Юбилейга тайёргарлик қизғин

358

Мамлакатимизда Ўзбекис­тон Рес­публикасининг Биринчи Президенти ­Ислом ­Каримов таваллудининг 80 йиллигини нишонлаш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилмоқда.

Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий ёдгорлик мажмуида бўлиб ўтган йиғилишда бу борада олиб борилаётган ишлар тўғрисида оммавий ахборот воситалари вакилларига маълумот берилди.

Айни пайтда тасдиқланган тадбирлар режасига биноан бутун мамлакатимиз бўйлаб ушбу қутлуғ санага қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Жумладан, Самарқандда Ислом Каримов хотирасига атаб бунёд этилаётган мақбара мажмуини ва Қарши шаҳрида Ислом ­Каримов ҳайкалининг очилиши тадбирларини ўтказиш режалаштирилган.
Шунингдек, Ўзбекистон Рес­публикаси Биринчи Президенти асарлари кўргазмаси, Биринчи Президентимиз ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳужжатли филм яратиш, Ислом Каримов фаолияти солномаси ҳақидаги китоб, ­«Ислом Каримов — мустақил Ўзбекис­тон асосчиси» китоб-албоми, у кишининг китобларини қайта нашр этиш мўлжалланмоқда. Самарқанд шаҳрида ­«Ислом ­Каримов — Ўзбекистон Респуб­ликаси давлат мустақиллигининг асосчиси» мавзуида халқаро илмий конференция ўтказилади.
Таълим муассасалари, ҳарбий қисмлар, меҳнат жамоалари ва маҳаллаларда Биринчи Президентимизнинг таваллуд кунига бағишланган хотира кечалари ва учрашувлар, маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказилиб, уларга таниқли олимлар, шоир ва ёзувчилар, маданият ва санъат намояндалари, Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, илғор тадбиркор ва фермерлар таклиф қилинади. Ёшлар ўртасида «Менинг Биринчи Президентим» шиори остида хотира акцияси уюштирилади.
Шу кунларда «Ислом ­Каримов хотирасига бағишланган энг яхши илмий-оммабоп мақола» танлови ғолибларини аниқлаш ишлари бормоқда. Алоҳида қайд этиш керакки, танловга ҳатто уй бекалари, оддий ишчилар, мактаб ўқувчилари ҳам ўз ижодий ишларини юборган. Бу Биринчи Президентимиз бутун халқимизнинг меҳр-муҳаббатига сазовор бўлганини кўрсатади.
Оқсарой қароргоҳида ташкил этилган Ислом Каримов номидаги илмий-маърифий мажмуа томонидан ҳам ушбу санага қизғин тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ерда музей, кутубхона, архив, экспомарказ – кўргазмалар зали ташкил этилмоқда. Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизими битирувчи ўқувчилари иштирокида Ислом Каримов стипендияси совриндорлари билан учрашувлар, суҳбатлар, очиқ машғулотлар ўтказиш бўйича режалар белгиланган.

А.ТАЙПАТОВ,
ЎзА мухбири

Бошқа хабарлар