Атрофлича тушунча берилди

536

Тошкент давлат юридик университети ҳузуридаги академик лицейда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзолари томонидан Президентимиз ­Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида илгари сурилган долзарб масалаларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб қилишга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, академик Акмал Саидов ва «Ижтимоий фикр» жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази директори, академик Раъно Убайдуллаева ўқувчиларга юртимизда амалга оширилаётган туб ислоҳотлар, сиёсий жараёнлар ва ёшларга берилаётган кенг имкониятлар хусусида атрофлича тушунча ҳамда турли масалалар бўйича қимматли маслаҳатлар беришди. Президентимизнинг Мурожаатномаси мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Тадбир ўқувчи ёшлар ўртасида ўзаро билим алмашиш, ўз конституциявий ҳуқуқларини яхши тушуниб етиш, фаол бўлиш ҳамда мустақил фикрлашга ундовчи баҳс-мунозара тарзида ўтказилди.
— Бугунги учрашув ўқувчиларимиз ­дунёқараши кенгайиши, ҳуқуқий саводхонлиги ошишига хизмат қилади, — дейди ҳуқуқ ва махсус фанлар кафедраси мудири Феруза Лутфуллаева. — Ўқувчилар учун Ички ишлар академияси ҳамда Тошкент давлат юридик университетида очиқ эшиклар куни ташкил этилган. Лицейимизда «Устоз-шогирд» анъаналари яхши йўлга қўйилган. Академикларимиз таъкидлашганидек, фақат яхши ният, шахдам қадамлар билан олға интилиш керак! Лицейимизда таълим олаётган 400 нафар ўқувчи келажакда Ватанимизнинг ҳақиқий тиргак­лари бўлишига ишонамиз.
— Тадбирда ўртоқларим билан энг долзарб муаммолардан бири — Орол денгизи мавзусига бағишланган саҳна кўринишини ижро этдик, — дейди лицейнинг 2-босқич ўқувчиси Мирсардор Чориев. — Халқ қабулхоналари ташкил этилганлиги, кўплаб муаммолар ечим топаётгани, эзгу ишлар рўёбидан жуда хурсанд­миз.
Ўтган йили декабр ойида Сергели туманида ўтказилган «Китобхонлик» танловида ижтимоий фанлар бўйича ғолиб бўлдим. Яратилган имкониятлардан кенг фойдаланиб, юртимизнинг муносиб фарзанди бўлишга ҳаракат қиламиз.
Ўқувчилар томонидан ижро этилган саҳналаштирилган томоша тадбирга файз бағиш­лади.

Комила БОЙМУРОДОВА,
«Ishonch» мухбири

Бошқа хабарлар