Миллий тараққиётнинг қонуний ва иқтисодий негизи

273

Мамлакатимиз ўз тараққиётининг янги даврига қадам қўйган ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикасини 2017 — 2021 йилларда ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида барча соҳаларда кенг кўламли ўзгаришлар амалга оширилмоқда.

Ана шу ислоҳотларнинг муваффақияти, мамлакатимизнинг ­дунёдаги ривожланган, замонавий давлатлар қаторидан муносиб ўрин эгаллаши, аввало, миллий иқтисодиётимизнинг ривожига, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг рақобатдошлигига боғлиқ.
Мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг асосий негизини мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва уни хусусийлаштириш ташкил этади. Хусусийлаштиришнинг стратегик вазифалари Биринчи Президентимиз Ислом Каримов томонидан дастлаб «Ўзбекис­тоннинг ўз истиқлол ва тараққиёт йўли» (1992 й.), «Ўзбекистон — бозор муносабатларига ўтишнинг ўзига хос йўли» (1993 й.) ҳамда «Ўзбекистон иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш йўлида» (1995) номли асарларида жуда кенг асослаб берилган.
Ўзбекистонда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришга ёндашув­нинг муҳим хусусияти — уни ­дастурлар асосида босқичма-босқич амалга оширишдан иборат эканлигидир.
Мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг юқори натижаларга эришишида ­қуйидаги ўзига хос жиҳатлар бирламчи аҳамият касб этади:
— мазкур жараёнларнинг асосий мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаб олиш;
— мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштиришнинг асосий тамойилларини ишлаб чиқиш ва уларга амал қилиш;
— мамлакатнинг ўзига хос ижтимоий-иқтисодий, демографик, маданий-руҳий хусусиятларини эътиборга олиш;
— хусусийлаштириш жараёнларини махсус меъёрий-ҳуқуқий асослар билан таъминлаш;
— ҳар бир алоҳида ҳолат учун хусусийлаштиришнинг энг мақбул усулларини танлаб олиш;
— мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларини босқичма-босқич амалга ошириш ва ҳоказо.

Дарҳақиқат, қайд этилган жиҳатларнинг тўлиқ эътиборга олиниши хусусийлаштиришда аҳамиятли кўрсаткичларга эришилишини таъминлади. Республикамизда 1994 — 2016 йиллар мобайнида 32736 та давлат корхоналари ва объектлари хусусийлаштирилди. Биргина 2000 — 2016 йиллар мобайнида 10194 та давлат тасарруфидаги корхона ва объектлар асосида 600 дан ортиқ акционерлик жамиятлари, 1200 дан ортиқ масъулияти чекланган жамиятлар, 5000 дан ортиқ хусусий корхоналар ташкил этилди. Бу даврда хусусийлаштиришдан тушган пул маблағлари ҳажми 1138 млрд. сўмдан ошиб кетди.
Ислоҳотлар муваффақиятини таъминлашнинг муҳим жиҳати шунда эдики, мазкур маб­лағларнинг барчаси яна корхоналарнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, уларни техник жиҳатдан қайта қуроллантириш ва модернизациялаш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини такомиллаштириш каби тадбирларга йўналтирилди.
Мустақиллик йилларида хусусийлаштириш борасида амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида кўпгина тармоқлар, хусусан қишлоқ хўжалиги, савдо, хизмат кўрсатишнинг барча турлари мулкдорлар ихтиёрига тўлиқ берилди. Тўқимачилик, озиқ-овқат, фармацевтика, мебелсозлик, чарм-пойабзал ишлаб чиқариш саноати ҳамда уй-жой секторида давлат улуши кескин камайтирилди. 2017 йил 1 январ ҳолатига кўра, рўйхатга олинган корхоналарнинг умумий сонида нодавлат мулк корхоналарининг улуши 86,5 фоизга етди. Шундан 27,5 фоизини хусусий корхоналар, 1,8 фоизини чет эл сармояси иштирокидаги корхоналар, 57,2 фоизини бошқа мулкчилик шаклларидаги корхоналар ташкил этди.
Агар 1990 йилда ЯИМнинг 38,1 фоизи нодав­лат секторида ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 1998 йилда 67,7, 2005 йилда 77,8, 2016 йилда эса 81,3 фоиздан иборат бўлди.
2017 йил маълумотларига кўра, барқарор иқтисодий ўсиш суръатлари мамлакат ялпи ички маҳсулоти 5,5 фоизни ташкил этди, экспорт ҳаж­ми қарийб 15 фоиз кўпайди, ташқи савдо айланмасининг ижобий салдоси 854 миллион долларга етди, 336 мингдан зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Аҳоли учун арзон ва сифатли барча қулайлик­ларга эга бўлган 200 минг квадрат метрдан зиёд кўп қаватли уй-жойлар қуриб фойдаланишга топширилди. Мамлакатимизда 12 та эркин иқтисодий ва 45 та саноат зонаси фаолияти йўлга ­қўйилди ва бу ташкилий чоралар ҳудудларни жадал ривожлантириш имконини бермоқда.
Мамлакатимизда ЯИМ ўсиш суръатлари барқарорлигининг таъминланиши иқтисодиётимизда мулкни давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш жараёнларининг изчил ва самарали олиб борилаётганлигидан далолат беради.
Натижада, Ўзбекистон иқтисодиётида нодав­лат сектори салмоқли аҳамиятга эга бўлиб бормоқда. Агар 1990 йилда республика ЯИМ умумий ҳажмининг атиги 38,1 фоизи иқтисодиётнинг нодавлат секторида ишлаб чиқарилган бўлса, бу кўрсаткич 1998 йилда 67,7 фоиз, 2006 йилда 77,8 фоиз, 2008 йилда 79,4 фоиз, 2009 йилда 81,3 фоиз, 2010 йилда 81,7 фоиз, 2011 йилда 82,5 фоиз, 2014 йилда 82,9 фоиз, 2015 йилда 82.9 фоиз, 2016 йилда эса 81.3 фоизни ташкил этди. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми ва чакана савдо айланмаси энг юқори салмоқ — 99,9 фоизга етди.
Маълумки, юртимизда хусусийлаштириш жараёни мулкни ҳақиқий мулкдорларга бериш, иқтисодий муносабатларнинг тубдан ўзгариши учун реал шарт-шароитни яратиш, янги иш ўринларини ташкил этиш, иқтисодиётда кўп укладликни ҳамда рақобат муҳитини шакллантириш орқали давлатнинг мулкка бўлган монопол ҳуқуқини тугатиш, турли мулкчилик шаклидаги корхоналарни барпо этишдек стратегик вазифаларни бажаришга қаратилган.
Умуман олганда, хусусийлаштириш масаласи давлат иқтисодий сиёсатининг устувор йўналиши бўлиб, мазкур соҳадаги норматив-ҳуқуқий базани мунтазам равишда такомиллаштиришга, тўпланган амалий тажрибани бойитишга жиддий эътибор қаратилмоқда, бу ўз навбатида, самарали натижаларни бермоқда. Жумладан, давлат активларини хусусийлаштиришда нархни пасайтиришнинг янги механизмлари татбиқ этила бошланди. Бунда, улар баҳосини 50 фоизгача, ойига 10 фоиздан пасайтириш механизми жорий этилди. Бу тадбиркорлик субъектларининг хусусийлаштириш дастурларига киритилган давлат корхона ва объектларини сотиб олишга катта қизиқиш уйғотмоқда. Инвестор учун яратилган турли имтиёзлар ҳам ўз сўзини айт­моқда.
Лекин, кези келганда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда илгари хусусийлаштирилган, аммо ҳозирги кунда бўш турган ва тўлиқ ишламаётган объектлар ҳам анчагина.
Бундай камчиликлар барча ҳудудларда мавжуд. Жумладан, 2017 йил 1 октябр ҳолатига кўра, бўш турган ёки тўлиқ ишламаётган объектлар сони Бекобод туманида — ЗЗ та, Бўстонлиқ туманида — 47 та, Қибрай туманида — 11 та, Чиноз туманида — 47 та, Янгийўл туманида — 23 та, Чирчиқ шаҳрида — 70 та, Ангрен туманида — 63 тани ташкил этади.
Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси маълумотларига кўра, қарийб 40 мингта хусусийлаштирилган объект қайта хатловдан ўтказилган бўлиб, уларнинг 3 минг 900 таси бўш тургани ёки тўлиқ қувват билан ишламаётгани аниқланган. Ушбу объектларнинг 2700 таси фаолиятини қайта тиклаш ёки улар негизида янги ишлаб чиқариш қувватлари ташкил этиш бўйича лойиҳалар ва «йўл харитаси» ишлаб чиқилган.
Ушбу лойиҳалар доирасида 2,7 триллион сўмлик инвестициялар ўзлаштирилиб, 25 мингдан ортиқ иш ўринлари яратилади. 2017 йил 1 ноя­б­­­ргача 420 корхона фаолияти қайта тикланган, янги йил аввалигача яна 1800 объектда ишлаб чиқариш жараёни йўлга қўйилади.
2017 йилнинг 10 ойи мобайнида 408 давлат объекти хусусий мулкдорларга сотилган. Уларнинг 278 таси 1,6 триллион сўмлик инвестиция киритиш ва 10 мингдан ортиқ иш ўринлари яратиш шарти билан «ноль» қийматида сотилган.
Бугунги кунда яна 388 давлат объекти сотувга қўйилган бўлиб, уларнинг 161 тасини «ноль» қиймати бўйича бериш режалаштирилган.
Республикамиз Президентининг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида шундай дейилади: «Биз бўш турган давлат мулки объект­ларини ўзаро шериклик асосида хусусий секторга ўтказиш бўйича ишларни давом эттирамиз. Интернет тармоғида электрон савдолар ва аукционлар орқали ер участкаларини, жумладан, тадбиркорлар учун ажратишнинг ягона тартибини ўрнатиш зарур. Шу мақсадда 2018 йилдан бошлаб электрон савдо майдонлари орқали давлат активларини сотиш бўйича электрон тизим ташкил этилади».
***
Мустақилликка эришилган дастлабки кунлардан бошлаб жамиятда тадбиркорлик руҳини қарор топтириб, ривожлантириш ва шу асосда кишиларда мулкдорлик туйғусини уйғотишга жиддий эътибор қаратилди.
1991 йил 15 февралда қабул қилинган «Ўзбекистон Республикасида тадбиркорлик тўғрисида»ги қонун мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун асос яратди.
Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик бугунги кунда ишчи кучи бандлигини таъминлайдиган ва унинг асосий даромад манбаи бўлган муҳим бўғинга айланмоқда.
Масалан, 2000 йилда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасида банд бўлганлар сони 6737 минг кишини ташкил этган бўлса, 2017 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, уларнинг сони 10392,5 минг кишини ёки ҳозирги кунда мамлакатимиздаги иш билан банд аҳолининг 75 фоизидан ортиғини ташкил этди.
2000 йилда иқтисодиётда банд бўлганларнинг 50,1 фоизи шу соҳага тегишли бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 78,1 фоизга етди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш соҳасида банд бўлган аҳоли 2000 йилда 73,6 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилга келиб бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил этди. Саноат маҳсулотларини етиштириш ҳамда қурилиш соҳасида ҳам кескин ўзгаришлар юз берди. Амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг самараси ўлароқ, ­кейинги йилларда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг ялпи ички маҳсулот ҳажмидаги улуши сезиларли равишда ортиб бормоқда. Жумладан, 1992 йилда кичик бизнеснинг ЯИМ ҳажмидаги улуши атиги 1,5 фоиз даражасида бўлса, 2016 йилда 56,9 фоизга етган. Бундай ижобий натижа кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМ ҳажмидаги улушини 2020 йилда 63 фоизга етказишни мўлжал сифатида белгилашга тўлиқ ишонч ва имкон яратади.
2005 — 2017 йиллар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг жадал ривожланишида туб бурилиш ясади. Бугунги кунда ушбу соҳа нафақат иқтисодиётнинг ўсиш суръатларини жадаллаштиришда, балки мамлакатимиз учун ниҳоятда муҳим бўлган бандлик ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларини ҳал этишда ҳам етакчи ўринни эгалламоқда. Бунга кўп жиҳатдан ҳуқуқий базани ­мустаҳкамлаш, иқтисодиётнинг мазкур сектори учун барқарор қулайлик, имтиёз ва кредитлар тизимини шакллантириш масалаларига жиддий эътибор берилаётгани туфайли эришилди.
Кейинги йилларда қабул қилинган тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган фармон ва қарорлар иқтисодиётимиз ривожида ўзига хос янги даврни бошлаб берди. Жумладан, «Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», «Тадбиркорлик субъектларининг хўжалик соҳасидаги ҳуқуқбузарлиги учун молиявий жавобгарлигини эркинлаштириш тўғрисида», «Тадбиркорлик субъектларини текширишни янада қисқартириш ва унинг тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида», «Тадбиркорлик субъектларини текшириш­ларни янада қисқартириш ва улар фаолиятини назорат қилишни ташкил этиш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида», «Хусусий мулк, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ишонч­­ли ҳимоя қилишни таъминлаш, уларни жадал ривожлантириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонлар ҳамда 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистан Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, инвестиция иқлимини яхшилаш, қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш ҳамда кичик бизнес ва хусусий таъдбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Ўтган қисқа фурсат ичида бизнес муҳитини яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикасининг қатор қонунлари, шунингдек, мамлакат Президентининг кўплаб фармон ва қарорлари қабул қилинди. Хусусан, «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил тўғрисида»ги қонун ҳамда «Тадбиркорлик фаолиятини ривож­лантиришни қўллаб-қувватлаш давлат жамғармасини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори, 2017 йил 17 ноябрдаги «Ҳунармандчиликни янада ривожлантириш ва ҳунармандларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони бу борада дастуруламал бўлиб хизмат қилаётир.
Бундай ҳужжатлар туфайли тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши янада мустаҳкамланди. Уларнинг фаолиятини асоссиз чеклаш ёки четдан ноқонуний аралашувлар йўлига қатъий тўсиқ қўйилди. Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чоралари эндиликда фақат суд орқали қўлланилади. Бу эса назорат органлари ходимларининг ўз ишига янада ­масъулият билан ёндашишини тақозо этади. Боиси, улар текширув якуни бўйича тадбиркорга жарима қўллаш лозим бўлса, буни суд ҳукмига ҳавола этади. Барча ҳужжат ва далиллар суд томонидан холис ва чуқур ўрганилиб, даъво асосли бўлсагина, бу ҳақда қарор чиқарилади.
Тадбиркорлар томонидан тақдим этиладиган ҳисобот тизими такомиллаштирилиб, уни қонунга хилоф равишда талаб этганлик учун жавобгарлик кучайтирилди. Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ, шунингдек, жавобгарликни қўллашнинг халқаро умумҳуқуқий тамойилларидан келиб чиққан ҳолда янги қоидалар жорий этилди. Жумладан, ноқонуний текшириш натижасида мулкдорлар ҳуқуқларини­бузганларга нисбатан жиноий жавобгарликка тортишгача чора кўрилади.
Жумладан, 2018 йилга «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб ном берилиши билан барча тадбиркорлик субъектларининг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишни 2 йилга тўхтатиш лозимлиги қайд этилди.
Текширишлар сони янада қисқартирилиб, қатъий тартибга солингани эса тадбиркор эркинлигининг ҳақиқий кафолати бўлди. Бир сўз билан айтганда, барча хизмат кўрсатиш, назорат ва бошқа идораларнинг асосий фаолияти тадбиркорлар манфаатини қондиришга хизмат қилишга йўналтирилди.
Янги қонунларда яратилаётган имкониятлар, тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида самарали механизмнинг амалда жорий этилгани иқтисодиётимизда муҳим ўрин тутувчи хусусий тармоқнинг изчил ривожланишига йўл очмоқда. Зеро, тадбиркорликнинг ривожи мамлакатимиз ишлаб чиқариш салоҳиятининг янада ортиши, халқимиз турмуш даражасининг юксалиши кафолатидир.
Кези келганда, кичик бизнеснинг жадал ривожланишида, аввало, мазкур соҳа учун белгиланаётган солиқ имтиёзлари етарли даражада рағбатлантирувчи рол ўйнаётганлигини таъкидлаш лозим. Масалан, 1996 — 2016 йиллар мобайнида кичик бизнес субъектлари учун белгиланган солиқ ставкалари 38 фоиздан 5 фоизга ёки 7,6 мартага қисқартирилди.
Ўсиш, ўзгариш, юксалиш ўз-ўзидан юз бермайди. Маълумки, мамлакатда олиб борилган солиқ сиёсати жамиятнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиётига тўғридан-тўғри таъсир этадиган асосий иқтисодий дастаклардан бири ҳисоб­ланади. Ялпи ички маҳсулотга нисбатан солиқ юки 1995 йилда 41,2 фоиз, 2000 йилда 39,5 фоиз бўлган бўлса, 2016 йилда бу кўрсаткич 20,6 фоизга тенг бўлди.
Соддалаштирилган солиққа тортиш тартибига ўтган кичик тадбиркорлик субъектлари бир нечта солиқ ва мажбурий тўловлар ўрнига ягона солиқ тўловини тўлайдилар, ушбу солиқнинг асосий ставкаси 2010 йилда 7 фоизни ташкил этган бўлса, 2012 йилда 6 фоиз, 2013 йилда эса 5 фоиз этиб белгиланди. Кичик тадбиркорлик субъектлари учун белгиланган ягона солиқ тўлови ставкасининг йилдан-йилга пасайтириб борилиши кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ошишига хизмат қилмоқда. Масалан, ялпи ички маҳсулотни шакллантиришда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасининг улуши 2000 йилда 31 фоизни ташкил этган бўлса, 2016 йилда 56,9 фоизга етди. Барча тадбирлар натижасида фаолият юритаётган кичик бизнес субъектларининг сони 2015 йил давомида 32,2 мингтага ошиб, 2016 йилнинг 1 январ ҳолатига кўра, 226 мингдан зиёдни (деҳқон ва фермер хўжаликларидан ташқари) ташкил этди.
Мустақиллик йилларида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратиш йўлида кўп ишлар қилинди. Жумладан, давлатнинг бизнес фаолиятига аралашуви кескин чекланди, кичик бизнес субъектларини рўйхатга олиш, рухсат бериш жараёнлари сезиларли даражада соддалаштирилди ва уларнинг ошкоралиги таъминланди, солиқ ставкалари унификация қилиниб, камайтирилди, маҳсулотларни стандартлаш ва сертификатлаш тизими такомиллаштирилди, биржа савдоларини ривожлантириш орқали тадбиркорларнинг моддий-техник ресурс­лардан эркин фойдаланиши билан боғлиқ кўп масалалар ҳал қилинди, ­микрокредитлаш ва микролизинг йўли билан тадбиркорларга кредит беришнинг янги шакллари жорий этилди ва булар, ўз навбатида, ижобий натижасини бермоқда.
Янги тузилаётган кичик ва хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзли кредитлаш тизимини яратиш мақсадида 2006 йилда махсус банк — «Микрокредитбанк» ташкил этилди. Шу йилдан ­бошлаб, банкнинг асосий фаолият йўналишларидан бири — тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаш, микрокредитлаш ва микролизинг хизматларини кўрсатиш эканлиги белгилаб қўйилди.
2016 йилда «Микрокредитбанк» ҳамда унинг филиаллари томонидан барча молиялаш манбаи ҳисобчиси тадбиркорлик субъектларига 1 триллион 130 млрд. сўм миқдоридаги кредит ажратилган. Натижада, қарийб 40 мингта янги иш ўринлари ташкил этилди. Айни пайтда ҳар бир оилани тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш, айниқса, ишбилармонларга молиявий кўмак ва мадад бериш йўлида тизимли ишлар олиб бориляпти.
2017 йилда 23 мингдан зиёд кишига 143,4 млрд. сўм миқдорида кредит ажратилди. Ёшларни, шу жумладан, касб-ҳунар коллежлари битирувчиларининг бизнес лойиҳаларини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, уларга имтиёзли кредитлар бериш орқали тадбиркорлик фаолиятига жалб қилиш мақсадида 2016 йилда 66,6 млрд. сўм кредит йўналтирилди.
Қай томонга қарамайлик, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг роли ва ўрни тобора ­мустаҳкамланиб бораётганига гувоҳ бўламиз. 2016 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулотининг 56,9 фоизи, ишлаб чиқарилаётган саноат маҳсулотларининг 45 фоизи кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, иқтисодиётда жами иш билан банд бўлган аҳолининг 78,1 фоизи шу соҳада фаолият юритмокда.
Жаҳон банкининг 2017 йил 31 октябрда ­эълон қилинган «Бизнесни юритиш 2018: иш ўринлари яратиш учун ислоҳотлар» маърузасига кўра, Ўзбекис­тон дунёнинг 190 давлати ичида 74 ўринни эгаллаб, ўтган йилдаги мавқеини бир йўла 13 поғона яхшилади. Қолаверса, мамлакатимиз бизнес юритиш учун энг қулай шароитлар яратиш бўйича ислоҳотчи давлатларнинг биринчи ўнталигига киришга муваффақ бўлди. Амалга оширилаётган ислоҳотлар Ўзбекистоннинг ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва бизнес юритиш шароитларини соддалаштириш ­бўйи­ча Европа ва Марказий Осиё минтақаси давлатлари орасида етакчига айланишига имкон берди.
Тадбиркорлик субъектларининг давлат рўйхатидан ўтказиш ва ҳисобга қўйиш тизимининг тубдан такомиллаштирилгани туфайли Ўзбекис­тон корхонани рўйхатдан ўтқазиш кўрсаткичи бўйича 11-ўринни банд этди.
2017 йилнинг 1 апрелидан бошлаб мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларини онлайн рўйхатдан ўтказиш тизими ишлай бошлади. Унга кўра, рўйхатдан ўтиш жараёни аввалги икки иш куни ўрнига атиги 30 дақиқани банд этмокда. Тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказиш жараёни онлайн тарзда тўлдирилган ариза асосида амалга оширилмоқда.
2017 йилнинг 9 ойи давомида ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан 1,3 марта кўп бизнес субъект­лари ташкил этилганининг ўзиёқ мамлакатимизда бизнес субъектлари очишнинг нақадар осон эканлигидан дарак беради.
Халқимизнинг эртанги кунга ишончи шунинг учун мустаҳкамки, Биринчи Президентимиз ­Ислом Каримовнинг юртимиз равнақи йўлида ­бошлаган самарали ишлари Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан юксак азму шижоат билан давом эттирилмоқда.
Ҳозирги кунда қабул қилинаётган фармонлар, қарорлар ва қонунлар ҳамда олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар замирида Ўзбекистон янги марраларни кўзлаётгани ва мамлакатимиз ўз тараққиётида янги босқичга қадам қўйганидан дарак беради. Бу ислоҳотлар, ўз навбатида, мамлакат аҳолисининг фаровонлиги ва турмуш даражасини янада кўтарилишига қаратилгандир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекис­тон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маърузасида таъкидлаганидек, «…тадбиркорлик фаолиятининг эркинлиги, хусусий мулк дахлсизлигини амалда таъминлаш бундан буён ҳам давлат сиёсатида устувор йўналиш бўлиб қолади…
Яна бир бор алоҳида таъкидлаб айтмоқчиман: тадбиркор йўлига тўсиқ бўлишни давлат сиёсатига хиёнат, деб қабул қилиш керак».
Зеро, Президентимиз Олий Мажлисга тақдим қилган Мурожаатномада қайд этилганидек, «…халқимиз эртага эмас, узоқ келажакда эмас, айнан бугун ўз ҳаётида ижобий ўзгаришларни кўришни истайди. Бизнинг меҳнаткаш, оқкўнгил, бағрикенг халқимиз бунга тўла ҳақлидир».

Турғун ЗИЯЕВ,
Тошкент давлат иқтисодиёт
университетининг фахрий доктори,
Отажон ОМОНОВ,
Тошкент иқтисодиёт
коллежи директори в.б.
Дилдора ЁҚУБ,
Тошкент иқтисодиёт коллежи
«Молия ва иқтисодиёт»
кафедраси мудири

Бошқа хабарлар