Норинхўрликнинг гашти ўзгача

224

Янги йил ва турли байрамлар дастурхонига кўпчилик «норин» тайёрлашни хуш кўради. Чунки бу ­таомни тайёрлаш жараёнининг ўзи ўзгача-да…

Болалигимда бувижонимнинг қизи бўлганман. «Уйда ёлғиз қолиб кетяпман. Менга эш бўлади», дея беш ёшга қадар боғчага бердирмаганлар.
Хуллас, бувижоним билан иккимиз эрталабдан «норин»ни тайёрлашга уринамиз. Бувижоним (худо раҳматига олсин) «бош ошпаз», камина эса «ёрдамчи». Хамирни тайёрлаб, кулчатойни пишириб олгунча пешин бўлиб қоларди. Кулчатой пишгач, уни сувидан селгитиш учун саватнинг атрофига ёйиб олинар ва озгина селгигач, хамир ёғланиб лаганга устма-уст тахланаверади. Шунинг орасида хамирнинг майинроқ жойини ёғлаб «Диличка, ма еб ол», (бувижоним мени шундай эркалардилар) дея менга илинардилар. Гўшт пишгунга қадар камина «бош ошпаз»га қарашиб, чарчаган чоғларим битта уйқуни уриб олардим. Бу вақт ичида бувижоним қўйларга ем-сувини бериб, ўзларини озгина чалғитган бўлардилар.
«Норин»нинг гўшти ҳам ўзгача. Чунки норинхўрликни режалаштирган оила аввалроқдан, бир ой, ҳеч бўлмаганда бир ҳафта аввал мол гўштини ва қўйнинг тўшини яхшилаб тузлаб ва зиралаб чангакка илиб қўйилади. Биз тайёрлаётган таомга ана шундай гўштдан солинса, бундай «норин»ни емасликнинг иложи йўқ. Кўпчилик от гўштидан тайёрлайди бу таомни. Бундай қарасак, гўштнинг у тури ҳам кучли, бу тури ҳам. Хамир совуқлик бўлгани учун унга иссиқлик гўшти асқотади-да. Гўшт ва қази пишаётган шўрвага битта пиёз ва уч-тўртта помидор қоқи солинади. «Норинпошшо»ни қуруқ ёки шўрвали қилиб тановул қилиш мумкин.
Оила аъзоларимиз ишдан қайтгунга қадар биз гўштларни тўғраб қўярдик. Сўнг ҳамма дастурхон атрофига ўтириб, хамир тўғрашга тушиб кетарди. Бу жараён тугагач, хамир билан гўшт аралаштириш жараёни бошланади. ­Дастурхон усти плёнка билан қопланган бўлади, албатта. Дастурхонга хамирни кенг ёйиб устидан гўшт, таъбга кўра зира ва яна ­мурч сепилади. Бу ҳол 3-4 маротаба такрорланади ва дастурхоннинг тўрт томонидан тўрт киши ўртага яхшилаб аралаштириб келаверади.
Мана, норин ҳам тайёр. Шошилманг. ­Таомни паққос туширишга яна пича вақт бор. Энди таомнинг мазасини кўриш керак. Бувижоним ўтирган жойларида бирма-бир ошалатишни бошлайдилар. Ошалаш оиланинг «энг каттаси», яъни каминадан бошланади. Айни шу жараён ўзгача бир хислатга эга. Худди дўконда бир нарса харид қилиш ниятида навбат кутиб тургандай оила аъзолари навбатма-навбат келаверадилар, хонадоннинг улуғи бирма-бир ошалатаверади. Шундан сўнг­гина хонадон ёш аёл-қизлари дарровгина дастурхон тузаб, «норинпошшо» дастурхонга тортилади. Қизиғи, қорни тўйган, ғам-ташвиши йўқ камина «энди менга рухсат», дегандай ҳаммадан олдин ухлаб қолардим.
Болалик ўтиб, вояга етиб, турмуш қургач, худди шу удум турмуш ўртоғимникида ҳам давом этди. Энди бу хонадонда мен хамир қилиб ёювчи, икки овсиним кулчатой пиширувчи, қайнонам (худо раҳматига олсин) ва икки қайним хамирни селгитиб, ёғлаб тахловчи. Бу орада қайнонам помидор қоқини қайнатиб, чопқи билан майдалаб, майда тўғралган пиёз билан аралаштириб, ёғланган кулчатой ичига тайёрланган масаллиқни суриб, ликопчага солиб, мен ва овсинларимнинг олдига «еб-еб ишингизни қилинг», дея қўйиб кетардилар. Вой, бундай кулчатойни емабсиз, дунёга келмабсиз.
Кун тартибида «норинпошшо» бўлган куни уй-жойи бўлак қайин акалар ҳам хотин, бола-чақаси билан бизникига меҳмонга келишарди. Алоҳида таклиф қилинишмасди, бугун ота-она хонадонида «норин» дея хабар берилса бас, кечга қадар ҳамма жамулжам бўларди.
Ҳа-я, яна бир нарсани таъкидлаб ўтишим шарт. Қон босими борларга бу таомни жуда эҳтиёткорлик билан тановул қилишни маслаҳат бераман. Чунки сур гўшт, от гўшти ва қазилар қуввати анчайин баланд ҳисобланади. Шу билан бирга, кучли таом бўлгани учун унинг ошқозонда ҳазм бўлиши ҳам қийин­роқ кечади. Мана шу ҳолга дучор бўлмаслик учун «норинпошшо» аввалдан майда қилиб тўғралган пиёз, мурч билан аралаштирилиб таом билан бирга тортилади.
Ҳа, катталар ўтиб кетишди. Бизлар ҳам улғайдик. Фарзандлар ҳам оила қуриб, секин-секин кўпайиб боришмоқда. Ҳали ёшроқлари оила қуриш остонасида. «Норинпошшо»ни тайёрлаш удуми эса ҳамон давом этиб келмоқда ва умид қиламизки, бундан буён ҳам давом этаверади. Чунки у оилаларни бирлаштирувчи ва дийдор ғанимат деганларидай, жигарлар ўртасида меҳр-оқибатни ­мустаҳкамловчи таомлардан бири.

Дилором ХУДОЙБЕРГАНОВА

Бошқа хабарлар