Муносиб   ютуқлар билан

400

 

Жамоа аъзолари аҳолининг электр қувватига бўлган талабини тўлиқ қаноатлантириш йўлида фидокорона меҳнат қилаётир. Бир йилда 3,2 млрд. кВтс миқдорида электр қувватини ишлаб чиқараётган корхонамиз Хоразм вилояти ва Қорақалпоғистон Республикаси иқтисодиётини ривожлантиришда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда.

Корхона раҳбарияти ва касаба уюшма ташкилоти ҳамкорлигида ишлаб чиқаришга янги, замонавий технологияларни жорий этиш, давр талабига мос тарзда модернизациялаш ишларини бажаришга катта эътибор қаратилган. Осиё тараққиёт банки ҳамда Ўзбекистон Республикаси тараққиёт ва тикланиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, умумий қуввати 500 мВт бўлган иккита буғгаз трубиналари қурилиши инвестиция дастурига киритилган эди. Ҳозирда ушбу лойиҳа ишларини бошлаш бўйича тайёргарлик кўрилмоқда.

Ўта масъулиятли юмушни бажараётган жамоамиз аъзолари учун муносиб меҳнат шароитлари яратилган. Иш берувчи билан 2017 — 2019 йиллар учун жамоа шартномасини имзолаганмиз. Унда касаба уюшма аъзоларининг манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларга муносиб меҳнат шароитларини яратиб беришга доир масалалар тўлиқ қамраб олинган.

Мингга яқин аъзоларни атрофига бирлаштирган касаба уюшма қўмитаси ходимларнинг ҳақиқий маслакдоши ва кўмакдошидир. Жамоа шартномасига асосан ишлаб чиқаришда зарарли омиллар таъсирида ишлайдиган ходимларнинг иш жойлари аттестациядан ўтказилиб, 427 нафар ходимга қўшимча меҳнат таътили берилди.

Икки ва ундан ортиқ 12 ёшгача фарзанди ҳамда 16 ёшгача ногирон боласи бўлган 10 нафар ходимга 3 иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган қўшимча таътил берилди. Вояга етмаган 4 ва ундан ортиқ фарзанди бўлган 5 нафар ходимнинг ойлик маоши сақланган ҳолда иш ҳафтаси 1 соатга қисқартирилди.

Бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида иш берувчи томонидан ходимлар меҳнатини суғурталаш борасида жавобгарлик оширилди. Ушбу тадбирларни амалга ошириш учун корхона ҳисобидан 28 млн. 560 минг сўм маблағ ажратилди.

Аъзолар соғлигини тиклаш, даволаниши учун зарурат туғилган ҳолатларда ижтимоий ёрдам кўрсатиш ишларига жиддий эътибор қаратилаётир. Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини соғ­ломлаштириш мақсадида 6 нафар ишчига ижтимоий суғурта маблағлари ҳисобидан, 5 нафар ходим ва яна ўнга яқин оила аъзоларига касаба уюшма ҳисобидан санаторийларга йўлланмалар берилди.

Ишчи-хизматчиларнинг фарзандлари ёзги таътил пайтида энг нуфузли оромгоҳларда дам олдирилади. Жорий йилда улардан қарийб эллик нафари  шундай масканларда мириқиб ҳордиқ чиқарди.

Ёш мутахассисларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, яшаш шароитини яхшилашда ёрдам кўрсатиш ҳам бошланғич ташкилотнинг энг муҳим вазифаларидан бирига айланган. Корхона маблағлари ҳисобидан шу йўналишдаги ишлар учун  34 млн. 140 минг сўм сарфланди.

Ходимлар ва уларнинг оила аъзоларини спортга жалб этиш ишлари яхши йўлга қўйилган. Йил давомида корхона миқёсида ташкил этилган спорт мусобақаларида 174 нафар ходим ва уларнинг оила аъзолари қатнашиб, ғолиблар 5 млн. 600 минг сўмлик қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.

Байрамларда аъзоларимиз, фахрийларимиз ва ижтимоий муҳофазага олинган инсонларни бир пиёла чойга таклиф этамиз. Шу баҳона имконият даражасида моддий ёрдам кўрсатиб, кўнгилларини кўтарамиз. Давра суҳбати, маънавият соати, маҳорат дарси ва маданий-маърифий, спорт тадбирларини ўтказамиз.

2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича келиб чиқадиган вазифалар доирасида амалий семинар ташкил этилди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси У.Жалменов Ҳаракатлар стратегияси асосида қилиниши керак бўлган ишлар хусусида сўз юритиб, зарур тавсия­лар берди.

Ходимларнинг  бўш вақтини сермазмун ўтказишга муҳим аҳамият бериляпти. Мамлакатимиздаги тарихий масканлар, диққатга сазовор жойлар ва музейларга саёҳатлар ташкил этилмоқда.

Корхонамизда меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги бўйича ходимларнинг малакасини ошириш алоҳида эътиборда. Яқинда ўтказилган семинарда техника хавфсизлиги бўйича катта инспектор К.Есемуратовнинг маърузаси катта қизиқиш билан тингланди.

Айни дамда аҳил жамоа касб байрамимиз — Энергетиклар кунини муносиб меҳнат ютуқлари билан кутиб олмоқда.

 Нурилла АБДУЛЛАЕВ,

«Тахиатош ИЭС» АЖ касаба уюшма қўмитаси раиси

Бошқа хабарлар