Сизлар билан фахрланамиз!

492

Ватан ҳимоячилари куни яқинлашиши билан телеканаллар орқали мен ёқтирган «Аскар» филми намойиши ­бошланади. Биринчи бор уни томоша қилганимда жуда кичкина эдим.

Ўша кезларда кинода аскарлар томонидан бажариладиган машқлар мени буткул ўзига маҳлиё қилганди. Ростини айтсам, улар билан баравар ҳаракатланардим ҳам. Бир марта эҳтиётсизлигим туфайли пешонамни ғурра қилиб олганим ёдимда. Онам роса койиганди. Шунга қарамай, мен севган машқларим билан шуғулланишдан қайтмасдим. Дадам эса «аскар қизим» деб эркаларди. Чақирса, қўлимни аскарларникига ўхшатиб чаккамга тираб, «лаб­бай, командир», «хўп бўлади, командир», дейишдан чарчамасдим.

Бу қизиқишларим ортидан кўкарган дарахтларнинг шохлари ҳам қолмасди. Каскалари ва устларига кийиб оладиган, ер рангига кириб олиш учун тикилган махсус кийимлари бор-ку, ўшаларни дарахтлардан қилиб олишган деган болаларча хаёл билан мен ҳам новдаларга бурканиб олардим. Бундай «аскарлик» машқларим бир неча йил давом этган.
Август ойида бир дўстимнинг қасамё­дига бордим. Ҳа, оддий аскар Йўлчиев, омонмисиз, деб сўрашдим (буни ўша филм­даги генерал амакидан ўрганиб олганман). У билан суҳбатлашиб кетарканмиз, ҳимоячиларнинг чиниқиш майдонига бориб қолибмиз. Кенг майдон. Атроф кинодагидек машқ қилиш анжомлари-ю жиҳозларига тўла. Бир зум «аскарлик кезларим»га қайтдим. Қани энди қулай ­кийимда бўлсаму, ҳаммасидан фойдаланиб кўрсам, деган хаёл ҳам ўтди. У ерда баҳайбат ва оғир танкдан бошлаб, тагидан суд­ралиб ўтиш учун мўлжалланган баллонларгача бор эди.
Қасамёд бошланди. Аскарлар ипга терилган маржон шодаларидек бир хил кийимда «Қора кўз бўй-бўй»ни айтиб сафланди. Бир аскар ўртага чиқди-да, қасамёдни ўқий бошлади. Сўнг ортига қайтиб қўлидаги автоматни ўйнатганча жойига турди. Шу тариқа давом этган бу «жонли кино» менга катта завқ берди. Жуссам кичик бўлганлиги сабабли одамлар орасидан олдинга ўтиб олдим. Бир пайт ортимда турган ота-­оналар, ака-­укалар, қизларнинг гап-сўзлари диққатимни тортди. «Ана, дадангни кўрдингми, ўғлим, сен ҳам катта бўлсанг аскар бўласанми?» — дерди ёнимдаги каттагина болани кўтариб олган аёл. Сал нарироқда бир қиз: «Фалончи акам ҳам аскар бўлди. Дадам энди тўйимизга рози бўлади, ўртоқ», — дея дугонасини туртарди. Ватан посбонлари эса бор овози билан қасамёд қабул қилишда давом этардилар. Шу пайт бирдан менинг ҳам ўртага чиқиб, баралла Ватанимга хизмат қиламан, деб ҳайқиргим келди.
Маросим якунига етиб, ортга қайтар эканман, машқ майдонини яна бир кўргим келди. Кенг майдонни қайтадан кўздан кечирдим. Бу сафар, негадир, юрагим денгиз тўлқинидай ҳапқириб кетди. Нега бундай бўлди, ҳанузгача аниқ жавоб топа олмадим. Балки болалик хотираларим билан овора бўлиб қолгандирман, яна билмадим.
Бу воқеадан ўзимча, мард ҳимоячиларимиз сарҳадларни қўриқлар экан, ғанимлар юртимиз ерларига ёмон ният билан кириб келиш у ёқда турсин, ҳатто ғараз ният билан қарашга ҳам ботина олишмайди, деган хулоса чиқардим. Шунинг учун бир менинг эмас, бутун Ўзбекис­тон аҳлининг юраги текис ва тинч урмоқда.

Хуршидахон АЪЗАМЖОНОВА,
Андижон давлат
университети талабаси

Бошқа хабарлар