Вилоят ва туман ҳокимларининг ваколатларига ўзгаришлар киритилади

218

“Тараққиёт стратегияси” марказида 2018 йил Давлат дастури лойиҳасининг биринчи устувор йўналиши бўйича бўлиб ўтган йиғилишида Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқоти институти директори Р.Ҳакимов сўзга чиқиб, соҳада белгилаб қўйилган асосий вазифалар ҳамда кутилаётган ўзгаришлар борасида маълумот берди. Тадбирда иштирок этган KUN.UZ мухбири шу ҳақида хабар берди. 

1. Қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш бўйича концепция ишлаб чиқиш вазифаси белгиланмоқда. Мақсад – бугунги кунда қабул қилинаётган қонунларни оддий, содда, аниқ бир муаммо ечимига қаратилган бўлиши, энг илғор хорижий ютуқлар асосида қонунчиликни тубдан қайта кўриб чиқиш. Юридик техника тизимини ҳам қайта кўриб чиқиш ва тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга ўтишни кўзда тутувчи концепция ишлаб чиқиш;

2. Қонунчилик палатаси тиббиёт соҳасида назорат масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу борада яқинда қонунчилик палатасида доимий фаолият олиб борувчи махсус қўмита ҳам тузилди. Шу қўмитани жойларда мунтазам парламент назоратини амалга ошириш бўйича фаолиятини йўлга қўйишга доир алоҳида норматив ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг самарали ишлашини таъминлаш;

2. Маҳаллий кенгашлар фаолиятини янада жонлантириш. Бу борада маҳаллий вакиллик органи сифатида Сенатнинг уларга кўмаклашиш функциясини кучайтириш. Жойларда намунавий маҳаллий кенгашлар ташкил қилиш;

3. Жойлардаги халқ депутатлари кенгашларининг роли ва ваколатини кучайтириш. Ҳозирги кунда маҳаллий ҳокимликлар айни пайтда ҳам ижро этувчи, ҳам вакиллик органи раҳбари ҳисобланади, яъни кенгашларга ҳам ўзлари раҳбарлик қилади. Бу ўз навбатида уларнинг фаолиятини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилади. Шу боис жорий йилдаги Давлат дастури лойиҳасида ҳокимларнинг маҳаллий халқ депутатлари кенгашларига раҳбарлик қилиш ваколатини олиб ташлаш;

4. Халқ депутатлари кенгашлари томонидан жойлардаги ижро этувчи органлар фаолияти устидан депутатлик назоратини амалга оширишни кучайтириш имкониятига эътибор қаратиш;

5. Туман ҳокимликлари ваколатларини, масъулиятни кучайтириш мақсадида, уларга жойлардаги ижро этувчи ҳокимият идоралари мансабдор шахсларини ўзлари танлаш ва тайинлаш ҳуқуқини бериш каби жуда муҳим ўзгаришларни амалга ошириш;

6. Мамлакатда сиёсий фаолликни кучайтириш. Партиялар, сиёсий ташкилотлар ўртасидаги соғлом рақобат муҳитини яратиш;

7. Ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш. Айниқса, Вазирлар Маҳкамаси тузилмасини қайта кўриб чиқиш, оптималлаштириш, ҳар бир аъзонинг шахсий жавобгарлигини кучайтириш;

8. Омбудсманнинг қамоқни сақлаш жойларидаги фуқаролар ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича мониторингини юритиш ёки жазони ижро этиш муассасаларидан бўшатилган шахсларнинг ҳаёт тарзи, шароитлари мониторингини юритиш бўйича ваколатларини янада кенгайтириш.

Бошқа хабарлар