Мунаввар келажак шабадалари

280

Қисқа вақт мобайнида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаб­буси ва раҳбарлигида шу қадар кўп тарихий воқеалар рўй бердики, улар мамлакатимизнинг яқин бир неча йил ичида жаҳоннинг тараққий этган давлатларига етиб олиши ва халқимизнинг янада фаровон яшашига катта ишонч уйғотди.

Олий Мажлисга йўлланган ва яқин келажакда амалга оширилиши лозим бўлган оламшумул ислоҳотлар ва режалар ўз ифодасини топган Мурожаатнома давлат аппаратини бошқариш ва ижро органларини истиқболли амалий ишларга сафарбар қилиш амалиётида янги раҳбарлик усули сифатида эътироф этилди. Наинки, ер ости ва ер усти бойликлари ўзига хизмат қила бош­лаган, халқининг ижодкорлик ва бунёдкорлик салоҳияти катта бўлган Ўзбекистон эндиликда жаҳоннинг пешқадам мамлакатлари қаторидан ўрин олишга ҳақлигина эмас, балки бунга эришиши шарт ҳамдир. Президентимиз ана шу ҳақиқатдан келиб чиққан ҳолда жамият олдига, халқ олдига аниқ амалий масалаларни ҳал қилиш вазифасини қўйди. Мамлакатимизни иқтисодий, ижтимоий ва маданий ривож­лантириш стратегияси марказида эса илм-фан масаласи туради.
Ҳеч кимга сир эмаски, ҳар бир жамиятнинг тараққиёт стратегияси кўплаб соҳа олимларининг тавсиялари асосида ишлаб чиқилган. Қайси жамият ва қайси даврда олимларнинг таҳлилий фикрлари ва илмий фаразлари эътиборга олинган бўлса, шу жамият ва шу даврда ўсиш ва тараққиёт мисли кўрилмаган даражада юқори бўлган. Давлатимиз раҳбарининг фикрича, янги тараққиёт босқичига чиқишнинг бирдан-бир калити, бу илм-фандир. Шунинг учун ҳам ­кейинги пайтларда илм-фанга, ўзбек фанининг бешиги — Ўзбекистон Фанлар академиясига алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Анчадан бери бўлмаган, аммо яқинда академияга бўлиб ўтган сайловлар бу фикрнинг ёрқин исботидир.
Шу сайловда академиянинг ҳақиқий аъзолигига сайланган олимлардан бири сифатида шуни айтишим мумкинки, «академик» унвони мен учун беҳад даражада катта масъулиятдир. Мен бу масъулиятнинг оғирлигини сўнгги йилларда Фанлар академиясида ташкил этилган янги илмий марказлар фаолияти билан танишган чоғларимда, айниқса, сездим.
2018 йил «Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили» деб эълон қилинди. Янги инновацион ғоялар ва технологиялар ҳақидаги тасаввуримиз равшанлик касб этиши учун биз, янги аъзоларни бир қанча илмий марказларга таклиф этишди. Шундай марказлардан бири Геномика ва биоинформатика марказидир. Бу марказ 2012 йили Фанлар академиясининг Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти қошидаги геномли технологиялар маркази негизида ташкил этилган. Бу марказда олиб борилаётган илмий изланишлар йўналиши билан танишишдан аввал Ўзбекистон бозорларида сотилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига назар ташласак.
Мана, помидор ва бодринглар, картошка ва саб­зилар билан тўла пештахталар… Мана, олма-ю ноклар, лимону мандаринлар… Мана бу ерда ғаллачилик маҳсулотлари… Мана бу ерда полизчилик… Афсуски, шаҳар бозорларини четдан келтирилган маҳсулотлар эгаллаб олган. Помидорни оғзингизга олсангиз, тишингиз ўтмайди — тошдек қаттиқ. Картошка ҳам ҳалигидек… Бунинг устига қиммат… Лимоннинг нордонлигини қаранг. Бир вақтлар овоза бўлган Фахритдиновнинг машҳур лимонлари қаерга кетган?..
Ўйлаб кўрсангиз, сўнгги йилларда тадбиркорлик ривожланиб, импорт-сабзоват, импорт-мевалар кўпайди-ю, Ўзбекистоннинг ўзида етиштирилган шириндан-ширин мевалар, озиқ-овқат маҳсулотлари камайиб, ҳатто йўқолиб ҳам кетди. Бозор — рақобат майдони. Кўпинча харидор молни ташқи кўринишига қараб танлайди. Шу сабаблими ёки бошқа сабабга кўрами, маҳаллий моллар бозорлардан сиқиб чиқарилди. Бундан ташқари, уруғ қарийди, уруғ ўлади…
Бояги марказ ана шу муаммони ўрганиш, маҳаллий қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг янги, иқлимнинг ножоиз қилиқларидан озор чекмайдиган, тез пишадиган, мўл ҳосил берадиган уруғларини, кўчатларини яратиш ишлари билан шуғулланмоқда. Бу ерда ишлаётган ёш йигит ва қизлар дунёнинг қиш­лоқ хўжалиги ривожланган мамлакатларида таҳсил олиб келишган. Улар ҳар бир ўсимликнинг ген хусусиятларини ўрганиш жараёнида салбий жараёнларга қарши ген-зарба (ген-нокаут) бериш, ижобий хусусиятларни эса ўстириш илмини эгаллаган. Улар бошлаган тажрибалар ҳозирнинг ўзидаёқ дастлабки самараларни бермоқда.

Республикамизда янги ташкил этилган бундай марказларда олиб борилаётган илмий изланишлар туфайли нафақат қишлоқ хўжалиги, балки саноати, техникаси ва бошқа соҳаларнинг ҳам камол топиши, шубҳасиздир.
Ўзбекистон илм-фани, иқтисодиёти ва саноатида кечаётган жараёнлар, уларга кириб келаётган янги инновацион ғоя­лар ва технологияларнинг порлоқ истиқболини кўз олдимга келтирар эканман, ўзбек маданиятининг ҳам ана шу тараққиёт карвонидан ортда қолмаслиги ҳақида мушоҳадага берилдим. Ўзбек адабиёти ва санъати ХХ асрда бир қанча буюк ёзувчиларни, театр, кино, музика ва тасвирий санъат арбобларини етиштириб берди. Замонавий ўзбек адабиёти намояндалари мумтоз устозлари ўқиса, уялмайдиган, ҳатто уларга ҳам манзур бўладиган асарларни яратиб, миллий адабиётимизни жаҳон адабиёти тажрибалари билан, тур ва жанрлари билан бойитдилар. ХХ асрда профессионал ўзбек киноси, театри, реалистик тасвирий санъати туғилди. Мумтоз ўзбек музикаси янги замонавий мусиқий ғоялар ва мавзулар билан бойиди. Бу адабиёт ва санъат жаҳон адабиёти ва санъати ютуқларидан баҳраманд бўлган ҳолда, миллий ўзанда ривожланишда давом этиши учун адабиётшунослик, тилшунослик, санъатшунослик сингари фанлар ҳам ривожланиши, бу фанларга ҳам янги ғоялар кириб келиши зарур.
Назаримда, ижтимоий-гуманитар фанлар олдида турган муҳим вазифалардан бири, аввало, шу вақтга қадар яратилган маданий меросни тўплаб, нашр этиш ва тадқиқ этишдир. Ўзбек фолклоршунослари бу ишни аллақачон бошлаб, 100 жилдлик «Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари» антологиясини нашр этишга киришганлар. Адабиётшунослар ҳам 100 жилдлик «Ўзбек мумтоз ва замонавий адабиёти дурдоналари»ни яратиш устида ишламоқдалар. Худди шундай ёки шу йўналишдаги ишлар кино, театр, музика ва тасвирий санъат бўйи­­ча ҳам амалга оширилса, ўзбек халқининг жаҳон маданияти хазинасига қўшган ҳиссаси моддий кўриниш олган ва биздан авлодларга қолдирилажак том маънодаги маданий мерос бўлур эди.
Бундай мероснинг яратилиши унинг мутахассислар томонидан ўрганилиши, тадқиқ этилиши ва айримлари асосида янги санъат асарларининг майдонга келишига имконият берган бўларди.
Мустақиллик даври тарихининг янги босқичида халқимизнинг характери ҳам, дунёқараши ҳам, жамият ҳаётидаги ўрни ҳам ўзгариб бормоқда. Бу халқ яқин йиллар мобайнида маданий қиёфаси ва феъл-атвори билан ҳам бошқа халқлардан ажралиб туражак. Халқимизнинг шундай даражага эришиши учун, аввало, ёш авлод тарбиясига алоҳида эътибор бериш тақозо этилади.
Ҳар бир жамият ёш авлодни юксак идеаллар асосида тарбиялашни лозим деб билади. Аммо ҳамма гап шу идеалнинг қандайлигида. Шукрки, мустақиллик йилларида Ўзбекистонда Амир Темур, Мирзо Улуғбек, Жалолиддин Мангуберди сингари давлат арбоблари ва саркардалар, Беруний, Фарғоний, Нақшбанд сингари дунёвий ва диний тафаккур дарғаларига ҳайкаллар ўрнатилди. Уларга бағишланган адабиёт ва санъат асарлари яратилди. Улар ёш авлодлар учун идеал шахслар, идеал қаҳрамонлар бўлиб хизмат қилиши мумкин. Ўйлаймизки, ёшлар яқин йиллар ичида Беҳбудий, Мунаввар қори сингари жадид­лар, Абдулла Қодирий, Фитрат, Чўлпон, Ойбек сингари адиблар, Маннон Уйғур, Қори Ёқубов, Аброр Ҳидоятов сингари санъаткорлар, Ҳабиб Абдуллаев сингари олимлардан ибрат олишга, улар бошлаган улуғвор ишларни давом эттиришга интиладилар. Уларнинг бу каби машҳур фидойи сиймоларни кашф этиш­ларида адабиёт ва санъат намояндалари ёрдамга келиши шарт ва бу уларнинг фуқаролик бурчи ҳамдир.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев Янги йил табригида айтганидек, «Биз буюк келажагимизни айнан мана шундай юксак мақсад ва ғоялар асосида барпо этамиз… Шу маънода 2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор».

Наим КАРИМОВ,
Ўз ФА академиги

Бошқа хабарлар