Ҳунармандларнинг қувончи чексиз

130

 

Ҳунарманд сўзини эшитганимиз ҳамон миллий қадриятларимиз ва урф-одатларимизни келажак авлодга бус-бутунлигича етказувчи инсон кўз олдимизда намоён бўлади.

— Мен 14 ёшда ёғочга ишлов бериш амалий санъатини машҳур ҳунарманд Ортиқ ака Файзуллаевдан ўрганганман, — дейди Ўзбекис­тон рассомлар уюшмаси аъзоси ­Акмал Авзалов. — Устозимнинг панд-насиҳатлари, ўгитларига амал қилиб кам бўлмадим. Обрў-эътибор қозондим. Республикамиз ва хорижда ўтказилаётган турли кўргазмаларда қатнашиб, бир неча бор халқаро совринлари соҳибига айландим.

Ҳа, ҳар бир асар катта тажриба, билим, ноёб истеъдод ҳосиласи. Ахир, ҳунарманднинг ҳар қандай маҳсулотида халқнинг кайфияти акс этмоғи даркор. Ҳозирда Акмал ака қарағай, ёнғоқ, ўрик дарахтидан курси, курсичалар, китоб қўйгич, зеб-зийнат солиб қўйиладиган қутилар ва ликоп-у лаганлар ясаб, уларга нақш ва тасвир тушириш ишлари билан машғул.

Таъкидлаш жоизки, уста ёғоч ўймакори, энг аввало, ёғочни танлай олиши, шунингдек, дурадгор, наққош, рассом, пардозловчи ва асбоб-ускуналарни тўғри сараловчи шахс бўлмоғи керак.

Айтиш жоизки, мустақилликка қадар юртимиз бўйлаб каштачилик, зардўзлик, этикдўзлик сингари ҳунармандчиликнинг ўн икки тури ривожланган бўлса, бугунги кунга келиб биргина ёғочга ишлов бериш амалий санъатининг ўттиздан ортиқ тури шаклланиб, тараққий этмоқда.

Айнан шунга кўра, Давлатимиз раҳбарининг «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони Акмал ака ва у сингари ҳунармандчилик билан шуғулланиб келаётган кўплаб ҳунармандларнинг дилидаги орзусини рўёбга чиқариб, ҳунар эгаларини бирдек қувонтирди.

— Рости, эллик йилдан буён шу ҳунар билан шуғулланиб келаётган бўлсам, қабул қилинган ҳужжатдаги ҳунармандларга берилган кенг имкониятлар, қулайликлар, имтиёзлардан руҳ олиб, қанийди, яна эллик йил ортга қайтсайдим, деган хаёлга бордим. Авваллари, маҳсулотларимизни сотиш, уни экспорт қилиш орзусида яшардик. Эндиликда маҳсулотларимизни экспорт қилишдан тушган хорижий валютани эркин тасарруф этиш, банк ҳисоб рақамларидан чет эл валютасини нақд шакл­да ечиб олиш ҳуқуқи берилмоқда. Бундан буён  хорижий мамлакатларда ўтказиладиган кўргазма, фестивал, ярмаркаларда ҳунармандчилик маҳсулотларини экспорт шартномаларини тузмаган ҳолда ҳам сотиш мумкин.  Яна, энг асосийси, жорий йилнинг 1 декабридан ҳунармандчилик субъектлари — «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзолари: ҳунармандчилик фаолияти маҳсулотлари (товар, иш, хизматлар)ни ишлаб чиқариш ва сотишда қатъий белгиланган солиқ тўловидан тўлиқ, шунингдек, ёшга доир пенсия ва нафақа олувчилар бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадали тўловидан озод этилиши биз ҳунармандлар учун катта имтиёз бўлди, — дейди А.Авзалов.

Фармонда ёшларни ҳунарга ўқитиш ва ҳунармандчилик кўникмаларини авлоддан-авлодга ўтказиш масалаларига алоҳида эътибор берилган. Шу мақсадда 2018 йилда республикамизнинг барча ҳудудларидаги 16 та касб-ҳунар коллежида «Ҳунарманд» уюшмасининг аъзоси бўлган ҳунармандларни ўқитувчилар сифатида жалб қилган ҳолда, ҳунармандчилик иши бўйича янги касбий таълим йўналишлари очилиши назарда тутилган.

«Ҳунарманд» уюшмасига аъзо ҳунармандларга касб-ҳунар коллежларининг махсус устахоналарида ҳунармандчилик бўйича таълим беришда якка тартибдаги тадбиркорлар каби шартнома тузиш ва кўрсатилган хизмат учун солиқ тўламаслик, «Уста-шогирд» мактаби ўқувчиси сифатидаги иш даври 25 ёшга етгунга қадар энг кам ойлик иш ҳақининг камида 2,5 баробари миқдорида суғурта тўлови тўланган тақдирда меҳнат стажига қўшиладиган бўлди.

Албатта, ушбу фармон ҳунарманд­лар учун катта имкониятлар эшигини очди. Бу эса мамлакатимизда миллий ҳунармандчиликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан олиб борилаётганлигидан далолатдир.

Маҳлиё УМРЗОҚОВА,

журналист

Бошқа хабарлар