ЁНИМИЗДАГИ ОДАМ  шахсий муаммолари билан ёлғиз қолмаётирми?

132

 

Қадрни, иззат-ҳурматни киши бировдан сўраб ололмайди.  Бутун ҳаёти давомида бу нарсаларга яхши фазилатлари билан ўзи эришиши керак. Лекин, яна бир ҳақиқат борки, инсон тўплаган бор обрў-эътибори ва қадр-қимматини ножоиз қилмиши туфайли бир лаҳзадаёқ бой бериши мумкин. Аслида, энг ёмони шунда!

Хунук хабар тез тарқалади…

Шаъни булғанган  ёшгина қиз  қилмиши ошкор бўлишидан қўрқиб  аввалгидан-да ёмонроқ ишга қўл урибди.

Бир аёл жаҳлини жиловлай олмай шартта ошхона пичоғини олиб ўзини шикастлаганлигини эшитдик.

Келин эса қайнонаси билан қаттиқ жанжаллашиб, алам устида шу ожиз, нимжон аёлнинг жонига қасд қилади.

Хуллас, шунга ўхшаш бир-биридан совуқ хабарлар беихтиёр ёқа ушлашга мажбур қилади кишини.

Бундай жиноятлар содир этилишига сабаб нима? Оиладаги носоғлом муҳитми?  Ё тарбиядаги носозликлар оқибатими бу? Балки  ҳаётга енгил қараш сабабли рўй бермаётгандир шу сингари мудҳиш воқеалар?! Нима бўлганда ҳам юқорида келтирилганидек турли  жиноятлар  содир этилаётгани бор гап.

Ҳаётининг  бир қанча йилларини қамоқхонада ўтказаётган аёллар тақдири янада аянчли!

Яқинда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида мамлакатимизда ҳуқуқбузарликлар профилактикаси ва жиноятчиликка қарши курашиш борасида белгиланган вазифалар ижроси, бу борада мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Давлатимиз раҳбари гарчи аёллар жиноятчилиги ўтган йиллардагига қараганда 16 фоизга камайганини ижобий баҳолаган бўлса-да,  аёллар жиноятчилигига барҳам берилмаётганига жамоатчилик эътиборини қаратди.  Дарҳақиқат, аёл нега жиноят қилади? Бугун олдимизда кўндаланг турган  бу саволга ҳар биримизнинг ўз жавобимиз бўлиши керак.  Бу нафақат хотин-қизлар қўмитаси ёки маҳалла фаолларининг балки, ўзини шу заминга, Ватанга  дахлдор деб билган ҳар бир кишининг масъулиятли вазифаси бўлиши, бундай балонинг олдини олиш  ҳақида ўйлаши, мулоҳаза юритиши зарур.  Бугунги тараққиётимиз, янгиланиш жараёнлари биздан руҳий бедорлик, масъулият ва бир-биримизга меҳр-оқибатли бўлишни тақозо этаётир.

***

«Бир асар тарихи» номли корейс сериали телеэкранда намойиш қилинаётганди. Ундаги бир лавҳада бор-будидан айрилган оила жуда танг аҳволга тушиб қолади. Аёл болалари ёнида чуқур қайғуга чўмади. Хонадоннинг ношудгина эркаги аёлига ялинчоққина боқади:

— Онаси, яхшилаб ўйлаб кўр-чи, бу аҳволдан чиқишнинг бирор чораси бордир-а?

Шунда болаларнинг каттароғи  отасига қараб:

— Ахир, онам сиздан шундай деб сўраши лозим  эди. Чорани сиз топишингиз керак-ку, — дейди.

Филмдаги шу воқеа бизнинг айрим оилаларимизда  кечаётган  аҳволга ўхшаб ҳам кетаркан, деб ўйладим. Чунки баъзи хонадонларда  эркаклар оила муаммоларидан четда туришга одатланиб, кўпчилиги эса ишсиз бекор юришга кўникиб кетганлигини қандай  изоҳлаш мумкин. Ҳатто, иш ахтаришга шошилмайдиганлари ҳам бор. Бундай вақтда бутун масъулиятни аёл ўз зиммасига олади. Рўзғор кемтикликларини бутлаш учун энди бу аёл қай юмушларга қўл урмайди, дейсиз!

Табиийки, катта рўзғор юкини ўйлаб аёлнинг ҳаловати йўқолади, ўзини ўтга-чўққа уравериб асаблари чарчайди, жиззаки ва йиғлоқи бўлиб қолади, айниқса, ён-атрофда уни маънан қўллаб-қувватлайдиганлар бўлмаса, у яшашдан безади.

Қарабсизки, кечагина ҳар ишни мулоҳаза билан бажарадиган, ҳар жойда товушини баланд кўтаришга ийманадиган  аёл энди ҳеч нарсадан тап тортмайди, болаларини аямай калтаклайди, ҳатто асабига тегадиган неки бўлса, ҳаммасини уриб-синдиришга тайёр! Ойлаб-йиллаб шундай кайфиятда юрадиган аёл ўзига ёки тобора нафратини қўзғаётган кишига бирор зарар етказмайди, деб ким ҳам кафолат берарди?!

Тиббиётда «невроз» деб аталадиган касаллик бор.  Бу касаллик бирданига пайдо бўлмайди. Кўп йиллар турмушнинг азоб-уқубатларидан қийналган, ўзгаларнинг эътиборидан четда, шахсий муаммоларини яккаш ўзи ҳал этавериб, ички изтироблар исканжасида қолган кишилар кўпинча неврозга чалинади.

Невроз тобора ривожланиб бораверса, киши ўз хатти-ҳаракатларини назорат қилолмайдиган даражага етиши мумкин!

Демак, бундай кишиларга албатта руҳий мадад, яқинларининг қўллаб-қувватлаши, меҳри зарур бўлади. Акс ҳолда, турмушдаги муаммолар ичра ёлғиз қолиш оқибатида турли тажовуз ва бошқа ёмонликларга йўл очилади.

Хўш, ёнимиздаги одам, аслида, ким? У синглимиз, опамиз, қўшнимиз ёки бирор яқин дўстимиз бўлиши  ҳам мумкин. Унга яқин бўлиб, дардларини тинглаш, сўнгра зарур маслаҳатни бериш, янаям аниқроғи, ҳар бир муаммонинг ечимини топишга кўмак берувчи идоралар борлигини айтиш, йўл-йўриқ кўрсатиш шунчалар мушкулми?

***

Ўйлаб қарасак, ҳаётимиз ҳеч қачон бугунги кундагидек тўкис, гўзал ва фаровон бўлмаган.

Жойларда тиббий муассасалар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, маҳалла, хуллас, шунга ўхшаш кўплаб идораларнинг мутасаддилари кишиларимиз соғлиғини асраш, турмуш фаровонлигини янада яхшилаш, ҳаётини ҳар жиҳатдан қулайликлар билан таъминлаш  учун кеча-ю-кундуз жон куйдиришади. Юртдошларимизнинг бахтли яшашларига оид  турли имтиёз ва имкониятлар эса давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилаётган кўплаб қарор ва қонунлар мазмунида акс этиб турибди.

Ер юзининг ҳеч бир мамлакатида учрамайдиган гўзал урф-одат ва анъаналар қайта тикланаётгани, хусусан, китобхонлик кенг тарғиб этилаётгани сингари саъй-ҳаракатлар замирида ҳам халқимиз маънавиятини янада юксалтиришдек эзгу мақсадлар мужассам.  Шундай бир пайтда амалга оширилаётган жиноятга қўл уриш… Бундай нохуш ҳодисалар рўй бераётганининг, аслида, сабаблари кўп. Лекин, бизнингча, асосий сабаб битта. У ҳам бўлса, ҳар биримиз ёнимиздаги инсоннинг кундалик ғам-ташвишларига, қолаверса, тақдирига нисбатан лоқайд қараётганлигимиздир!

Бир сўз билан айтганда, ёнимиздаги одамни яхши кўрсак, унинг кўнглига йўл топиб, меҳри ва эътиборимиз билан дардига малҳам бўлсак, содир этилиши муқаррар жиноятларнинг олди олинармиди…

Машҳур шоирнинг шеърида келтирилганидек:

 

Кулфатда, зулматда,

Оғир дамларда

Бир-бирига бўлиб таянч ва далда,

Қўл бериши керак инсон инсонга,

Йўл бериши керак инсон инсонга!

 

Гулчеҳра ЖАМИЛОВА, 

Ўзбекистонда хизмат

 кўрсатган журналист

 

Бошқа хабарлар