Ёшлар ва китобхонлик маданияти      

6

«Биз Ватанга таянчмиз!» шиори остидаги  талаба-ёшлар ҳафталиги доирасида «Ёш китобхонлар» кўрик-танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтди.

 Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан Ўзбекистон ёшлари ити­фоқи, Mатбуот ва ахборот агентлиги,  Ёзувчилар уюшмаси, Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда мамлакатимиз олий ўқув юртларининг етмишдан зиёд талабаси қатнашди.

Мамлакатимизда китобнинг ҳаётимиздаги ўрни ва аҳамиятини тарғиб қилиш орқали ёшларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш, мустақил ва эркин фикрга эга истеъдод соҳибларини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилаётгани таъкидланди.

Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги  «Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида»ги фармойиши бу борадаги ишларни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқди.

Китоб инсонга маънавий озуқа бериш билан бирга, унинг онги, идроки, тафаккурини ривожлантиради. Шу боис ёшлар фаоллигини ошириш мақсадида мамлакатимизда китобхонликни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган қатор тадбирлар, анжуманлар, кўрик-танловлар ташкил қилинаётир. Натижада, ёшлар ўртасида китоб мутолаасига қизиқиш тобора ортмоқда. Буни «Ёш китобхонлар» танловининг қуйи босқичларида ўн мингдан ортиқ талаба иштирок этганидан ҳам билса бўлади.

Танлов ғолиблари Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан диплом, фахрий ёрлиқ ва эсдалик ­совғалари билан тақдирланди.

 Ш.МАМАТУРОПОВА,
ЎзА мухбири

 

Бошқа хабарлар