Ўхшаши йўқ, беқиёс таъриф

248

Ватан сўзига таърифлар беқиёс. Қарши шаҳрида барпо этилган 54 хонадонга мўлжалланган, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари учун топширилган янги кўп қаватли турар-жойни айрича фахр ва меҳр билан кузатарканман, Ватан сўзига мана шу хонадонлар соҳиблари, бекалари, фарзандлари юз-кўзидан энг муносиб таърифни уққандек бўлдим. Чунки энди уларнинг Ватан ичра кичик Ватани — ўз уйлари бор.
— Ижарада турган маҳалимиз ўз уйимиз бўлишини жуда-жуда хоҳлардим. Энди бизнинг ҳам шинам, ёруғ уйимиз бор, — ­дейди катта сержант Аслиддин Қурбоновнинг турмуш ўртоғи Лола Келдонова. — Янги уйимиз фарзанд­ларимизга жуда маъқул бўлди. Унда барча қулайликлар муҳайё этилган. 4-синфда ўқийдиган ўғлим Бекзоджон ўртоқларини етаклаб келибди. Хоналарни бирма-бир кўрсатиб чиқди. Янги йилни янги уйда кутиб олганимдан шодлигимнинг чеки йўқ. Бизларга кўрсатилаётган ғамхўрликдан миннатдорман.
Уй-жойлар атрофи кўзни қувонтирадиган даражада ободонлаштирилган. Манзарали ва мевали дарахтлар шу ерда улғаядиган болажонлар билан баб-баравар вояга етиб бораверади. Турли аттракционлар билан жиҳозланган мўъжазгина болалар майдончаси шўх-шодон кулгилардан янада файзиёб.
* * *
Навоий шаҳридаги «Бун­ёдкор» маҳалласида ҳам ҳарбий хизматчилар учун уч қаватли 36 хонадонга мўлжалланган иккита уй фойдаланишга топширилди.
Янги уйга эга бўлган оилаларнинг ҳар бир аъзоси юз-кўзида акс этган кўтаринкилик, самимият ва хурсандчилик, чуқур миннатдорлик ҳисларини сўз билан ифодалаш мушкул. Уларга қўшилиб, сиз ҳам беихтиёр дил-дилдан яйраб кетасиз.

Азиз НОРҚУЛОВ

Бошқа хабарлар