Профилактика тадбирлари хўжакўрсингами?

228

Президентимизнинг 2017 йил 14 мартдаги қарори билан ҳафтанинг пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланди. Қарорга мувофиқ ички ишлар органлари таянч пунктлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ҳамда бошқа давлат идоралари ва ташкилотларида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича фуқароларнинг сайёр қабуллари, суд муҳокамалари бўйича сайёр суд, жиноятчиликнинг олдини олиш борасида тарғибот-ташвиқот ишлари, йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича рейдлар, фоҳишалик, ичкиликка ружу қўйиш, гиёҳвандликни одат қилганлар билан профилактик тадбирлар… ўтказилиши белгилаб қўйилган.

Қарор ижроси доирасида амалга оширилган кенг кўламли ишлар натижасида 2017 йилнинг 10 ойи мобайнида республика миқёсида умумий жиноятлар сони аввалги йилнинг шу даврига нисбатан 14 фоизга, жумладан, талончилик 16 фоизга, босқинчилик 19 фоизга, қотиллик 21 фоизга, товламачилик 22 фоизга, безорилик 34 фоизга камайишига эришилган. Аёллар ўртасида жиноят содир этиш ҳолатлари 16 фоизга, ёшлар ўртасида 14 фоизга, вояга етмаганлар ўртасида 17 фоизга қисқарган. Аҳоли ва жамоатчилик билан яқин ҳамкорлик ва мулоқот ўрнатилиши оқибатида 1 минг 243 маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмаган.
Ҳисоботдаги рақамлар, албатта, кўнгилга илиқлик бахш этади. Унинг ортида минг­лаб ички ишлар ходимларининг заҳматли меҳнати, ҳаловатсиз тунлари ётибди. Бироқ…

Қўл синса, енг ичида

Президентимиз Шавкат Мирзиё­­ев ўтган йилнинг 9 феврал куни ички ишлар органлари фаолияти, тизимда мавжуд муаммо ва камчиликлар, истиқболдаги вазифаларга бағишланган видеоселекторда: «Ички ишлар органлари шундай ишлаши керакки, токи халқ давлатдан рози бўлсин. Лекин айрим жойларда уларнинг фаолияти одамлар эътирозига сабаб бўлмоқда», деган эди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси мавзусини ўрганиш чоғида бу гапларнинг айни ҳақиқатлигига тўла ишонч ҳосил қилдик. Тошкент шаҳри мисолида бир ой давомида олиб борган кузатувларимиз билан танишиб, ўзингиз хулоса чиқарарсиз.
Тошкент шаҳар ИИББ режаси бўйича 16 ноябр куни ўтказилиши мўлжалланган профилактика тадбирлари рўйхатини олгач, айрим манзилларнинг телефон рақамини топиб, мавзу юзасидан қўнғироқлашдик.
— Алло, ассалому алайкум. Учтепа тумани «Ширин» маҳалласими?
— Ҳа, эшитаман.
— Бугун ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни муносабати билан маҳаллада қандай тадбир ўтказилаяпти?
— Бугуннинг ҳисобидан ҳозирча ўтказилгани йўқ.
— Айни пайтда маҳалла билан бирга дизайн коллежида жиноятчилик бўйича муҳокама ўтказилиши керак эди-ку.
— Билмадим, бизга ҳозирча бу ҳақда ҳеч ким хабар бергани йўқ.
— Маҳалла раиси ва нозири қаерда?
— Ҳудудни айлангани яқиндагина чиқиб кетишганди.
Телефон гўшагини қўярканмиз, «Бу тадбирга масъул ички ишлар ходимлари айни пайтда нима қилишаётган экан?», «Маҳалла одам тўплаб бермаса, кимга тушунтириш ишлари олиб борилади?» каби қарама-қарши фикрлар хаёлдан ўтади. Сўнг­­ра кейинги манзил рақамига сим қоқдик.
— Шайхонтоҳур тумани «Новза» маҳалласими?
— Ассалому алайкум, эшитаман.
— Бугун пайшанба — ҳуқуқбузарлик­лар профилактикаси куни, шу муносабат билан маҳаллада қандай тадбир ўтказилди?
— Хабарим йўқ, мен бу ерда ишламайман.
— Унда кимсиз, маҳалла идорасида нима қилиб ўтирибсиз?
— Шу маҳаллада яшайман. Иш билан келгандим, бироз шу ерда ўтириб туришимни илтимос қилишди…
Айни пайтда ўтказилиши керак бўлган тарғибот-ташвиқот тадбири ҳақида билишга уриндик. Унинг айтишича: «Маҳалла ходимлари шу атрофда юрибди, лекин ҳозирча ҳеч қандай йиғин ҳақида гап йўқ».
Шу тарздаги суҳбатларимиз жараёнида Миробод тумани «Билимдон» маҳалласида профилактика тадбири ўрнига аҳолига ёғ тарқатилаётгани, «Софдил» МФЙ ходимлари эса ҳудуд нозирининг кимлигини ҳатто билмаслиги, профилактика тадбирларидан умуман бехабарлиги, Яшнобод тумани «Бойқўрғон» МФЙ ходимлари профилактика куни ҳақида маълумотга эга эмаслиги маълум бўлди. Яна ушбу тумандаги Мухтор Ашрафий номли ва Юнусобод туманидаги «Боғишамол» маҳаллаларида ҳам шунга ўхшаш ҳолат кузатилди.
Телефон орқали хабарлашувлар асносида гувоҳи бўлдикки, Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни тадбирлари кўплаб маҳаллаларда рисоладагидек ўтказилаётир. Мисол учун, Миробод туманидаги «Парвона», Юнусобод туманидаги «Ҳусниобод», Мирзо Улуғбек туманидаги «Нур» маҳаллаларида олиб борилаётган ишлар намуна бўларли даражада.
Тошкент шаҳар ИИББнинг 16 ноябрдаги ишлар ҳисоботига кўз ташласак, шу кунги профилактика тадбирларига жами 2 654 нафар ходим жалб этилган бўлиб, 8 та йўналиш бўйича профилактик-огоҳлантирув тадбирлар амалга оширилган. 21 та маҳаллада 20 та жиноят муҳокамаси, 18 та маҳаллада маъмурий ҳуқуқбузарликлар юзасидан сайёр суд, 21 та маҳаллада кўп қаватли уйлар ва якка тартибдаги хонадонларни техник қўриқлов пултига улаш ҳамда ижтимоий соҳа объект­ларига видеокузатув мосламаларини ўрнатиш каби масалалар кўриб чиқилган.

Минг эшитгандан бир кўрган афзал

23 ноябр, пайшанба. Соат 9:00. Чилонзор туманидаги «Шарқ» маҳалласидамиз. Қўлимиздаги режа бўйича айни шу вақтда ИИБ ходимлари томонидан маҳалла ҳудудида йўл ҳаракати хавфсизлиги бўйича рейд ўтказилиши белгиланган. Аммо бирор соат чамаси шу атрофда куймалансак-да, тадбир ташкилотчиларига кўзимиз тушмади. Сўнгра МФЙ идораси эшигини тақиллатдик. Маҳалла раиси билан суҳбатдан маълум бўлдики, ҳудудда рейд ўтказилиши ҳақида уларга ҳатто хабар ҳам берилмаган.
Бу вазиятдан бироз ҳайрон бўлганча қўшни маҳалла томон йўл оламиз. «Шароф» МФЙ маслаҳатчиси бизга маҳаллада қилинаётган ишлар ҳақида гапириб берар экан, хавфсизлик ва ободонлаштириш ишлари кўнгилдагидек олиб борилаётганини қистириб ўтди. Бироқ бугунги профилактика куни ҳақида ҳеч нима деёлмади. Маҳалла раиси ва нозири йўқлиги боис маслаҳатчи улардан ўтиб бирор нима дейишга иккиланди, назаримизда. Ҳудудда рейд ўтказиши керак бўлган ички ишлар ходимларидан эса ҳозирча дарак бўлмаган.
Кейинги манзил — Учтепа туманидаги «Фарҳод» маҳалласи. Идорада ҳеч ким кўринмади. Бу ерда кутиб ўтириб вақтни бой бермасдан, «Боғичинор» маҳалласида ўтадиган сайёр суд мажлисига ошиқдик. Соат 14:00 га яқин «Фарҳод» маҳалласига қўнғироқ қилиб, маҳалла маслаҳатчисидан 229-умумтаълим мактабида, чиндан ҳам профилактика тадбири ташкил этилиши кераклиги, аммо ҳеч қандай «муҳокама-пуҳокама» ўтказилмаганини билиб олдик.
Ҳайронсан киши, қўлимиздаги рўйхатда маҳалла раиси, профилактика инспектори ва Тошкент шаҳар ИИББ режасида қайд этилган ходимлар ҳамкорлигида жиноятлар муҳокамаси ўтказилиши кўрсатилган. Унда бунақа тадбирлар ҳақидаги ҳисоботлар ким учун — шуниси қизиқ.
«Ҳуқуқбузарликлар ўз-ўзидан содир этилмайди. Асосий масала ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф этишдан иборатдир», деган эди Президентимиз 15 ноябрда ўтказилган видеоселекторда.

Жазолаш эмас, даволаш керак

Учтепа туманидаги «Боғичинор» маҳалла фуқаролар йиғини биносини топгунимизча нақ она сутимиз оғзимдан келди. Негаки, МФЙ идораси Боғичинор кўчасида эмас, Лолазор кўчасида жойлашган экан. Сал аввал зикр этилган сайёр суд мажлиси худди шу манзилда ўтказилиши белгиланган эди. Хайрият, бир соатлар чамаси кечикиб бўлса-да ҳакамлар етиб келишди. Жами 11 та иш кўриб чиқилди: йўл ҳаракати қоидаларини бузиш (5), ҳуқуқбузарлик (2), ноқонуний тадбиркорлик (1), жамоат ­жойида ичкиликбозлик (1), Тошкент шаҳрида пропискасиз яшаш (1). Битта иш эса суд томонидан рад этилди.
Суднинг ўтгани эмас, унга ИИБ ходимлари томонидан қандай мазмундаги ишлар тақдим этилгани муҳим. Масалан, жамоат жойида алкогол ичимлиги ичганлиги учун уч нафар аёлдан жарима ундирилиши сўралган. Аммо муҳокама жараёнида ­айбланувчилар тақиқлов қўйилмаган жойда ичимлик истеъмол қилишганини айтишди. Буни ИИБ ходими ҳам тасдиқлади. Айбланувчиларга нисбатан огоҳлантириш ҳукми чиқарилди. Таажжубланасан, бу иш нима учун судга тақдим этилди-ю, қандай натижага эришилди?..
Кейинги ҳукмда Тошкент шаҳрида вақтинча пропискасиз яшаган олти йигит жавобгарликка тортилиб, ҳар бирига энг кам ойлик иш ҳақининг икки баравари миқдорида жарима белгиланди. Энди бу ёғини эшитинг, айбланувчиларнинг бири билан телефон орқали боғланганимизда ушбу ҳолат аслида биринчи марта юз бергани, лекин иккинчи марта деб расмийлаштирилгани, улар эса ИИБ ходимининг босими билан судда чурқ эта олишмаганини айтди.
Суд рад этган ишнинг мазмуни қисқача шундай: 1,5 яшар фарзанди эҳтиётсизлик сабабли оёғини кесиб олгани учун онадан жарима ундириш керак… экан. ИИБ ходимининг қайта-қайта «кўриб чиқмаса бўлмайди»сидан кейин судья Алишер Сатторов шундай деди: «Боласини кўтариб шифохонама-шифохона югуриб юрган онага қайси меъёрларга таяниб, қайси виждон билан жазо тайинлаймиз? Мен бунақа ишни кўриб чиқмайман…».

Танганинг ўнг томони

Кузатувимизнинг учинчи ҳафтаси, 30 ноябр — пайшанба куни кўпроқ ижобий ҳолатларга дуч келдикки, бундан ўзимиз ҳам ғурурландик. «Ракат», «Бошлиқ», «Дамариқ» (Яккасарой тумани), «Бешёғоч», «Кичик Хирмонтепа» (Чилонзор тумани), «Баҳор» (Мирзо Улуғбек тумани) сингари маҳаллаларда хавфсизлик профилактикаси кунидаги тадбирлар ўз ўрнида амалга оширилгани аниқланди.
Телефон орқали олинган хушхабарлардан хурсанд бўлиб, Яккасарой туманидаги «Қушбеги» маҳалласи томон шошилдик. Айни пайтида борган эканмиз, бир гуруҳ фаоллар жанжалли оилани яраштириш масаласи бўйича йўлга отланаётган экан. МФЙ раисининг таъкидлашича, пайшанба — ҳуқуқбузарлик профилактикаси куни деб эълон қилингач, мунтазам ташкил этиб келинаётган тарғибот-ташвиқот ишлари ўз самарасини бермоқда. Жорий йилда маҳалла ҳудудида жиноятчилик ўтган йилгига нисбатан икки баробар камайган, фақат икки фуқаро енгил жиноят содир этган.
— Президентимиз ташаббуси билан ҳафтанинг пайшанба куни «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгиланганлиги халқимизнинг янада хавфсиз ва осойишта яшашига шароит яратди, — дейди Шайхонтоҳур тумани ИИБ вояга етмаганлар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликлар профилактикасини ташкил этиш гуруҳи инспектори, катта лейтенант Ғайрат Абдусамадов. — Олиб борилаётган тезкор чора-тадбирлар натижасида юртимизда содир этилган жиноят ва ҳуқуқбузарликлар сони кескин камайди.

Яна бир гап

Кузатувларимиз натижасида яна шунга амин бўлдикки, профилактика тадбирлари ўтказилиши олдиндан режалаштирилса-да, МФЙ ходимларининг бир кун олдин, баъзан кечаси хабардор қилиниши ёки ИИБ ходимларининг белгиланган манзилга келмай қолиши ҳолатлари учраб турибди.
— Маҳалламизда бирорта жиноят содир этган шахс йўқ. Маҳалла тинчлиги ва аҳоли уюшқоқлиги ҳам шунга яраша, — дей­ди «Бўрижар» МФЙ маслаҳатчиси Манзура Баҳромова. — Сайёр судларнинг ташкил қилингани аҳоли учун анча қулай бўлса-да, лекин бошқа маҳаллада яшовчи фуқаро содир этган жиноятни ўзга маҳаллада суд қилиш, менимча, бироз нотўғридек.
Албатта, бу жиҳатлар ҳам бор. Қош қўяман деб кўз чиқариш эса масалага юзаки ёндашишдан келиб чиқади.

Профилактика куни —дам олиш куни…ми?

Пойтахтимиз бўйлаб узоқ чўзилган саёҳатимизнинг охирги пайшанбаси — 7 декабр куни маҳаллаларга эмас, хорижга чиқиш-кириш, фуқароликни расмийлаштириш бўлимларига бориб, ёпиқ эшиклар олдида келди-кетдини кузатдик.
Учтепа тумани ички ишлар бошқармасининг хорижга чиқиш-кириш, фуқароликни расмийлаштириш бўлимига айни чошгоҳ пайти иш билан келган ўттизга яқин фуқаро ҳафсаласи пир бўлиб қайтиб кетди. Сабаби… Бинога кираверишда ўқловдай ҳарфлар билан «Пайшанба куни аҳолига хизмат кўрсатилмайди» деб битиб қўйилган эди.
— Пайшанба кунининг «Ҳуқуқбузарлик­лар профилактикаси куни» деб эълон қилингани яхши, албатта. Шу муносабат билан қандай ишлар амалга оширилаётгани, уларнинг ижобий натижаларидан ҳам матбуот орқали хабардор бўлиб боряпмиз. Аммо профилактика куни экан деб, ўша куни аҳолига хизмат кўрсатмасликни, билмадик, қандай тушуниш мумкин, — дейди юртдошларимиздан бири. — Мана, бугун болаларимни қўшнига ташлаб, паспорт масаласида келдим. Фалон иш кунидан кейин учрашинг, дейишганди. Санаб чиқсам, айни бугун экан. Пайшанба куни аҳолига хизмат кўрсатилмаслиги тушимга кирибдими? Биргина мен эмас, қанча одам овора бўлиб қайтиб кетаяпти. Ахир, профилактика тадбирлари бир соат бўлар, икки соат бўлар, кун бўйи давом этмайди-ку!..
Мирзо Улуғбек тумани ИИБ хорижга чиқиш-кириш, фуқароликни расмийлаштириш бўлими биносида таъмирчиларга дуч келдик. «Бугун ходимлар келмайдими?» деган саволимизга уста йигит: «Йўқ, шунинг учун ҳам девор бўяяпмиз», деди. Ортимизга қайтаётиб, посбондан қабул кунларини суриштирганимизда: «Пайшанба ва якшанба қабул йўқ, қолган кунлари эса бемалол келаверишингиз мумкин», деган жавобни олдик.

Сўнгсўз

Мамлакатимизда ҳуқуқбузарликларнинг оқибатлари билан курашиш эмас, балки барвақт олдини олиш, содир этишга имкон берган сабаб ва шарт-шароитларни ўз вақтида бартараф қилишдан иборат янгича механизм жорий этилди.  Ҳар ҳафтанинг пайшанба куни — «Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси куни» этиб белгилангани жойларда ижобий самара бермоқда. Бу борадаги ўн ойлик ҳолат акс этган аниқ рақамларни мақоламиз аввалида келтириб ўтдик.
Шу йил 15 ноябрда Президент ­Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида барча саъй-ҳаракатларга қарамасдан, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича камчиликлар ҳали кўплиги, уларни бартараф этиш ва соҳадаги аҳволни ўнглаш, берилган топшириқларнинг қатъий ижросини таъминлашда давлат идоралари, маҳалла фаоллари ва бошқа жамоатчилик тузилмаларининг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш лозимлиги таъкидланди. Ҳуқуқбузарликлар профилактикасида хизмат интизоми ва қонунчиликни кучайтириш, ички ишлар идоралари таркибига адашиб кириб қолган, масъулиятни тўла англамасдан, фуқароларнинг ҳақли эътирозларига сабабчи бўлаётган ходимлардан тозалаш масаласи доимо долзарбдир, деди давлатимиз раҳбари.
Ҳар бир масалада сидқидилдан ёндашувгина ижобий натижа бериши мумкин. Ана шундагина кўзланган мақсадга эришилади.

Сулаймон ҲАЙДАРОВ,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар