Эзгу амаллар

8

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил  12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори юртимизда инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун ҳамда кучли ижтимоий ҳимоя устувор тамойил эканлигига яққол мисолдир. Ушбу қарор асосида касаба уюшмалари томонидан эҳтиёжманд ва ғамхўрликка муҳтож фуқароларга эътибор ва моддий кўмак берилаётгани  эса нур устига аъло нур бўлаётир.
Жумладан, Наманган вилоятидан 72 нафар бемор рўйхати шакллантирилди. Ҳар бир тумандан 6 нафар бемор туман тиббиёт бирлашмаси ва маҳаллий ҳокимлик томонидан тасдиқланиб, даволаниш йўлланмаларига эга бўлди. Саралаш асноси асосий эътибор ижтимоий ҳимояга муҳтож эканлигига қаратилди.
Республикадан вилоят касаба уюшмалари қошида ташкил этилган махсус ҳисоб-рақамга ушбу хизматлар учун 288 миллион сўм маблағ ўтказилган бўлиб, ҳозирги кунга қадар тиббий амалиётлар учун беморлардан 12 нафарига республика клиникаларида, 8 нафарига вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 1 нафарига Андижон вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида, 6 нафарига вилоят кардиология марказида даволаниши учун етарли маблағ кўчирилди. Бундан ташқари, 13 беморга дори-дармон учун маблағ йўналтирилди. Умумий ҳисобда 40 нафар бемор учун яхши яшаш имконияти яратилди. Яна 32 нафар беморнинг даволаш муассасалари билан шартномалари давом эттирилиши ҳамда хайрия маблағлари тўлиғича йўналтирилиши кўзда тутилган.

— Дард одамни ҳар томонлама синаркан, — дей­ди Тўрақўрғон тумани «Қўшқайрағоч» маҳалласида яшовчи Улуғбек Эргашев. — Отам инсулт бўлиб, ётиб қолган. Менинг икки бармоғим куйганлиги боис кестиришга тўғри келди. Бу ҳолатда бошқалар билан тенгма-тенг ишлашнинг ўзи эмас.албатта. Мана бугун кўриб, гувоҳи бўлиб турибмизки, давлатимиз раҳбарининг бу каби саховатли ишлари кўнглимизга қайта қувонч улашмоқда.
У.Эргашев ушбу хасталикни амалиёт йўли билан даволатиш учун Республика травматология ва ортопедия илмий текшириш институтига жўнаб кетди. Яна бир бемор — оқтошлик Инъомжон Холмирзаевга молиявий кўмак кўрсатилиб, дори-дармон олиб берилди.
— Наманган туманидаги «Бозорбоши» МФЙда истиқомат қиламиз, — дейди Икром Имомназаров. — Аёлим 2002 йилдан бери буйрак-тош касаллигидан қийналади. 2008 йилда операция қилдирсак-да батамом тузилиб кетмади. Хайрия тадбири давомида турмуш ўртоғимнинг буйрагини қайта операция қилишди. Операция яхши ўтди, барча харажатлар Президентимиз қарорига биноан касаба уюшмаси томонидан қопланди.

Аббосхон МАМАДАЛИЕВ,
Соғлиқни сақлаш ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Наманган вилоятидаги масъул ташкилотчиси

***

Инсонпарварлик, саховат ва бағрикенглик халқимизга хос юксак фазилатлардан саналади. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолига имкон даражасида ёрдам бериш давлатимизнинг алоҳида эътиборида.
Ушбу жараёнда Навоий вилояти касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, вилоят бўйича 20 та оилани уй-жой билан таъминлаш, 1110 та оилага маиший-техника жиҳозлари олиб бериш, 60 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш, 100 та хонадонни жорий таъмирлаш ­бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари режалаштирилди. Эзгу ишларга ташкилотчилик қилаётган касаба уюшмаларига ҳамкор ташкилотлар ҳамда шаҳар, туман ҳокимликлари яқиндан кўмак беришди.
Айни пайтда хайрли тадбирлар вилоятнинг барча шаҳар ва туманларида, жумладан, Навоий, Зарафшон шаҳарлари ва Конимех, Навбаҳор, Қизилтепа, Хатирчи, Нурота, Томди ва Учқудуқ туманларида юқори савияда ташкил этилиб, янги йил арафасида ёрдамга муҳтож оилаларга бир олам қувонч улашилди.
«Ҳар бир фуқаро Президентимиз эътиборида» шиори остидаги мазкур хайрия тадбирлари одамлар қалбида эртанги кунга бўлган ишончни янада мустаҳкамламоқда.
Бемор инсонларнинг хонадонларига манзилли ташрифлар уюштирлмоқда. Жумладан, ишчи гуруҳ аъзолари Кармана тумани, «Пахтаобод» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Умид Турдиев хонадонида бўлиб, унга тиббий муолажалар учун зарур дори воситалари топширилди ва манзилли моддий ёрдам кўрсатилди.
— Президентимиз томонидан инсон манфаати йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотларга барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз, — дейди Нурота тумани «Сентоп» МФЙда истиқомат қилувчи Назира Мирзаева. — Давлатимиз раҳбарига мингдан-минг раҳмат. Рўзғоримиз учун керакли бўлган маиший жиҳоз совға қилинди. Буни қарангки, биз каби олис қишлоқларда истиқомат қилаётган кўнг­­ли ярим аёллар ҳам эътибордан четда эмас экан.
Мазкур хайрли ишларнинг дастлабки босқичида саломатлигини мустаҳкамлашда кўмакка муҳтож инсонларга амалий ёрдам кўрсатилаётган бўлса, эндиги навбатда эҳтиёжманд оилаларни кундалик турмушда зарур маиший-техника жиҳозлари билан таъминлаш ишларини бошладик. Бундан кейинги босқичларда эса кам таъминланган оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш, турар жойларини таъмирлаш ишларини амалга оширамиз. Мазкур тизимли тадбирлардан кўзланган асосий мақсад, Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини оширишдир.
Дарҳақиқат, Президентимиз ташаббуси билан мамлакат миқёсида аҳолининг ижтимоий ҳимояталаб қатламларига кўрсатилаётган юксак эътибор ва унинг амалий натижасидан барча мамнун. Касаба уюшмалари ҳам мазкур жараёнда фаол иштирок этиб, кўрсатилаётган амалий ёрдамларнинг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилишини таъминламоқда.

Шуҳрат ҲАЛИЛОВ,
Навоий вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаш раиси ўринбосари

Бошқа хабарлар