Пластик хирургия: ҳа ёки йўқ?

274

Авваллари қоматимиз, ташқи кўринишимиз табиат томонидан ёки наслимиздан бизга мерос сифатида тақдим этилар эди. Бугун эса, тиббиёт шу даражада тараққий этиб кетдики, натижада тана аъзоларимизни ўзимиз хоҳлаганимиздек кўринишга келтириш, идеал қомат ёки кўриниш эгаси бўлиш имконига ҳам эга бўлмоқдамиз.

Ўз-ўзидан савол туғилади: Соғлиқ борасида «мода» кетидан қувиш тўғрими? Балким бу мода эмас, давр талабидир. Тиббиёт фанлари номзоди, олий тоифали жарроҳ Хамидулла Асадов билан суҳбатимиз шу ҳақда.
— Авваламбор, пластик жарроҳлик ҳақида озгина тушунча бериб ўтсам, — дейди Ҳамидулла Фатхуллаевич. — Пластик жарроҳлик иккига — конструктив жарроҳлик ва эстетик жарроҳликка бўлинади. Конструктив пластик жарроҳлик, бу инсондаги туғма ёки орттирилган нуқсонларни тузатиш ҳисобланса, эстетик плас­тик жарроҳлик эса янада чиройлироқ кўриниш билан бевосита боғлиқдир.
— Айни пайтда қовоқни олдириш, кўзни катталаштириш, қулоқ ва бурунлар шаклини ўзгартириш ҳоллари жуда кўп учрамоқда. Табиийлик йўқолиб кетмаяптимикин..?
— Албатта, ҳеч нарса табиийликка етмайди. Аммо, бугунга келиб, айниқса, аёллар орасида қовоқни олдириш ҳоллари кўп учрайди. Бир нарсани ёдимиздан кўтармаслигимиз керак. Инсон организми борган сари қариб боради. Қариликка даво йўқ, лекин эстетик жарроҳлик орқали аёлларимиз ўзларининг кўринишларини 5, 10, 15 йилга камайтиришлари мумкин. Ҳар бир нарсанинг ўз муддати бўлгани каби эстетик жарроҳликда ҳам муддат ўз сўзини айтмай иложи йўқ. Шундай экан, олдирилган қовоқлар орадан 5 ёки 10 йил ўтгач, яна ўзининг асл ҳолига келиши эҳтимолдан холи эмас. Ёки кичиклаштирилган қулоқлар, шакли ўзгартирилган бурунлар яна эстетик операцияга муҳтож бўлиши мумкин. Тиббиётда кафолат деган тушунча бўлмайди. Тирик организмнинг кунига ўзгариши бунга яққол сабабдир.
— Эстетик жарроҳликнинг соғлиққа зарари борми?
— Танганинг икки томони бўлганидек, зарари эмас, фойдаси ҳам бор, дейишимиз мумкин. Чунки қисиқ кўзларни катталаштириш туфайли кўриш майдони янада кенгаяди. Тажрибамдан келиб чиқиб шуни айтишим мумкинки, ринопластика (бурун пластикаси) амалиётида кўпинча ички бурун тўсиқлари ҳам текисланади ва нафас олиш функциялари бир мунча яхши фаолият кўрсатади.
Кези келганда, қориндаги ёғларни олдириш хусусида ҳам тўхталсам. Маълумки, ўзбек халқи болажон халқ. Аёлларимиз камида 3 фарзандни дунёга келтиришади. Бу эса ўз-ўзидан қоматнинг бузилишига, қориннинг осилиб қолиши, қорин чурраларининг пайдо бўлиши ва ортиқча ёғлар йиғилишига олиб келади. Бундай амалиётни ўтаган аёллар ёғлар билан бирга, қорин чурраларидан ҳам халос бўлишади. Ўзларини анча енгил ва чаққон ҳис этадилар. Маълум муддатдан сўнг жисмоний машқлар билан ҳам бемалол шуғулланишлари, одатдагидек турмуш тарзини олиб боришлари мумкин.
Мутахассис сифатида шуни таъкидлаб ўтаман. Инсоннинг ўзига бўлган ишончи юқори бўлса, яъни табиат томонидан инъом этилган кўринишидан мамнун бўлса, у ҳеч қачон эстетик пластик жарроҳликка мурожаат қилмайди. Агарда шунга қарор қилган бўлса, мазкур амалиётни, албатта, режа асосида амалга оширгани маъқул. Яъни:
-малакали мутахассисга мурожаат қилиши;
-зарурий қон таҳлилларини топшириши;
-юрак фаолиятлари текшируви;
-қон касалликлари;
-соғлом бўлиши зарур.
Шуни ҳам ёдда тутингки, пластик операциянинг так­рор ва такрор амалга оширилиши, албатта, соғлиққа зарардир. Эстетик пластик жарроҳликни амалга оширишдан мақсад инсоннинг асл кўриниши ўзгариши эмас, балки унга озгина мукаммаллик қўшишидан иборат бўлиши керак.
Эстетик пластик жарроҳликдан сўнг юз мушаклари аввалгидек фаол ҳаракатда бўлмайди, деб ўйловчилар ҳам бор. Бу, албатта, нотўғри фикр. Агарда бу амалиётлар инсон саломатлигига заррача зарари бўлганда, Соғлиқни сақлаш ва илмий текшириш институтлари каби ташкилотлар эстетик пластик жарроҳликка рухсат бермас эди. Эстетик жарроҳлик ташқи кўринишни бошқа аъзоларга зиён етказмаган ҳолда мукаммаллаштириш демакдир.
Аёллар доимо ўзларига ишонч билан боқишлари муҳимдир. Аммо, шуни ҳам унутмаслик лозимки, атроф­даги, айниқса, машҳур инсонларга тақлид қилиб, ташқи кўринишини ўзгартириш, бу мутлақо нотўғридир. Ташқи кўринишни ўзгартиришдан олдин, бу ҳақиқатдан керакмикан, деб ўз-ўзингизга савол беринг! Балки, тўғри турмуш тарзини олиб бориш билан буларни ўзгартириш мумкиндир ҳам…
Инсон доимо ҳамма нарсанинг энг сарасини яхши кўради. Бугун кўринишини махсус жарроҳлик орқали яхшилаган мижозлар эртага бундан-да мукаммал кўринишга эга бўлишни истаб қолишлари ҳеч гап эмас. Бунинг оқибатида эса инсон асл кўриниши ва гўзаллигини буткул йўқотади. Тиббиётда бу каби амалиётлар омадсиз жарроҳлик деб аталади. Бунга Майкл Жексон, Версачи каби машҳур инсонларни мисол қилиб келтириш мумкин. Инсон ўз вақтида тўхташни ҳам билиши керак.

Зара Абдужаббор

Бошқа хабарлар