Унутманг, экран қаршисида… болакай

205

Ўсиб келаётган ёшлар тарбияси ҳақида жуда кўп мулоҳаза юритамиз. Уларнинг тез улғайиб қолиши, дунёқарашининг кенглиги, ҳатто баъзи ёши катталардан кўра «ақллилиги» бизни ҳайратга солади, айни пайтда бироз чўчитади ҳам. Ҳали уч ёшни ҳам тўлдирмаган болакай бемалол сенсорли телефонни ишлата олади, дейишса ажабланманг, бунга ўзим гувоҳ бўлганман. Уяли телефон, компютер, интернет тармоғи кабилар ҳақида мулоҳазалар етарлича, шунинг учун уларни четга суриб турамиз. Фарзанд тарбиясининг шаклланишида биз кўпам аҳамият беравермайдиган яна шундай «ақлли тарбиячи» борки, уни бутун оиламиз билан бирга севиб томоша қиламиз…

Қўшнимиз Нигора тўнғич ўғлининг тажовузкор ва урушқоқлигидан доим нолиб келарди. Бир куни зарурат туфайли уларнинг уйига чиқдим.  Эндигина тили чиқаётган ўғилчаси билан  жанговар филм томоша қилаётган Нигора менинг эшик қоқиб кирганимни ҳам пайқамади. Зорманданинг овози қулоқни ларзага келтирадиган даражада кўтарилган, экранда бомба порт­лар, одамлар бир-бирини ўққа тутган, ҳар тарафдан милтиқнинг пақиллаган овози. Уларни четдан кузатар эканман, ўғилчасининг авзойидан сесканиб кетдим. Муштдеккина боланинг кўзлари қўрқувдан катта-катта очилган, қўлларини мушт қилиб, тиззалари билан қисганча ғужанак бўлиб ўтирибди. Болакайнинг миттигина дунёсини алғов-далғов қиладиган аслида ана шундай жанговар филмлар эмасми?!

«Жумонг» сериалини бир эслайлик. Ундаги қиличбозлик саҳналаринидан руҳланган болакай ўз укасига тажовуз қилганлиги кўпчиликни ларзага солганди. Балки ҳозирги ўсмирлар орасида тажовузкорлик кайфиятининг юқорилиги айни ана шундай филмларга бориб тақалар…

Шунингдек, кинолардаги ишқий саҳналарнинг кўплиги ёшлар орасида ишқий саргузаштларнинг эртароқ шаклланишига олиб келаяпти назаримда. Чунки биз оила даврасида бемалол турли хил филмларни томоша қиламиз, уларнинг деярли барчасида йигит ва қизнинг муҳаббати акс эттирилган саҳналар бисёр. Балки шунданми, мактаб пайтидан «бу мени қизим, бу мени йигитим» зайлидаги машмашаларга гувоҳ бўлаётгандирмиз. Филмлардан ўтиб тушаётган баъзи мултфилмлар борки, уларни ҳатто биз катталар кўрсак, ҳайратдан ёқа ушлаймиз. Яхшиямки, бизнинг профессоинал монтажчиларимиз беҳаё саҳналарни кесиб ташлашади, аммо унинг мазмуни қандай бўлса, шундайлигича қолиб кетаверади. Мултфилмларда биргина ишқий саргузаштлар эмас, уларда кинолардан қолишмайдиган жанговар саҳналар ҳам етарлича.

Эсимда, ёшлигимда отам бизга баъзи киноларни кўришни ман этиб қўярди. Биз ўшанда отамдан ранжирдик. Аммо кун келиб, ўша киноларни бизга кўрсатмаган отамдан миннатдор бўлганмиз. Биз интизорлик билан кутиб томоша қиладиган «Эртаклар яхшиликка етаклар» теледастури бўлар эди, унинг «бир бор экан, бир йўқ экан, бўри бакавул экан, тулки ясовул экан», деб бошланиши ҳамон ҳамма кичкинтойлар телевизор қаршисига тизилиб олардик. Унда сўзлаб бериладиган эртакларни мириқиб эшитардик. «Қуёнча, сеними шошмайтур», «Зумрад ва Қиммат», «Том ва Жери» ва бошқа кўплаб мултфилмларни ва эртак киноларни кўриб катта бўлганмиз. Айниқса, «Эртаклар яхшиликка етаклар»  теледастуридаги эртакларни тинг­лашга, ундаги саҳналаштирилган қўғирчоқларни яна ва яна кўришга  муштоқмиз.

Мафтуна РЎЗИМАТОВА,

Журналист

 

 

Бошқа хабарлар