ЯХШИЛАР КЎП  ДУНЁДА!

408

Курсдош дугонам бу йил ётоқхонага жойлашолмади. Унинг шаҳарда биронта ҳам қариндоши йўқ, ижарага турай деса, контрактда ўқитаётгани сабаб ота-онасига қўшимча харажат юкланади. Дугонам нима қилишни билмасдан ҳайрон эди. Ётоқхона бошлиғи касаба уюшма қўмитаси раисидан ёрдам сўрашимизни маслаҳат берди. Кутганимиздек бўлди. Касабақўм етакчиси ёрдам беришини айтиб,  тинчлантирди. Орадан икки кун вақт ўтмай, дугонамга ётоқхонадан жой берилди. Биз, талаба қизлар, айниқса, дугонамиз ва унинг ота-онаси Сабриддин устоздан жуда ҳам миннатдор бўлдик.

 Тўғрисини айтсам, бунгача касаба уюшмаси ҳақида тўлиқ маълумотга эга эмас эдим. Шундан сўнг талабалар ҳаётида касаба уюшмасининг ўрни нақадар катта ўрин эгаллашига амин бўлдим.

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида 1167 нафар ходим фаолият юритиб келмоқда. Уларнинг 800 дан ортиғини профессор-ўқитувчилар ташкил қилади. Университет бирлашган касаба уюшма қўмитаси ижтимоий шериклик тамойиллари асосида талаба ва ходимларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилади. Қўмита раиси Сабриддин Каримшиков жамоа шартномаси, меҳнат қонунчилиги талабларига оғишмай амал қилиш иш самарадорлиги, таълим бериш сифатига ижобий ҳисса қўшади, деб ҳисоблайди.

— Илм-маърифат аҳли, айниқса, талабалар манфаатларини ҳимоялаш шарафли ва масъулиятли вазифа, — дейди Сабриддин ака. — Таълим даргоҳимизда 10 та йўналиш бўйича бакалавр ва тўққизта мутахассислик бўйича магистрлар тайёрланяпти. Еттита факултетдаги йигирма тўққизта кафедрада 6000 нафардан зиёд талаба таълим олмоқда. Яхши дам — меҳнатга ҳамдам, дейишади. Шу туфайли касаба уюшма қўмитамиз жамоа шартномаси шартлари ва ходимлар талабларидан келиб чиқиб, уларга қулайликлар яратишга муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Бу йил 30 дан ортиқ ходимнинг тарихий шаҳарларга саёҳати ташкил қилинди. Фарзандларимиз қувончи учун қўмитамиз томонидан ходимларимизнинг 48 нафар фарзандига ёзги дам олиш оромгоҳларига йўлланмалар берилди. 103 нафар ходимга маданий ҳордиқ чиқариши учун концерт дастурларига чипталар ажратилди. 4 нафар фахрийга моддий кўмак кўрсатилди.

Спорт — соғлик гарови. Бу нақл устозларимиз учун ҳам бегона эмас. Ҳар йили университет миқёсида спорт тадбирларини ўтказиш анъанага айланган. Футбол, волейбол, шахмат, шашка ва стол тенниси мусобақалари шулар жумласидан. Бу орқали устозларимизнинг соғлом турмуш тарзини тўғри ташкил қилишига кўмаклашилади. Бундан ташқари, ҳар ойда 17 нафар ходимга моддий ёрдам сифатида энг кам иш ҳақи миқдорида пул ажратилиб, ойлик маошига қўшиб берилаяпти.

— Касабақўм ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлашда ҳам кўмакчи ҳисобланади, — дейди университет Ёшлар иттифоқи етакчиси Маъруф Конагатов. — Иш берувчи ҳисобидан моддий ёрдам ажратиш, қўшимча таътил бериш, меҳнат муҳофазасини таъминлаш, талабалар ётоқхоналаридаги шароитларни назорат қилиш масалалари Сабриддин ака бошчилигида амалга оширилади. Бир воқеа ҳеч ёдимдан чиқмайди. Тўғрироғи, бу менинг фаолиятимда ҳам яхшигина из қолдирган. 20 йилдан буён  таълим даргоҳимизда инглиз тили фанидан дарс бериб келган домлалардан бирининг фарзанди касал бўлиб қолди. Шифокорлар унга узоқ муддат парвариш кераклигини айтишгач, устоз кадрлар бўлимидан уч ой муддатга меҳнат таътили сўради. Ўша пайт имтиҳонлар яқинлиги, ўқитувчилар етишмагани туфайлими, кадрлар бўлимидагилар унга таътил беришдан бош тортиб, агар шароити тўғри келмаётган бўлса, ишдан бўшаши мумкинлигини билдиришган. Бироқ қадрдон бўлиб қолган иш жойингдан ажралиш оғир. Ноилож қолган ўқитувчи шунда Сабриддин аканинг олдига маслаҳат сўраб келганди. Касабақўм етакчиси кадрлар бўлими масъуллари ва ходимга Меҳнат кодексида бундай ҳолатлар назарда тутилганини тушунтирди. Маълум бўлишича, қонунда ходимнинг аризасига кўра унга иш ҳақи сақланмаган ҳолда таътил берилиши мумкин экан. Натижада, устозимиз уч ойга таътилга чиқди. Фарзандининг даволаниш муддати тугагач, яна бизга таълим беришда давом этди. Бундан ташқари, касаба уюшмаси ёшлар ташаббусларини қўллаб-қувватлашда ҳам муҳим рол ўйнамоқда.

Биз ҳамкорликда турли тадбирлар ташкил қиламиз. Касаба уюшма қўмитаси бу жараёнда ҳам моддий, ҳам маънавий томондан бизга кўмак бериб келади. Керакли маслаҳатлари ва кўмаги учун доимо устоздан миннатдорман.

Университет касаба уюшма қўмитаси нафақадаги устозлар ҳолидан ҳам ҳамиша хабардор. Албатта, умрини педагогикага, илмий изланишларга сарф қилган инсонлар пенсияга чиққач, четга чиқиб қолмаслиги керак. Зеро, бизнинг муқаддас ватанимизда инсон, унинг қадр-қиммати доимо азиз бўлган.

— Дунёда энг катта бахт меҳнатинг самарасини кўришдир, — дейди узоқ йиллар ЎзДЖТУда меҳнат қилган нафақадаги педагог Хислат Маҳмадалиев. — Педагогикада бу ўқувчи ва талабаларнинг муваффақияти билан ўлчанади. Сабриддин ҳам шогирдларимдан бири. Байрамларда касаба уюшма қўмитаси номидан биз каби нафақадаги устозларини йўқлайди. Тадбирларга таклиф қилади. Бундан жуда миннатдормиз. Бу йил 1 октябр — Ўқитувчи ва мураббийлар куни бир гуруҳ фаоллар билан совға кўтариб келишди. Қувониб кетдим. Оилам, фарзандларим олдида касбимдан фахрландим.

Оила — муқаддас. Оила ва ишга бирдек эътибор бериш керак. Агар ишга берилиб кетиб, оила эътибордан четда қолдирилса, фарзандлар тарбиясига таъсир қилиши мумкин. Шунинг учун ҳам оила ва ишни бир хилда ушламоқ даркор. Сабриддин устознинг оиласига бўлган эътибори қандайлигига қизиқдим.  Уч ўғил ва бир қизнинг отаси бўлган бу фидойи инсон ҳар бир фарзандига вақт ажратади. У киши турмуш ўртоғи Садоқат опани бола тарбиясидан сўнг педагогика коллежида таҳсил олиши учун имконият яратган.

— Ота-онам мени вақтли турмушга беришган, — дейди Садоқат Каримшикова. —  Шунинг учун ҳам ўқиш орзуси мени тарк этди, деб ўйлаган эдим. Турмуш ўртоғим орзумни рўёбга чиқарди. Ёнимда елкадош бўлувчи инсоним борлигидан фахрланаман.

Яхши инсонларни кўрганда, ҳаётга, одамларга бўлган муҳаббатинг янада ортади. Уларнинг бажараётган ишлари кўпчиликка ўрнак. Сабриддин Каримшиковни ҳам ҳеч иккиланмай шундай фидойи инсонлар қаторига қўшиш мумкин.

 Шоҳсанам МИРЗАОЛИМОВА,

 ЎзДЖТУ талабаси

 

 

Бошқа хабарлар