Қалбларга умид бағишлаб

391

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 12 сентябрдаги «Аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори эҳтиёжманд инсонларнинг турмуш фаровонлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий аҳволи ҳамда маиший шароитларини яхшилаш имконини бермоқда. Мазкур Қарор ижроси юзасидан Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси томонидан Ишчи гуруҳи тузилиб, республикамизнинг барча ҳудудларида кам таъминланган оилаларнинг ижтимоий-маиший аҳволи ўрганилди ҳамда уй-жой ва маиший техника билан таъминлаш, яшаш жойларини таъмирлаш, тиббий хизмат борасида амалий ёрдамга муҳтожлар аниқланди.

Таъкидлаш жоизки, Президентимиз ташаббуси билан мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш, жамиятда меҳр-оқибат, бағрикенглик ва хайр-саховат муҳитини янада мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатлар натижасида бугунги кунга қадар республика бўйича 22 минг 155 та оила кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари билан таъминланди. Кам таъминланган оилаларда истиқомат қилувчи 851 нафар бемор инсоннинг соғлигини тиклаши учун 2 миллиард 191 миллион сўмдан зиёд, 1307 та оилага уй-жойини таъмирлаш учун эса 8 миллиард 577 миллион сўмдан ортиқ моддий ёрдам кўрсатилди.
Ижтимоий ҳимояталаб, кўнгли ярим инсонларга кўрсатилаётган юксак эътибор бугун ўз натижасини бермоқда. Энг муҳими, кўрсатилаётган амалий ёрдамлар энг чекка қишлоқ ва туманларда яшаётган ижтимоий ҳимояталаб оилаларга манзилли етказилмоқда.

Ана шундай хайрли тадбирлардан бири пойтахтимизнинг Олмазор туманида ўтказилди. Тадбирда туманда истиқомат қилаётган 111 нафар эҳтиёжманд, кам таъминланган, боқувчисини йўқотган оилалар вакиллари кундалик турмушда зарур бўлган маиший техника жиҳозлари, хусусан, замонавий кир ювиш машиналари, газ плиталари, чангютгич ва кичик печлар билан таъминланди.
Бу каби тадбирлар Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Учтепа, Миробод, Яккасарой, Юнусобод, Сирғали каби туманларда ҳам ташкил этилди. Ушбу тадбирлар доирасида 900 нафардан ортиқ ижтимоий ҳимояталаб, ногирон оила аъзосини парваришлаётган, боқувчисини йўқотган оилаларга замонавий маиший техника жиҳозлари топширилди. Шунингдек, Тошкент шаҳри миқёсида 110 нафар эҳтиёжманд фуқаронинг уй-жойларини таъмирлаш, 70 нафарга яқин бемор инсонга соғлиғини тиклаши учун амалий ёрдам кўрсатиш ишлари изчил олиб борилмокда.
— Хайрли ишларнинг аввалида эҳтиёжманд оилалар кундалик турмушда асқотадиган маиший-техника жиҳозлари билан таъминланиб, саломатлигини мустаҳкамлашда кўмакка муҳтож инсонларга амалий ёрдам кўрсатилди, — деди Тошкент шаҳар касаба уюшма ташкилотлари бирлашмаси бўлим мудири Равшан Махамадалиев. — Ҳозирда эса кам таъминланган оилаларнинг уй-жойга бўлган эҳтиёжларини қондириш, турар-жойларини таъмирлаш, оилаларнинг иқтисодий аҳволини яхшилашга кўмаклашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Олмазор туманида ташкил этилган тадбирда ­эҳтиёжманд оилалардан бири — Тансиқбоев-3 даҳаси, 34-уй, 13-хонадонда истиқомат қилаётган Лола Раҳматовага Президент совғаси топширилди.
— Уч нафар фарзандни тарбиялаяпман. Болаларни ёлғиз тарбия қилиш аёл кишига осон эмас, рўзғордан орттириб уй жиҳозлари сотиб олишга имкониятим етмайди. Бугун менга совға қилинган ўзимизнинг миллий маҳсулот — «Артель» газ плитаси хақиқий маънода хонадонимга илиқлик олиб кирди, — деди кўзига севинч ёшлари тўлган Л.Раҳматова, — Ўтган 2017 йил Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили деб эълон қилинганида, кўнглимда қандайдир умид уйғонган эди, мана бугун олган совғам орзуларим рўёбига айланди. Президентимизнинг биз каби инсонларга кўрсатаётган ғамхўрликлари эртамиз янада порлоқ бўлишидан далолатдир.
Шунингдек, тадбир доирасида тумандаги «Аллон» маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилаётган эҳтиёжманд оилалардан бири — 1-гуруҳ ногирони Машкура Ваҳобова холидан хабар олиниб, унга замонавий кир ювиш машинаси ҳадя этилди.
— Мамлакатимизда Президентимиз томонидан оддий одамларга кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлар бизнинг хонадонга ҳам етиб келди, — деди ҳаяжонини яшира олмай Машҳура Ваҳобова. — Бундан кўнглимиз тоғдек юксалди. Ўзим ва ўғлим ногиронлигимиз туфайли кўнглимиз ўксик эди. Ҳозир эса ўзимда алланечук куч сезиб, фаол ҳаётга кириб келгандек бўлдим. Биз каби ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга кўрсатилаётган бундай юксак эътибор учун Президентимизга мингдан-минг раҳматлар айтамиз, қўлларимиз эса доимо дуода — юртимиздаги тинчлик-­осойишталик абадий, бундай хайрли ишларни амалга ошираётган яхши инсонлар омон бўлсин.
Таъкидлаш зарурки, мамлакатимизда амалга оширилаётган мазкур тизимли тадбирлар аҳоли ўртасида кам таъминланганлик даражасини камайтириш, халқимизнинг турмуш фаровонлигини ошириш, энг муҳими, оддий одамларнинг фаровонлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Муҳаббат ЎРМОНБЕКОВА,
ЎзКУФК матбуот котиби.
Муқаддас РАЗЗОҚОВА,
«Ishonch» мухбири.
Икром ҲАСАНОВ олган суратлар.

Бошқа хабарлар