДИ

Турли маданиятларни бирлаштирган қадим Буюк ипак йўлининг замонавий руҳи ҳақида Биринчи Президентимиз Ислом ­Каримов шундай ёзган эди: «Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаётган ҳамда яхшигина молиявий базага эга бўлган кўп йўналишли ТРАСЕКА лойиҳасини амалга ошириш — Европа қитъасига йўл очиб берадиган Транскавказ йўналишига эга бўлишимизга аниқ имконият яратади». Бугунги глобаллашув шароитида жаҳон тараққиётини бу йўналишсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Биз орзу қилган Рим — Тошкент — Пекин йўналиши Марказий Осиё давлатлари тараққиётининг асосий йўналиши ва мезони бўлишига шубҳа йўқ, албатта.

Фақат туркийзабон давлатлар 24 та бўлиб, 240 миллиондан ортиқ фуқароларни бирлаштиради. Чунончи, Кавказда туркий тилли озарлар, аварлар, чеченлар, ингушлар, табасарийлар ва бошқалар умумий манфаати йўлида хизмат қилишини, тинчлик ва осойишталик тарафдори эканликларини алоҳида қайд қилиш жоиз. Чунки тинчлик, барқарорлик, озодлик бўлган жойда тараққиёт ва келажакка ишонч бўлиши қадим-қадимдан маълум.

Мустақиллик ғоялари Марказий Осиё давлатларининг ўзаро иқтисодий ҳамкорлигини таъминлаш билан бирга, маданий-маънавий яқинлиги, бирлигини ҳам равнақ топтирмоқда. Бунда «Ўзбекистон — умумий уйимиз» миллий маданий ҳаракатининг ўрни бўлакча. Узоққа бориб нима қилдик. Ўзбекистонда Қозоғистон ва Туркманистон ҳамда Қирғизистон, Қозоғистонда эса Ўзбекистон ва Туркманистон маданияти кунлари муваффақи­­я­т­ли ўтганини эсга олайлик. Бу эса хал­қ­ларимизни янада яқинлаштирди ва жипс­лаштирди. Жаҳон ҳамжамиятида маънавий бирлик нималарга қодир эканлигини яна бир бор намойиш қилди.

Яқинда Ўзбекистон ва Тожикистон Президентларининг телефон орқали мулоқотида амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари, олий ва юксак даражада бўлиб ўтадиган тадбирлар режаси муҳокама қилинди. Ўзбекистонда шундай тадбир тожик биродарларимиз томонидан ўтказилди. Дарвоқе, 2001 йил 28 декабрда икки мамлакат ўртасида икки тилли: суви, ҳавоси, турмуш тарзи, урф-одати ва диний эътиқоди бир, эндош, дили-дилига пайванд ­халқларнинг Қўшма баёноти қабул қилиниб, маънавий-маърифий фаолиятимиз равнақ топмоқда. Академик шоир ўафур ўулом таъбири билан айтганда, қуда-анда, қўшни-қариндош, сув-ариғи бир элат, ҳавоси, осмони бир халқмиз, деб таъриф берганлари ҳозирги мустақил давлатлар ривожида ўз аксини топмоқда.

Фахр-ифтихор билан шуни айтиш мумкинки, тарихан шаклланган миллий маънавий маданиятлар, халқларимиз расм-русумлари, барча-барчаси яхши қўшничилик, истиқболли келажак сари қўйилаётган табиий жараёнлар дебочаси ва абадул-абад яшаш, яъни Ўзбекистон — умумий уйимизнинг мустаҳкам пойдевор негизининг асосидир. Тил билган — дил билади. Зеро, тиллар, яъни диллар бирлиги бундан буён ҳам яшнаб-яшайверсин!

Шу ўринда бир фикр. Бошқа Дастурлар каби тилларни тараққий эттириш, яъни Ватанимиз истиқболига хизмат қилувчи ҳамда Ўзбекистон халқларини бирлаштирувчи, муҳими, республикада барқарорлик ва тинчликни таъминловчи Дастур бўлиши лозим. Шу нуқтаи назардан мамлакатда амалга оширилаётган ­ташқи ва ички сиёсатнинг, хусусан, тиллар тараққиётига қаратилган тадбирларнинг нақадар самарали тарзда оқилона амалга оширилиши айни муддаодир.

Карим НОРМАТОВ, ИИВ академияси профессори,

 Ғулом МИРЗАЕВ. Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети  илмий ходими

 

 

 

 

Бошқа хабарлар