ФЕДЕРАЦИЯ ПРЕЗИДЕНТИНИНГ ЭЪТИРОФИ

307

Халқ орасида «Фарғонача кураш» дея номланган белбоғли курашнинг водий ҳамда Тошкент, Хоразм, Сирдарё вилоятларида анча оммалашаётганини яхши биламиз.

Юртимизда жисмоний тарбия ва ёшлар камолотига берилаётган эътиборнинг самараси ўлароқ, ушбу спорт тури бўйича республикамизнинг жанубий вилоятларидан ҳам маҳоратли курашчилар етишиб чиқмоқда.

Яқинда Чироқчи туманидаги 1-Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида белбоғли кураш бўйича 2004-2005 йилларда туғилган ўғил ва қизлар ўртасида республика биринчилиги ташкил этилди ҳамда уч кун давомида барча вилоятлар, Тошкент шаҳри ва Қорақалпоғистондан ташриф буюрган 420 нафар ёш спортчи 11 та вазн тоифасида гиламга чиқди.

Баҳслар белбоғли кураш ва унинг эркин йўналиши шартлари бўйича олиб борилди.

Албатта, кутилганидек, фарғоналик ва наманганлик курашчилар анча илдам эканликлари кўзга ташланиб турди. Улар томонидан қўлга киритилган медаллар салмоқли бўлди.

Мезбон Қашқадарё вилояти терма жамоаси ҳам мухлисларни хушнуд этди. Оғабек Йўлдошев эркин йўналишда кумуш медалга эришган бўлса, Умид Ўктамов (белбоғли кураш) бронза медални қўлга киритди.

— Мазкур мусобақа ёш спортчиларимиз учун ҳақиқий маҳорат мактабига айланди, — деди Қашқадарё вилоят белбоғли қураш федерацияси раиси Фарҳод Жуманов. — Чунки спорт билан шуғулланаётган ўғил-қиз ўзидан кучли курашчилар билан рўбарў келсагина тактик жиҳатдан янада тобланади. Камчиликларини билади ва уларни  бартараф этиш имкони туғилади.

Спортчиларимиздан 24 нафари жорий йил давомида турли мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлишди. Бу Баҳриддин Ёрматов, Зокир Қобилов, Иномжон Ҳасанов каби фидойи мураббийларимиз меҳнатлари самарасидир.

Қашқадарёда белбоғли кураш билан шуғулланувчилар сони 400 нафардан ошиб кетганлиги ҳам ушбу спорт турига қизиқиш ортиб бораётганидан далолатдир.

— Қашқа воҳасида ўтган белбоғли кураш мусобақасининг ташкилий жиҳатлари юқори савияда бўлди, — деди Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси президенти Равшан Дастиров. — Бундан етти-саккиз йил муқаддам Қашқадарёда шундай йирик мусобақа ўтади, белбоғли кураш ривожланади, деса биров ишонмасди. Айни пайтда ишлар тўғри йўлга қўйилгани сабабли спортчилар тез-тез республика мусобақаларида қатнашяпти, яхши натижалар қўлга киритиляпти. Бунинг учун вилоят федерацияси раҳбарлари ва мураббийларга самимий миннатдорлик билдираман.

Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch» мухбири      

 

Бошқа хабарлар