Бор бўл, оқибат!

397

Эртанги кунга ишонч меҳр-мурувватдан куч олади

Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилаларга амалий ёрдам кўрсатиш борасида кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Ана шундай тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Миробод туманида ташкил этилди.

Тадбирда туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оила вакиллари Касаба уюшмалари Федерацияси томонидан кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, жумладан, кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.
Тадбир доирасида касаба уюшма фаоллари тумандаги «Сарикўл» маҳалласида истиқомат қилувчи эҳтиёжманд оилалардан бири — Юсуф Абидов хонадонида бўлиб, ушбу оиланинг ижтимоий-маиший аҳволини яхшилаш ва кундалик уй юмушларида енгиллик яратиш мақсадида замонавий газ плитаси ҳадя этдилар.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳрида истиқомат қилаётган кам таъминланган оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бугунги кунда 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойлари таъмирлаб берилмоқда. 1221 нафар кам таъминланган оилага эса маиший техника жиҳозлари топширилди. 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлигини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш билан бирга, жарроҳлик операциялари учун зарур маблағлар тегишли муассасаларга ўтказиб берилаяпти. Шунингдек, 22 нафар фуқарони тураржой билан таъминлаш ишлари олиб борилмоқда.

Бу каби хайрли ва эзгу ишлар, аввало, оилаларда, жамиятда ўзаро ҳамжиҳатлик, меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш, аҳоли турмуши сифатини оширишга хизмат қилмоқда. Энг муҳими, эҳтиёжманд инсонларнинг эртанги кунга ишончи ­мустаҳкамланаяпти.
— Муҳтарам Президентимиз томонидан биз каби оддий одамларга жуда катта эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилаяпти. Бунинг натижасида хонадонларимизга файзу барака кирди, кўнгилларимиз нурга тўлди, — дейди 2-гуруҳ ногирони Юсуф Абилов. — Касаба уюшма вакиллари хонадонимизга келиб, ижтимоий-иқтисодий аҳволимизни ўрганди ва мана бугун бизнинг оилага замонавий газ плитаси ҳадя этишди. Анчадан бери ана шундай маиший техника жиҳозига эҳтиёжимиз бор эди, бундай ажойиб совға учун ўз миннатдорлигимни билдираман.

Ўзбекистон касаба уюшмалари
Федерацияси Матбуот хизмати

* * *

Шундай тадбирлардан яна бири пойтахтимизнинг Яккасарой туманида ҳам ташкил этилди. Туманда истиқомат қилувчи 111 та оилага маиший техника жиҳозлари олиб берилди ҳамда 6 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлиги тикланди.
— Эҳтиёжманд оилаларни кундалик турмушда зарур маиший-техника жиҳозлари билан таъминлаш ҳамда саломатлигини мустаҳкамлашда қўллаб-қувватлаш барча-барчада чуқур таассурот қолдирмоқда, — деди Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Яккасарой туман кенгаши раиси Гулчеҳра Шералиева. — Бундан кейинги босқичларда кам таъминланган оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини таъминлаш, турар жойларини таъмирлаш, оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадида узоқ муддатли имтиёзли кредитлар олиб бериш ишларини амалга оширишни режалаштирганмиз.
Тадбирда Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Анвар Раҳимов, Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Равшан Маҳамадалиев, Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент шаҳар бўйича ­масъул ташкилотчиси Наргиза Усмонова ва бошқалар иштирок этди.

Ўз мухбиримиз

* * *

Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Республика кенгашининг Тошкент шаҳри бўйича масъул ташкилотчиси томонидан Учтепа туманида ташкил этилган тадбирда эҳтиёжманд оилалардан 111 тасига маиший техника жиҳозлари совға қилинди.
— Кўп йиллар давомида йўлсозлик соҳасида ишладим. Оёғимдан олган жароҳат сабаб 15 йилдан буён II гуруҳ ногирониман. Ҳозир қўлтиқтаёқсиз юролмайман, — дейди «Пахтакор» маҳалласида яшовчи Аҳмаджон Ғуломов. — Маҳалла раиси уйимизга бориб, сизга Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг туҳфасини топширишади, дея ушбу тадбирга вакилларини бошлаб келди. Мени ажойиб совға — чангютгич билан сийлашди. Тўғрисини айтсам, эътибордан кўнглим тоғдек ўсди. Бу ­хайрли ишларнинг бошида турган инсонларга чексиз миннатдорлигимни билдираман.
— Тўрт нафар фарзандим бор. Кичкинаси икки ёшли бўлгани учун унинг тарбияси билан бандман. Турмуш ўртоғим 4 йилдан бери руҳий касал, —­ ­дейди «Тақачи» маҳалласида истиқомат қилувчи Муборак Қодирова. — Тадбирда менга электр печ совға қилишди. Оилавий аҳволимни ўрганиб, менга кўмак кўрсатган ташкилотчилар муродига етсин.
Дарҳақиқат, мазкур тадбирлар жамиятимизда меҳр-оқибат, одамийлик, эзгулик каби фазилатларни янада кучайтиришга асос бўлади.

Жамшид ЭРГАШЕВ,
«Ishonch» мухбири

* * *

Сирдарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси томонидан вилоят бўйича 154 та оилага манзилли ёрдам кўрсатиш, хусусан, 22 та оилани уй-жой билан таъминлаш,  1221 та оилага маиший техника жиҳозлари олиб бериш, 66 та оиланинг тиббий ёрдамга муҳтож аъзолари саломатлигини тиклаш бўйича амалий ёрдам кўрсатиш ишлари амалга оширилди. Бундан ташқари, ҳар бир тумандан 10 нафардан кўмакка муҳтож юртдошларимизнинг уйлари касаба уюшмалари ­маблағи ҳисобидан  таъмирланмоқда. Ушбу тадбирлар доирасида эҳтиёжмандларга саломатлигини мустаҳкамлаши учун махсус сертификатлар, дори-дармон воситалари, турмуш даражасини ошириш мақсадида маиший техника жиҳозлари топширилаяпти.
Куни кеча 111 нафар янгиерлик эҳтиёжманд оилалар ҳолидан хабар олинди. Янгиер шаҳри «Маърифат» маҳалласида истиқомат қилувчи Лайло Тошбоева касаба уюшмаларининг совғаси — «Шиваки» русумли газ плитаси соҳибасига айланганидан хурсанд.
Шаҳардаги «Бинокор» маҳалласи Муҳандис кўчаси 36-уйда истиқомат қилувчи Омонжон Абдуқундузова турмуш ўртоғи вафотидан кейин икки нафар вояга етмаган фарзанди билан қолган, хонадон таъмирталаб ҳолатда эди. Касаба уюшмалари томонидан ажратилган маблағ эвазига «Янгиерқурилиштаъмир сервис» МЧЖ ишчилари таъмир ишларини кўнгилдагидек бажариб беришди.
— Турмуш ўртоғим вафот этганида, болаларим ҳали кичкина эди. Уларни кийдириб-едиришдан орттириб уйга қарай олмадим. Ҳар гал таъмирталаб деворларга кўзим тушганда, ­ич-ичимдан ўксинардим, — дейди қувончдан кўзлари ёшга тўлиб Омонжон Абдуқундузова. — Яратганга шукр, яхшилар бор экан. Аввало, давлатимиз раҳбари, қолаверса, касаба уюшмаларига мингдан-минг раҳмат. Насиб этса, фарзандларимни ватанга муносиб фарзандлар қилиб тарбиялайман.
«Обод юрт» маҳалласи Чаманзор кўчаси 37-уйда истиқомат қилувчи, меҳнат фахрийси  Пётр Мошин қизи Зинаида ва оиласи билан 4-хонали уйда туради. Оила эҳтиёжманд оилалар рўйхатида бўлиб, уйни кўп йиллардан буён таъмир  қилишга чоғи келмаган эди.
— Мен Ўзбекистонда туғилиб ўсганман, бу диёрдан ўзгасини ватаним, дея олмайман, — дейди Зинаида. — Ахир, ўзбек халқидек бағрикенг, ­одамохун халқни яна қайдан топиш мумкин? Мана, Янги йил муносабати билан касаба уюшмаларининг биз учун қимматли совғасини олдик — уйимизни таъмирлаб беришяпти. Барчага миннатдорчилигимни билдираман.

* * *

Шунингдек, Гулистон шаҳридаги 1-болалар мусиқа санъат мактабида «Касаба уюшмалари — хотин-қизларга» акцияси доирасида ўтказилган тадбирда  шаҳарнинг 111 нафар хотин-қизларига электр маиший-техника жиҳозлари тақдим этилди.
— 37 йил кутубхонада ишладим. Айни пайт­­да ёлғиз қизим ва унинг 4 нафар фарзанди билан яшайман. Касаба уюшмалари бугун кир ювиш машинаси совға қилишди, — дейди Татьяна Абрасимова.
Гулистон шаҳридаги «Истиқлол» МФЙ да истиқомат қилувчи Озода Тиллаева болаликдан 1-гуруҳ ногирони. Унга онаси Комила Тиллаева қарайди. Озодага Янги йил совғаси сифатида газ плитаси топширилди.
— Ногиронлиги бўлган инсонларга кўрсатилаётган мурувватдан кўнглим тоғдек кўтарилди, — дейди у. — Касаба уюшмалари ва бошқа ҳомий ташкилотлар байрамда келиб, ҳолимиздан хабар олиши одат тусига кирганлигидан хурсандмиз. Меҳридарё инсонлар ҳамиша бор бўлсин.

Зебо Ҳайдарова

***

Қарши шаҳрида 111 нафар эҳтиёж­манд оила вакилига турли хилдаги электр маиший техника жиҳозлари топширилди.
Бироз аввал эса касаба уюшма фаоллари ҳамкор ташкилотлар вакиллари билан биргаликда оғир маиший шароитда яшаётган, боқувчисини йўқотган, ногиронларни парвариш қилаётган эҳтиёжманд оилаларнинг аҳволи билан танишиб чиқишганди.
Аҳолининг кам таъминланган қатламини кўллаб-қувватлаш тадбирларини ташкил этишдек савобли вазифани бажаришда касаба уюшмаларига ҳам ишонч билдирилиши зиммамиздаги масъулиятни янада оширади. Маиший жиҳозларни топширар эканмиз, ким билан суҳбатлашмайлик, қалбидан миннатдорлик сўзлари тошиб чиқди.

Шерзод ЙЎЛДОШЕВ,
Таълим, фан ва маданият ходимлари касаба уюшмаси Қарши шаҳар кенгаши раиси

* * *

Касби туман ҳокимлигида ҳам шундай тадбир ташкил этилди. Унда сўзга чиққан Қашқадарё вилоят касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси кенгаши раиси Эсон Ражабов ҳамда «Нуроний» жамғармаси вилоят бўлими раиси Январ Иноятов юртимизда аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
Тадбир давомида 111 нафар кам таъминланган оила вакилига маиший техника жиҳозлари топширилди. Бундан ташқари, 10 нафар фуқаронинг уйи таъмирлаб берилган бўлса, 5 нафар беморга дори-дармон воситалари топширилди. Шунингдек, турар жойга эга бўлмаган икки нафар фуқарога уй-жой қуриб бериш режалаштирилган.
Ирода Аширова,
Равот қишлоғи:
— Турмуш ўртоғим биринчи гуруҳ ногирони. Оилавий шароитимизни ҳисобга олиб, рўзғоримиз оғирини енгил қилиш учун шундай қимматбаҳо совға билан тақдирлагани учун муҳтарам Президентимиздан чексиз миннатдормиз. Бу ишончни меҳнатларимиз, фарзандларга бераётган тарбиямиз билан оқлашга ҳаракат қиламиз.
Тўхта бобо Амонов,
Қорақўнғирот қишлоғидан:
— Кўп йиллар темирчилик қилдим. Энди кексайиб кучдан қолганман. Уйларимиз таъмирталаб аҳволга келганди. Қишнинг совуқ кунлари арафасида усталар келиб, янги эшик-ромлар ўрнатишди, уйимизни таъмирлаб беришди.
Хонадонимиз учун анчайин оғир паллада қўллаб-қувватлагани учун Президентимиздан жуда миннатдорман. Чексиз дуодаман…
Бу каби самимий изҳорларни жуда кўп кишилардан эшитдик. Энг муҳими, улар ҳеч муболағасиз, юракдан чиқаётган дил сўзлари эди.

* * *

Китоб туманида ҳам 111 нафар эҳтиёжманд фукарога замонавий газ плитаси, кир ювиш машиналари, чангютгич, электр печ ва бошқа маиший техника жиҳозлари топширилди. Икки нафар беморнинг пойтахтдаги Кардиология илмий маркази ҳамда Урология марказида стационар даволаниши учун маблағ ажратилди, тўрт нафар беморга дори-дармон воситалари олиб берилди.
— Ўғлим Убайдулла Абдуллаев бир йил олдин автоҳалокатга учраб, тўшакка михланди, — деди онахон Ширин Абдуллаева. — Президентимиз биз каби дардмандларни ҳам эсдан чиқармаганидан бошимиз осмонга етди. Тўрт миллион сўмлик дори-дармон воситалари олдик. Болажонимга шу дориларнинг фойдаси тегиб, Худонинг ўзи шифо берсин.
— «Йўлдош шаҳарча» маҳалласида яшаймиз, — деди ўзини Мирзо Рафиев деб таништирган фуқаро.— Укам Ҳамза Рафиев учун дори-дармон воситалари олдим. У йиқилиб, белидан ­пасти ишламай қолганди. Бундай эътибор ва ғамхўрлик бошқа ҳеч бир давлатда бўлмаса керак.
Шунингдек, туман ҳокими қарори билан икки нафар фуқарога уй-жой қуриб бериш учун ер майдони ажратилди.

Акмал АБДИЕВ,
«Ishonch» мухбири

* * *

Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманидаги кам таъминланган оилаларга кўмак кўрсатилди. Мазкур жараёнда касаба уюшмалари томонидан 111 нафар кишига маиший техника воситалари (газ плитаси, кир ювиш машинаси, чангютгич) топширилди. Шунинг­дек, тумандаги 6 нафар беморга даволаниши учун ­маблағ ўтказиб берилди.
Турар жойи таъмирга муҳтож 10 та, уй-жойга муҳтож бўлган 2 та оилага ҳам кўмак кўрсатилгани кўнгилларга бир олам қувонч улашди.

Камола ИСМОИЛОВА

Бошқа хабарлар