«Мўъжиза албатта рўй беради!»    

6

Шундай истеъдод эгалари борки, уларга етарлича шароит яратиб берилмаса ҳам, моддий ва маънавий тарафдан рағбатлантирилмаса-да, ўзлигини тўлиқ намоён эта олади. Худди, тошлоқ ердан униб чиққан нозик ниҳол каби. У йўлида учрайдиган ҳар қандай тўсиқни ўзининг шижоати, матонати, иродаси билан енгади. Унинг қон-қонига сингган ушбу хислатлар уни юксак марралар, улкан довонлар, бахтли келажак сари етаклайди. У чўққига кўтарилгач, мусаффо ҳаводан тўйиб-тўйиб нафас олиши, бетимсол табиат гўзаллигидан баҳраманд бўлиши, юксак чўққининг соҳиби эканини ҳис этиши ҳам инсоний, ҳам мантиқий жиҳатдан адолатлидир.

Миразамат Обидов 17 ёшда Пойтахтимиздаги 101-сонли махсус мактабнинг 10-синф ўқувчиси. Отаси — оғир юк машина ҳайдовчиси. Онаси Тошкент телеминорасида оддий ходим бўлиб ишлайди. У ота-онасига моддий томондан кўмаклашиш мақсадида, ёзги таътилда ҳар куни, ўқиш даврида якшанба кунлари Жомий мавзесидаги автотураргоҳлардан бирида ишлайди.

Автоуловларнинг келди-кетдиси, хавфсизлигига масъул бўлиб, пул топаётган бу йигит яқиндагина Таиландда бўлиб ўтган 18 ёшгача кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби, боз устига жамоа сардори эканлигини ҳали кўпчилик билмайди.

Шароит етарли бўлмаса-да…

2017 йилнинг 22 ноябр санасидан старт оладиган футзал бўйича 18 ёшгача бўлган кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида иштирок этиш, октябр ойининг 4-санасидагина маълум бўлганди. Унгача яхлит жамоа шакллантирилмаган эди. Сабаби, жамоанинг на ­тайинли тўпи ва на шуғулланишга футбол майдони бўлган.

Тўғри, мураббийлар Муроджон Аҳмедов ва Рустам Бердиев ташаббуси билан сал илгари жамоа шакллантирилган, улар Словакияда бўлиб ўтадиган турнирда иштирок этиши лозим эди. Аммо тегишли маблағ ажратилмагани, Ўзбекистон футбол федерацияси томонидан етарлича эътибор берилмагани боис, сафар қолдирилганди. Мураббийлар штабининг ЖЧ бошланишига бир ярим ой қолганда, иштирок этиш аниқ бўлиб, сафар учун маблағ топилгандагина болаларга маълум қилишгани ҳам, аслида, шундан.  ЖЧ сари отланган делегациянинг барча сарф-харажатлари учун Ўзбекистон болалар спортини ривожлантириш жамғармаси маблағ ажратди.

Жамоанинг ЖЧ арафасидаги ҳолатини терма жамоа Бош мураббийи ёрдамчиси, таржимон Рустам Бердиев шундай хотирлайди.

— Машғулот ўтказиш учун футбол майдони топа олмагач, Чуқурсойда жойлашган кар ва заиф эшитувчилар мактабига тегишли залда шуғуллана бошладик. Яхлит жамоа йиғилмаган, болаларда ўйин амалиёти йўқ эди. Футбол майдони, тўп ҳамда жамоа учун либос сўраб, бир неча марта ЎФФга мурожаат қилдик. Бизга либос беришди, холос. Шундай бўлишига қарамай, 10 нафар болани жамлаб, Мурод ва Ҳаким акалар билан биргаликда машғулотларни бошладик.

Тан олиб айтиш лозим, бошида уларни турли жойлардан тўплаганимиз учун, бир жамоа ҳолига келтириш осон кечмади. Ҳатто, баъзи бирлари ўзаро жанжаллашиб ҳам олишди. Аммо, уларга биз — бир жамоа эканимиз, биз бир юрт, бир байроқ остида бирлашиб, уларнинг ишончини оқлашимиз зарур эканини уқтирдик. Шукрки, ўзаро тил топишиб, бир оила фарзандларидек иноқлашиб кетишди.

Мақсад — фақат чемпионлик эди

— Самолётга чиқишдан олдин, дуо олиш учун ота-онам томонга ўгирилдим. Отам қўлини дуога очар экан, «Илоҳо омин, юзинг ёруғ бўлиб қайт, болам.» деди. Ва «Агарда, ютқазиб қўядиган бўлсанглар ҳам, хафа бўлмагин, хўпми», дея имо-ишора билан тушунтирганда, мен — «Дада, менинг ва болаларнинг мақсади, фақат чемпион бўлиб қайтиш» деб айтдим, — дейди 18 ёшгача кар ва ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионати ғолиби, жамоа сардори Миразамат Обидов.

Жаҳон чемпионати у ва жамоадошлари учун жуда мураккаб, айни вақтда муваффақиятли кечди.

Дастлабки ўйинда донгдор ва пухта тайёргарлик кўрган Швеция терма жамоаси 5:3 ҳисобида мағлуб этилган бўлса, кейинги турда Индонезия 17:2 га «ер тишлатилди». ­Кувайтлик ўсмирлар устидан 9:2 га устун келинди. Ярим финалда эса ёш футзалчиларимизни чемпионлик учун асосий даъвогарлардан бири Россия кутиб турарди.

Энг ёмони, жамоа сардори Миразамат Кувайтга қарши баҳсда 2 та сариқ карточка олиб, муҳим ўйинни ўтказиб юборишга мажбур бўлди. Шунга қарамай, у трибунада, томошабинлар қаторида юртимиз байроғини баланд ҳилпиратган ҳолда, жамоадошларини қўллаб-қувватлаб турди. Жоиз бўлса, забони орқали гапира олмаса-да, кўзлари, юраги орқали сўзлади. Уларга далда берди.

Мана шундай қалтис вазиятларда футболчиларга фақатгина мураббийларгина ёрдам бера олади. Мурод ва Рустам акалари рақибни албатта енга олишлари, бу уларнинг қўлидан келишига ишонтира олишди. Қўлланган тўғри тактика, кўрсатилган матонатли ўйин, ўз кучига бўлган ишонч самарасини берди. Ўзбекистон кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар терма жамоаси Россиялик тенгдошларини 3:2 га енгишди. «Норасмий финал»даги ғалаба болалар кайфиятини тоғдек кўтариб, ўз кучларига бўлган ишончни беҳад ошириб юборди.

Финал баҳсида Миразамат яна сардорликни ўз қўлига олди. Шведлар иккинчи марта ҳам таслим этилди. Натижа ҳавас қилгулик: 4:2. Ва шу тариқа ўзбек ўғлонлари чинакам мўъжиза кўрсатишди.

Ҳа ишонинг, бу ғалабани чинакамига мўъжиза деса арзийди. Икки ойга ҳам бормаган машғулотлар, ижарага олинган таъмирталаб майдондаги босим, етиб-етмаган тўпларда амалга оширилган тинимсиз меҳнат юзага чиқди. Шу ўринда, рақиб жамоаларнинг ҳашамдор майдонларда, йиллаб маш­ғулот олиб борганини қайд этиш жоиз. Улар чемпионат бошлангунга қадар, юртимиз футзалчиларини совриндорлар қаторида кўришни ҳам хаёлларига келтиришмаган эди.

Ҳар жабҳада биринчи

Тан олиб айтиш керакки, футзалчиларимиз, фахру ифтихоримизга айланган укаларимиз ЖЧда ҳар жабҳада биринчи бўлишди. Ютуқларни номма-ном санасак, бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Энг аввало, илк марта ташкил этилган кар ва заиф эшитувчи ўсмирлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ўзбек ўғлонлари ғолиб бўлиб, тарих зарварақларига номларини ­зарҳал ҳарфлар билан муҳр­лашди. Бош кубок — ўзбекларники!

Чемпионатнинг 4 номинациясидан 2 таси бизникиларга насиб қилди. Ҳужумчимиз Жалолиддин Қаршиев 12 та гол билан «Чемпионатнинг энг яхши тўпурари» бўлган бўлса, жамоамизни муқаррар голлардан қутқариб, маҳорат кўрсатган дарвозабон Акобир Шокиржонов «Чемпионатнинг энг яхши дарвозабони» номинацияси соҳибига айланди.

Шунингдек, терма жамоа аъзолари турнир давомида рақиблар дарвозасини энг кўп — 37 марта ишғол қилишга муваффақ бўлди. Жамоада фақатгина иккинчи дарвозабондан ташқари, барча ўйинчилар ҳисобида гол мавжуд. Ҳатто, асосий дарвозабонимизда ҳам (!).

Меҳнатга муносиб рағбат лозим

Спорт инсондан ирода, тинимсиз меҳнат, чидам-бардош талаб этади. Агар имконияти чекланган инсон бўлса, ушбу талаблар янада ошиши, мураккаблашиши табиий.

Муносиб шароитда машғулот олиб борилмаган бўлса-да, жаҳон миқёсидаги ютуқни қўлга киритиб, байроғимизни баланд ҳилпиратган мана шу йигитларни ҳар қанча алқасак, улар билан фахрлансак арзийди.

Ёш сардор Миразамат Обидовдан — «Энг катта орзуйинг нима?» деб сўраганимизда, орзуси машина ҳайдаш эканини мураббийи Рустам Бердиевга имо-ишора орқали тушунтирди. Сўнг кўзлари ёниб, қўлларини кўксига қўйди. Бу унинг бирдан-бир орзуси, ширин хаёли эканини англаш қийин эмасди.

Яна шундай ҳолатга, Ўзбекистон Паралимпия қўмитасида жамоа аъзолари билан уюштирилган учрашув сўнгида гувоҳ бўлдик. 5 нафар жамоа аъзоси биз — оммавий ахборот воситалари ходимлари билан хайрлашгач, зинадан пастга туша бошлашди. ­Пастки қават фойеси турли халқаро ютуқларни қўлга киритган паралимпия совриндорлари, имконияти чекланган спортчиларнинг суратлари билан безатилган экан. Суратлардан бирида  ўтган 2016 йили Рио де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган XV ёзги Паралимпия ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, 31 та медални қўлга киритган спортчиларимиз акс этганди. Эслатиб ўтамиз, Паралимпиячилар муҳтарам Президентимиз томонидан фахрий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланиш билан бир қаторда, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси ҳузуридаги Олимпиячиларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси томонидан сотиб олинган «Malibu» маркали енгил автомобил билан ҳам рағбатлантирилганди.

Чемпион футзалчилар суратни бир-бирига кўрсатиб, бош бармоғи билан «зўр» ишорасини қилишарди.

Бу — сўнгги марра эмас

Миразамат Обидов:

— Ўсмирлар ўртасидаги жаҳон чемпионлигини қўлга киритдик. Бу билан тўхтаб қолмоқчи эмасмиз. Келгусида шароит яратиб берилса, катталар ўртасидаги ЖЧ да ҳам муносиб иштирок этиб, чемпион бўлишни ният қилганмиз. Бу учун бор кучимизни аямасликка, Президентимиз, халқимиз ишончини оқлашга ҳаракат қиламиз.

Таиландга жамоадошларим қатори фақат ва фақат чемпион бўламан, деб кетган эдим. Турнир тугаб, уйга қайтганимизда, ота-онам қувонч ёшлари билан кутиб олганида, ўзбек ўғлони, шундай улуғ юрт фарзанди эканимдан фахрланиб кетдим.

Булар унинг қалбидаги самимий гаплар. Биз ҳам унинг эзгу ниятлари амалга ошишига хайрихоҳмиз. Яна қайтарамиз, бунинг учун, энг аввало, етарли шарт-шароит керак бўлади.

Таркиб тарқаб кетмаслиги керак

Кар ва заиф эшитувчилар жамоаси мураббийлари Муроджон Аҳмедов ва Рустам Бердиевларнинг таъкидлашича, Тошкентга қайтишгач, жамоа аъзоларининг аксарияти туғилган юртига, таълим олаётган муассасасига қайтишган. Агарда етарли маблағ, шароит яратилмаса, чемпион таркиб — «олтин жамоа» тарқалиб кетиши мумкин экан. Бу эса ўзбек футболи келажаги учун жуда катта йўқотиш, ёш истеъдод эгаларини бой бериш демакдир.

Шунингдек, улар бир неча марта ЎФФ ҳамда Ўзбекистон Паралимпия қўмитасига ушбу масала юзасидан мурожаат қилишган. Аммо, ҳозирча улар маблағ йўқлигини рўкач қилиб, ўзларини четга олишни маъқул ­кўришяпти.

Қаҳрамонларимиз

Юрт шаънини ҳимоя қилишда Миразамат Обидов билан бир қаторда Хўжамурод Норхўжаев, Рустамбек ўойибов, Жалолиддин Қаршиев, Фаррух Абдуллаев, Давронбек Шарафиддинов, Акобиржон Шокиржонов, Ҳабибулло Толипов, Мирзабек Икромов каби истеъдод эгалари бир сафда матонат кўрсатишди.

Муроджон Аҳмедов, Рустам Бердиев ва Ҳаким Аҳмедов футзалчиларга тегишли йўл-йўриқлар кўрсатиб, ғалабага катта ҳисса қўшганини ифтихор билан тилга оламиз.

Ҳа, дарвоқе, ёрдамчи мураббий Ҳаким Аҳмедов ҳам пойтахтимиздаги Жомий мавзесидаги автотураргоҳлардан бирида ишлайди.

— Маблағ етишмовчилиги сабабли кўплаб кар ва заиф эшитувчи истеъдод эгалари менга ўхшаб мана шундай жойларда ишлашга мажбур, — дейди Ҳаким Аҳмедов. — Юртимизда спортга, хусусан, футзалга қизиқиши баланд, имконияти чекланган истеъдод эгалари бисёр. Улар қўллаб-қувватлаш, эътиборга муҳтож.

Меҳр ва рағбатни аямайлик

Болалигимда дадам мени ажойиб рағбатлантириш усули билан аъло ўқишга даъват қиларди. Мактабда фанлардан аъло баҳо олсам ёки бирон-бир бадиий китобни ўқиб чиқиб, уларга гапириб берсам, мени мукофотларди. Мукофот китоб, ширинлик, пойтахтимиздаги диққатга сазовор жойларга саёҳат бўлгани боис, қўлимдан келганча аъло баҳо олишга, кўпроқ ва яхшироқ ўқишга ҳаракат қилар эдим.

Мамлакатимизда кўнгли ярим, имконияти чекланган, кар ва заиф эшитувчи инсонлар кўп. Улар қўллаб-қувватлашимиз, далдамизга муҳтож. Жумладан, қаҳрамонлик кўрсатган футзалчиларимиз ҳам.

Давронбек ОРИПОВ,

«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар