Ўн олти йиллик орзу

147

 

«Жисмоний ва маънавий етук ёшлар — эзгу мақсадларимизга етишда таянчимиз ва суянчимиздир».

Шавкат МИРЗИЁЕВ

Бўронжўз (Дашт Бўронжўз) Чироқчи туманидаги аҳолиси кўп, ҳудуди ҳам катта қишлоқлардан. Аҳолининг йилдан-йилга кўпайиб бораётгани сабабли қишлоқнинг ўзи учун алоҳида МФЙ ташкил этилган. Ҳудудда шўролар даврида қурилган 16-мактаб фаолият кўрсатарди. Бироқ синфхоналарнинг кичиклиги, бино ёғочларининг чириб кетгани юракни хижил қиларди. Боз устига спорт зали йўқлиги жисмоний тарбия дарсларини сифатли ўтиш имконини бермас, бу эса навбатдаги оғриқли масала эди.

2001 йил қишлоқ аҳли юрагида янгича орзу ва умидлар уйғонди. Эски, нураб ётган, хизматини ўтаб бўлган мактаб бузиб ташланиб, ўрнида икки қаватли замонавий таълим маскани қурила бошланди. Маъмурий бино, иккита ўқув биноси, 12х24 ўлчамли спорт зали, қишки мавсумда даргоҳни иситишга хизмат қилиши кутилаётган қозонхона қурилиши жадал кетар, кўрган кишининг кўзи қувнарди. Қурилиш жараёнлари пайтида қишлоқ ёшлари учун аҳоли яшаш уйларида синфхоналар ташкил этилиб, дарслар ҳаминқадар ўтиб турилди. Ўша йили иккита ўқув биноси битказилиб, мактаб фойдаланишга ҳам топширилди. Бироқ маъмурий бино ва спорт залининг деворлари кўтарилиб, устига плиталари ётқизилди-ю, қолган ишлар маблағ масаласига тақалиб, тақа-тақ тўхтади. Мана, шунга ҳам 16 йил бўлибди. Иш ҳамон ўрнидан силжигани йўқ.

Бу орада республикамизда қанчадан-қанча янги мактаблар, замонавий спорт мажмуалари, спорт заллари қурилди. Аммо Чироқчи туманидаги 16-умумтаълим мактабининг спорт зали ҳамон тайёр ҳолда ўқувчилар ихтиёрига топширилмади.

— Тасвирий санъат ва чизмачилик фанларидан дарс бераман, — дейди  ўқитувчи Абдували Бекмирзаев. — Таълим соҳасида ишлаётганимга 30 йилдан ошди. Қишлоқда янги мактаб қурила бошланганда «Энди бизда ҳам таълим-тарбия ишлари янада ривожланади, илмга чанқоқ ёшлар чуқур билим олишади. Қурилаётган спорт залида ўғил-қизларимиз шуғулланиб, биздан ҳам чемпионлар чиқади», деб умид қилгандик. Қурилиш ишларининг охирига етмай қолгани яхши иш бўлмади…

—  Қишлоғимизда Алпомиш ва Барчиной авлодлари кўп, —дейди бошланғич синф ўқитувчиси Боймирза Абдуллаев. — Наврўз байрами арафасида бўладиган футбол ва кураш мусобақаларини кўрсангиз, бунга ўзингиз гувоҳ бўласиз. Қишлоқда шароит бўлмагани учун ўғил-қизлар қўшни Чиял, Пахтакор хўжаликларига анча узоқ бўлган туман марказига бориб спорт тўгаракларида қатнашади. Аммо у ёқларга бориш учун ҳамманинг ҳам имкони йўқ-да.

Мактабда жисмоний тарбия бўйича мутахассислар етарли. Аммо ­лойиҳаси кўзни қувнатадиган спорт зали қурилиши чала қолгани, ҳали-ҳануз битмагани кўнгилни хира қилмоқда.

—  9-синфда ўқийман, — дейди ўқувчи Улуғбек Тоштемиров. — Футболга жуда қизиқаман. Мен ҳам, тенг­дошларим ҳам ойнаи жаҳонда кенг ва ёруғ спорт залларида шуғулланаётган ёшларни кўриб, ҳавас қиламиз. Бизнинг мактабдаги спорт зали ҳам битармикан? Нима бўлса ҳам, йилдан- йилга нураб, бир куни яроқсиз харобага айланиб қолмасин-да.

Мақола бошида Бўронжўз ҳудуди катталиги ҳақида ёзгандик. Асосий корпусга узоқлик қилгани боис, қишлоқ четида иккита филиал ташкил қилинган, бу мактабларда ўқувчилар тўртинчи синфгача таълим олишади. Халқ тилида «Жабборобод» дея номланадиган қишлоқнинг чекка қисмида 16-мактабнинг биринчи филиали жойлашган. Филиалда бўлганимизда шу нарса аён бўлдики, олдинги ўқув биноси пойдеворсиз бўлгани учун деворлари ёрилиб, авария ҳолига келгач, қишлоқ аҳолиси ва ўқитувчилар ҳашар йўли билан пахсадан мактаб қуришибди.

Мактабнинг эшик ва деразалари, стол-стул ва парталари, иситиш масаласи, бир сўз билан айтганда, таълим олиш учун шароит бизга ўтган асрнинг 50-60-йилларидаги ҳолатни эслатди. Юртбошимиз таълим соҳасига катта эътибор қаратиб, ҳатто ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ўзига ярашган мактаб формасида бўлиши лозимлигини таъкидлади ва шуни талаб қилмоқда. 16-мактаб филиали хоналарининг совуқлиги, захлиги, эшик ва деразалардан изиллаб совуқ кириб туришини кўриб, формада келмаган, совуқдан қулоқ ва бурунлари қизариб турган, «бошингдан шапканг­ни еч» деса-да, ечмаётган ўқувчиларни кўз олдингизга келтиринг. Ахир, улар бошланғич синф ўқувчилари, навниҳоллар. Рости, уларга раҳмимиз келди…

— Ўқувчиларимиз эски стол-стулларда ўқишяпти, — дейди филиал ўқитувчиси Раҳматилла Тангиров. — Гарчи ҳозирги иш ва ўқиш шароитлари талабга жавоб бермаса-да, орзумиз ўлмаган. Яқинда бир гуруҳ мутахассислар бу ердаги аҳволни кўриб кетганди. Филиалга янги бино ва спорт зали қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида эшитдик. Агар бу амалга ошса, Жабборобод қишлоғи ўғил-қизлари беш чақирим пиёда юриб, асосий мактабга қатнаб юрмасди. Ахир, қишнинг қорли-қировли, совуқ кунларида, баҳорнинг сержала лойчилик мавсумида анча жойга пиёда бориб-келишнинг ўзи бўлмайди…

Дарвоқе, мактабнинг иккинчи филиали шароити билан ҳам танишдик. Саодат бобо Михлиевнинг икки хонали уйидан вақтинча мактаб ўрнида фойдаланилаётган экан. Бу ерда ҳам тўртинчи синфгача болалар ўқитиларкан…

Вилоят ҳокимлигидан хабар беришларича, «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компанияси буюртмаси асосида 2018 йил Инвестиция ­дастурига киритилиб, қурилиши режалаштирилаётган 16-мактабни реконс­трукция қилиш, мактаб филиали ҳудудидан 240 ўринли ўқув биноси ҳамда 12-24 метр ўлчамдаги спорт зали қурилиши кўзда тутилган экан. Бунда қурилиши чала қолган маъмурий бино ҳам битказилиши режалаштирилибди. Бироқ шунда ҳам спорт залига маблағ етишмас эмиш…

Бўронжўз қишлоғи аҳолисига янгича умидлар бериб 2018 йил ҳам яқинлашмоқда. Бироқ, чала қолган иморатлар битмасдан, мактаб ҳуснига соя солиб турар экан, қурилиши кутилаётган мактаб филиали ва унинг спорт зали ҳам тўла-тўкис битмагунча халқ дилига қувонч бера олмаслиги аниқ… Бунга мутасаддилар нима деркин…

       Акмал АБДИЕВ,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар