Кўзларида қуёш кўрдим

328

Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар,
Айтсам ҳар товшимдан сачраб чиқар чўғ.
Ҳар товши кўксимда Тангритоғ тиклар,
Дунёда бундан-да яхши унвон йўқ…

Қалбимнинг туб-тубидан тошиб келаётган ҳаяжон билан озод Ватан, озод халқ ҳақидаги шеъримни ўқир эканман, улкан майдонда бир юрак, бир жуфт кўзга айланиб тинглаётган аскар йигитларнинг кўзлари чақнайди. Ҳар бирининг нигоҳида қалбимга, ҳаяжонларимга ҳамоҳанглик кўраман. Шеър Ватан ҳақидаги қўшиқларга уланади. Аскар йигитлар машқларда тобланган забардаст елкаларини учириб, ўртага тушадилар. Уларнинг залворли қадамлари, кенг ёзилган қулочларини кўриб:
— Ҳа, ўз ерини, ўз эркини қўриқлаётган йигитларнинг кайфияти мана шундай бўлади, — дейман беихтиёр.
Тобора куч-қудратга тўлаётган, тобора катта майдонларга кираётган юртимизга ярашган барча байрамлар арафасида биз — зиёлиларнинг аскар йигитлар билан учрашуви расмга кирган. Биз айтилган жойга учиб борамиз. Чунки аскарларнинг машқ майдонларида қорайган чеҳралари, «Ватан, нима хизматинг бор, тайёрмиз!» дегандай садоқат, меҳр билан боқаётган нигоҳларидан, яна уларнинг миллий армиямизнинг салоҳияти, қудрати ҳақидаги ҳикояларидан, ўзларининг кечагидан бутунлай фарқ қилгувчи ҳарбий ҳаётларидаги ўзгаришлардан бир олам куч оламиз. Мана, бу гал ҳам Андижон вилоятининг Хонобод, Асака каби шаҳарларидаги ҳарбий қисмларда учрашувлар ўтказар эканмиз, ҳар бир анжумандан руҳимиз қувватланиб чиқади.
Муҳтарам Президентимизнинг ҳарбийларни камолга етказадиган лицейларга «Темурбеклар мактаби» дея қайта ном бергани, ижтимоий ҳаётда хулқи, фаолияти билан алоҳида эътирофга сазовор бўлган ёш йигитларимиз учун «Мард ўғлонлар» мукофотининг таъсис этилиши эртага жанговар сафга ҳар тарафлама камолга етган, қилганда иши, гапирганда сўзи билан кўрганларни қойил қолдирадиган йигитлар кириб келишига имконият яратганига шубҳа йўқ. Демак, эртага Ватанга хизмат қилиш, Ватан сарҳадларини қўриқлаш том маънода юрак ишига айланади. Ўғлонларимиз ҳарбий хизматга муҳаббат майдонларига ошиққандек ошиқадилар…
Шундай фараҳбахш лаҳзаларда беихтиёр ўтган кунлар ёдга келади. Менинг тоғаларим, амакиларим уйимиздан минг-минг километр узоқларда, бегона ўлкаларда ҳарбий хизматни ўтаганлар. Ёзган хатлари бир ой, бир ярим ойларда етиб келар, бувиларимиз, келинойиларимизнинг юзлари хат кутиб сарғаяр эди. Мана, энди уларнинг неваралари чақирсанг, овозинг етгудай жойда ҳарбий хизмат ўтаяптилар. Соғинганда дийдорлашадилар. Энг муҳими, кўнгил тинчлиги. Чунки мамлакатимиз раҳбарининг тинчликсевар сиёсати боис қўни-қўшни, қариндошлар, барча узоқ-яқин мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ўрнатилгани, ўрнатилаётгани осойишта юртимизга яна ҳам осудалик бахш этмоқда. Бу кайфият ота-оналарнинг ўз ўғлонларини ҳарбий хизматга байрамона руҳда кузатиб қолаётганидан ҳам сезилади. Аскарлик ҳаётига қадам қўйиш муносабати билан ­қасамёд қабул қилиш тантанаси ҳам худди шу руҳда ўтади.

Бугунимиздан нечоғлик қувонмайлик, барибир кечани ҳам тез-тез эслаб туришимиз керакдай туюлади. Қишлоғимизда Жамила опа исмли аёл бўларди. Унинг бир давра қизлари орасида якка-ю ягона ўғли бўлиб, унинг исми Холмат эди. Холмат Тошкентдаги политехника институтининг ҳозирги Тошкент давлат техника университети кечки бўлимида ўқиб юрганида ҳарбий хизматга олиб кетилади. Холмат ота-онасига дастлабки кунларда: «Мен Германияда хизмат қиляпман», деб хат ёзади. Ота-онаси ҳам «Ўғлим Германияда хизмат қиляпти», деб юришади. Аммо кунларнинг бирида Афғонистондан темир тобут келади. Ўшанда қишлоғимизда қиёмат қўпганини эслайман. Жамила опага темир ­тобут­ни олиб келган ҳарбийлар очишга рухсат беришмайди. Шунданми, яъни ўғлининг совуқ дийдорини кўрмаганиданми, кейинчалик Жамила опа фолбинлар, башоратчилар — ҳар кимларга эшикма-эшик, сарсон-саргардон юради. «Ўғлинг тирик», деганларга зебу зийнатларини тарқатиб, қўллари, бармоқлари бўшайди. Бир мунча фурсат ўтгач, шу аёл ўғлининг доғида куя-куя паришонхотир бўлиб қолди. Худога минг шукрким, бундай фожиалар ўтмишда қолди. Аскар йигитларимиз орасида ўтаётган маънавий-маърифий дарслар, тарихдан сабоқлар — ҳамма-ҳаммаси ўғлонларимизнинг фуқаро сифатида уйғонишларига, бугуннинг қадрини теранроқ ҳис қилишларига ёрдам бермоқда.
…Мактабларда ўтказиладиган иншолар танловида тез-тез ҳайъат аъзоси сифатида иштирок этамиз. «Келажакда қандай касб эгаси бўлишни истайсиз?», «Менинг орзуим» деган мавзулардаги иншо муаллифларининг ярмидан кўпи: «Мен ҳарбий кийимдаги аскарларни кўрсам ,ҳавасим келади. Улар Ватан ҳақида қўшиқлар айтиб, бир саф бўлиб ўтса, сафларига қўшилгим келади» тарзидаги сўзларни ёзишади. Бундай дил сўзларни фақат ўғлонларимиз эмас, қизларимиз ҳам битишади.
Оналаримиз, оталаримиз давраларда «Ўғлим ҳарбий» ёки «Ўғлим ҳарбий хизматда» дея ҳамммани оғизларини қаратишади.
Ана шу истак ва ифтихорларда яқинда нишонланадиган байрамнинг асл моҳияти намоён бўлади. Юрак­лардан, кўнгиллардан, орзу-истаклардан бошланадиган ушбу байрам халқникидир, ҳамманикидир. Барчани шарафли байрам билан табриклаб, қутлов сўзларини айтар эканман, гапимиз аввалидаги шеърнинг ниҳояси ёдга келади:

Озод Ўзбекистон, озод ўзбеклар,
Ҳар ҳарфи бир шунқор – ушлаб турар туғ.
Шунқорим, туғингни баландроқ тикла,
Дунёда бундан-да гўзал унвон йўқ.

Қутлибека РАҲИМБОЕВА,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган
маданият ходими

Бошқа хабарлар