Қувончлар бир олам!

2

— Янги йил байрами тадбирларини кўтаринки руҳда ўтказиш мақсадида касаба уюшма ва ҳомий ташкилотлар ­маблағларидан унумли фойдаланилди, — дейди вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Ш. Баҳриддинов. — «Меҳрибонлик» уйи, мактаб-интернат тарбияланувчилари, боқувчисини йўқотган болалар, эҳтиёжманд оилалар фарзанд­ларига арча байрами, театр томошалари, саёҳатлар уюштириш, совға-саломлар билан сийлаш ва ­бошқа тадбирлар юқори савияда ташкил этилди.

Айниқса, воҳанинг олис ва тоғолди Фориш тумани мактабгача таълим муассасаларида уюштирилган тадбирлар ўзгача бўлди. Касаба уюшма ташкилотлари ва ҳомийлар томонидан болажонларга совғалар тақдим этилиб, концерт дастурлари намойиш этилди.
Зарбдор туманининг Бўстон шаҳарчасида жойлашган кар-соқов болалар махсус мактаб-интернати тарбияланувчилари ҳам касаба уюшмалари эътиборидан четда қолмади.
29-«Меҳрибонлик» уйи тарбияланувчилари ҳамда эҳтиёжманд оила фарзандларидан уч юз нафарига «Президент совғаси» топширилди. Тўкин дастурхон ёзилиб, ширинлик­лар тарқатилди.
Ватанимиз тинчлиги ва осойиш­талигини таъминлашда мардларча ҳалок бўлган ҳарбийларнинг икки юз нафар фарзандига ҳудудий касаба уюшма бирлашмасининг янги йил совғалари топширилди.
Умид ва қувончларга тўла тадбирларни сермазмун ўтказишда Жиззах шаҳри, Зафаробод, Бахмал, Ғаллаорол, Дўстлик туманлари тармоқ касаба уюшма кенгашлари ва ҳомийлар ҳамкорлиги кўзланган мақсадларга эришишни таъминлади.
Янги йил шодиёналари барча ҳудудларда ана шундай кўтаринки руҳда нишонланди.

Абдуманноп АЗИМОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар