Маънавий камолот сари

386

Китоб — маънавий камолот кўзгуси, нурли истиқболни таъминловчи зиёдир. Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 26 йиллиги муносабати билан «Ishonch» ва «Ishonch-Доверие» газеталари таҳририяти ҳамда «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси касаба уюшма қўмитаси томонидан касаба уюшма аъзолари ўртасида миллий ҳамда жаҳон адабиётининг машҳур дурдона асарларини тарғиб қилиш, уларнинг билим салоҳиятини юксалтириш, китобга бўлган меҳрини янада ошириш мақсадида ташкил қилинган «Китобхон» викторинаси ҳам бу ҳақиқатни яна бир бор исботлади.

Викторинада юзлаб юртдошларимиз фаол иштирок этгани халқимизнинг китобга бўлган қизиқиши, меҳри қанчалик юқорилигини кўрсатди. Саволларга жавоб топиш билан бирга, жуда кўплаб юртдошларимиздан китобхонликни ривожлантиришга оид таклифлар, фикр-мулоҳазалар келиб тушди.
Кеча викторинанинг сўнгги босқичи ғолибларини тақдирлаш тадбири ўтказилди. Унда Президентимизнинг китоб маҳсулотларини нашр этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилишга оид йўл-йўриқлари юртимиз аҳлини беҳад суюнтиргани, кенг омма ўртасида китобхонлик маданиятини ривожлантиришнинг аниқ йўналиш ва тизими белгилаб берилгани алоҳида айтиб ўтилди.
— Информатика йўналишида таҳсил олсам ҳам адабиётга қизиқаман. Уйимизда мўъжазгина кутубхона бор. Китобхонлик, ўқиган асар бўйича савол-жавоб қилиш оиламизда одат тусига кирган, — дейди биринчи ўрин соҳибаси Раҳима Бобоева. — Викторина ҳақида газетанинг веб сайти, телеграм каналлари орқали хабар топиб, қатнашишни кўнглимга тугдим. Саволлар жуда яхши тузилган. Жавоб топиш жараёни ҳам қизиқ бўлди. Ҳатто ўқиган асарларимни ҳам бир бор варақлаб чиқдим. Масалан, Тоғай Муроднинг «Отамдан қолган далалар» асари каби бир қатор ўзбек ва жаҳон адабиётининг сара намуналарини қайта мутолаа қилишимга тўғри келди. Ҳақиқий китобхонликка даъват этувчи бу каби танловларнинг аҳамияти катта.
— Китоб барча замонларда халққа илм-маърифат улашишнинг қудратли қуроли бўлиб келган. У ҳар қандай ёшдаги инсонни комиллик сари етакловчи, унга чинакам сирдош ва дўст бўла олувчи воситадир, — деди «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси касаба уюшма қўмитаси раиси Ғуломжон Ҳакимов. — Шундай экан, халқимизга зиё улашиш, саодатга чорлаш, улар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш бизнинг асосий вазифамиздир. Ана шу эзгу мақсадни амалга оширишда бу каби танловларнинг, албатта, ўз ўрни бор.
Тадбирда ғолибларга таҳририят дип­ломи ва «Шарқ» НМАК касаба уюшма қўмитасининг китоблар тўпламидан иборат совғалари топширилди.

Салим АБДУРАҲМОНОВ,
«shоnch» мухбири.
Муаллиф олган суратлар

Бошқа хабарлар