Ҳаётий сабоқлар

138
45779081 - young man is looking at the sunrise.

Давр ўзгариши одамларнинг дунёқараш ва ҳаёт тарзига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Миллий ва умуминсоний ­қадриятлар қарор топган хонадонларда тарбия топган кишиларгина ўзлигини унутиб қўймайди.

* * *

Барча ишларда ва ҳамма жойда ўзи учун манфаат излайдиган одамнинг яхшилиги «коса таги нима коса» нақлини эслатади. Ундайлар сигирга бир боғ хашак ташлаб, бир пақир сут соғиб олмагунча бир қадам нари силжимайди.

* * *

Лайчанинг акиллашини, кўпда мушоҳада қилмай, уй эгасига садоқат белгиси, дея хулоса чиқариб қўя қоламиз. Аслида, чиндан ҳам шундай бўлиши керак. Лекин чуқурроқ ўйлаб кўрилса-чи? Балки у ўзидан чўчиб, уй эгасини ёрдамга чақираётгандир?..

* * *

Невара сўради:
— Дада, қарғалар мактабга борганда, нуқул «беш» баҳога ўқирди-а?
— Нега унақа деяпсан?
— Кеча телевизорда дўхтир опа айтдиларки, ёнғоқ еб турган одамларнинг хотираси кучли бўлади, ўқиган ва кўрганларини эслаб қолади. Қарға эса ёнғоқхўр, шундай эмасми?..

* * *

Ҳафталикда ўқиб қолдим: инсон туғилгани ҳамон қаримоққа бошлайди, деган фикрни илгари сурибди катта унвонлар эгаси бўлган олим. Бўлмаган гап. Мантиқан ўйлаб, мушоҳада қилиб кўрайлик-а. Чўққига чиқмай туриб, қанақасига чўққидан тушиш мумкин?
Шу ўринда бир мулоҳаза: чўққига ҳар ким турлича вазиятда кўтарилади. Лекин чўққидан ўзи тушган одамгина ҳеч кимга тобе бўлмайди.

* * *

Бир чеккада мунғайиб ўтирган болакайдан сўрашди:
— Нега хомушсан?
— Анови ўртоқларимнинг ўзларида йўқ севиниб, беҳуда нарсаларга қимматли вақтларини совуришаётганидан.
— Ахир ёшлик ўйин-кулги учун берилган-да!
— Унда қарилик-чи? Бош чангаллаб, пушаймон бўлиб ўтириш учунми?..

* * *

Сантиметр, метр, километр… Лекин аксарият ўз қаричи билан ўлчаб кўришни маъқул билади.
Грамм, килограмм, тонна… Лекин ҳар ким ўз имкониятидан келиб чиқиб, салмоқлаб кўриш пайидан бўлади.
Ҳамма бир-бирини эшитади. Лекин ўзи айтган гап айни ҳақиқат бўлиб туюлаверади.

* * *

Йилларнинг ҳамма тузатиши ҳам хуш ёқавермайди. Оғриқ уйғотиши, азобга қўйиши мумкин баъзида. Лекин, начора, қандай бўлса, шундай қабул қилишга мажбурмиз. Ҳар ҳолда, бу охиргиси эмаслиги кўнгилга таскин беради, умид уйғотади кишида…

* * *

Минг елиб-югурганинг билан битмайдиган юмушлар ҳам кўп. Биттаси рўзғорми? Гоҳ гуруч, мош… сила тортиб, гоҳ ёғнинг таги кўриниб қолган бўлади. Бозор орала, дўконга чоп… Лоф бўлмаса, умримизнинг учдан бир қисми шу ишлар билан ўтиб кетади. Шунисига ҳам шукр. Буларсиз қолган икки қисми ҳам юракка сиғмасмиди…

* * *

Қўлини қаёққа узатса етади. Лекин одамлар бунга эътибор қилмай қўйганига анча бўлган. Чунки у ўзи учунгина қўл узатади.

* * *

Озода уй, озода кўча, озода маҳалла — бу масканда саришта, пок инсонлар яшайди…
Дарак гапми, ундов гапми, сўроқ гапми? Дарак гап бўлса, нур устига аъло нур. Ундов гап бўлса ҳам чидаш мумкин — жилла қурса ўнтадан битта одамга таъсир қилса не ажаб! Сўроқ гап бўлса… Унда, бирон-бир чора кўришга тўғри келади.

* * *

Бу дунёда қолиб кетадиган нарсаси бор одамларнинг яшашга иштиёқи кучли бўлади. Шунинг учун севиб, қизғаниб, рашк оловида куйиб-ёниб умргузаронлик қилишга одатланайлик. Йўқотиб қўйишдан қўрққан киши бу дунёни тарк этишни ўйлармиди?..

* * *

Бировларнинг пинжига кириб кун кўришга ўрганган одамларга сира осон тутиб бўлмайди. Чунки истаган пайтда мансаб ва бойлик эгаларининг ўзлари ҳам бош чангаллаб қолишлари мумкин. Қўлтиқдан тушган тарвуз дастурхондан эмас, охурдан жой олишини эса ёш бола ҳам билади.

* * *

Яқиндагина босар-тусарини билмаган одамни попуги пасайган ҳолда кўриш жуда ғалати туюларкан. Бирам юмшоқ, бирам мулойим… Қўли калта кишининг қўли фақат бошини қашишгагина етади, деганлари шу бўлса керак-да…

* * *

Тўй ва маросимлардаги дабдаба-ю асъаса борган сайин тенг­лашиб боряпти. Кейин эса… ўртадаги тафовут аввалгидан-да чуқурлашаётгани ҳам, афсуски, бор гап… Йўғон чўзилади, ингичка узилади, деганлари шу бўлса керак-да…

* * *

Эшакнинг кучи ҳалол-у, гўшти ҳаром. Лекин ҳаром-харишнинг фарқига бормай, паққос туширадиганлар ҳам борлигини унутмайлик. Қолаверса, фақат зарурат бўлганда йўқлаб, бошқа пайтда «итмисан, эшакмисан» демайдиганларнинг ўзи ким-у, ҳурмат-эҳтироми нима бўларди? Яхшиси, улардан нарироқ юрган маъқул.

Муҳаммад Зайниддин

Бошқа хабарлар